Биринчидан, ушбу мезон бўлажак даромадлар, харажатлар, пул маблағлари ва уларга боғлиқ таваккалчиликларга асосланган.
Иккинчидан, ҳамма компаниялар ҳам молиявий таҳлилчилар томонидан бир хил тушуниладиган бозор қийматига эга эмас, хусусан агар компания ативлари биржада котировкаланмаса, унинг бозор қийматини аниқлаш қийинчилик туғдиради (бу Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорининг ҳозирги ривожланишига ҳос).
Учинчидан, мазкур мезон алоҳида ҳолларда амал қилмаслиги мумкин. Хусусан, яккабошчиликка асосланган ёки кам сонли мулкдорлар томонидан бошқариладиган компанияларда бундай ҳол кузатилади, яъни улар узоқ келажакда ўта юқори дивидентлар олиш ниятида капитални юқори таваккалчиликга эга лойиҳаларга йўналтирадилар. Бундай компаниялар томонидан амалга оширилдиган хатти-харакатлар уларнинг инвестициявий фаолиятига хос таваккалчилик туфайли маълум даражада акциялар қийматини пасайтириши мумкин.
Тўртинчидан,агар компания олдига ўз мулкдорлари учун энг юқори фойда олишдан бошқа вазифалар қўйилса, мазкур тоифа амал қилмайди. Масалан, хайрия фаолияти ва бошқа ижтимоий мақсадлар устуворлик қилади.
Бешинчидан,корпорация “фиктив капитали”нинг ўсишига ошкоралик, обрў, нуфуз, имидж, рақобатбардошлик, стратегиянинг мослиги ва ҳ.к.лар муайян таъсир кўрсатади. Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, ушбу тушунчалар компаниянинг бозордаги муваффақияти учун муайян қийматга эга бўлиб, унинг бозор қийматини ошириш имконини беради.
Корпорацияни бошқаришнинг кўпроқ асосланган ва устувор мезонларидан бири компания акциялари бозор қийматини максималлаштиришдадир. Капитал бозорида ҳеч қандай чекловлар бўлмаса ва қимматли қоғозлар нархини белгилашда бирорта камситиш кузатилмасагина, ушбу мезондан фойдаланиш мумкин, яъни бу ёрда “талаб-таклиф” тамойили тўлиқ амал қилади.
Шундай қилиб, қуйидаги алгоритм намоён бўлади:
Корпоратив мақсад- Корпоратив стратегияларни баҳолаш- Корпоратив стратегияларни молиявий таъминлашнинг усул ва мезонларини аниқлаш- Корпоратив бошқарувнинг молиявий механизмидан фойдаланиш- Кўпроқ самарали молиявий дастаклар ва усулларни танлаш.
“Акциядорлар бойлигини максималлаштириш” назариясидан келиб чиқилса, акциядорлар даромадларининг ўсишига эришиш асосий корпоратив стратегия ва корпоратив бошқарув самарадорлигини баҳолаш мезони сифатида қаралмоғи лозим, унда корпоратив бошқарувнинг молиявий механизмини мазкур стратегияни молиявий таъминлаш нуқтайи назаридан кўриш мумкин.
Корпоратив стратегияларни таъминлашнинг молиявий дастаклари ва усулларининг тўплами бир-биридан фарқ қилади. Чунончи, узоқ муддатли стратегияларни амалга оширишда, яъни молиявий ресурсларга эҳтиёж белгиланиб, пул оқимлари режаси тузилганда, қуйидагиларни аниқлаш лозим:
Ўз ва қарз капитали нисбатини. Бунда корхонанинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган молиявий сиёсатига жамғариш фондини кенгайтириш киритилиши ва бунда асосий урғу ўз-ўзини молиялаштиришга берилиши керак. Ўз-ўзини молиялаштириш ушбу фондларга йўналтириладиган соф фойда улушини белгилаш орқали амалга оширилади.Бундан ташқари, узоқ муддатли стратегияларнинг молиявий таъминоти усуллари рўйхатига вақтинча бўш маблағларни уларни инфляциядан сақлаш ҳамда кўпайтириш мақсадида молия бозорларида жойлаштириш ҳам киритилиши керак. Бунинг учун молиявий воситачилар таркибини белгилаш зарур, бу таркиб вақтинча бўш маблағларни жойлаштириш таваккалчилиги минимал бўлиши учун етарлича диверсификацияланиши даркор.
Агар молиявий ресурслар манбаси сифатида инвестиция лойиҳасини кредитлаш қабул қилинган бўлса, у ҳолда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун очиладиган ва кредитни қоплашни кўзда тутадиган узоқ муддатли кредит линияси тўғрисида битим тузиш лозим.
Кредитни қоплаш тамойиллари корхонанинг молиявий аҳволини, пул маблағларининг жорий ва истиқболдаги қийматини, кредитни қоплаш шартларини қайта кўриб чиқиш имконияти ҳисобига олиниши керак.
Агар молиялаштиришни акция ва облигацияларни қимматли қоғозлар бозорида жойлаштириш ҳисобига амалга ошириш кўзда тутилаётган бўлса , у ҳолда инвесторлар доирасини ва корпорация обрўсини ошириш учун реклама компанияси бюджетининг энг юқори даражасини аниқлаш талаб этилади.
Акциядорлар жамиятлари учун стратегиялар молиявий тусга эга бўлиши ва акциядорлар курс қийматининг ошишида ифодаланиши мумкин. Бу ҳолда молиявий дастаклар қаторига фойда ва дивидентлар киритилади, дивидентлар ҳамда соф фойда миқдорининг ўсишини таъминлашнинг молиявий усуллари эса чиқимларни камайтириш ва ишлаб чиқариш рентабеллигини ошириш бўйича тадбирлардир.
Агар корпоратив стратегия янги жиҳозларни сотиб олишдан иборат бўлса, молиявий таъминот усуллари қаторига узоқ ва ўрта муддатли молиялаштириш усули сифатида лизингни киритиш мумкин.