Тўртинчи. Жаҳон миқёсидаги умумий тараққиёт, одамлар дунёқарашининг ўзгариши, коммуникациялар юксалиши, халқаро муносабатларнинг ривожланиши ва унинг одамзод ҳаётига таъсири давлатлар ва халқлар ўртасида ўзаро бирлашишга интилишни кучайтирмоқда. Айни вақтда миллий хусусиятлар ва анъаналарни, сиёсий ва маънавий меросни сақлаб қолиш тамойиллари ҳам яққол сезилмоқда.
Турли давлатлараро ва ҳукуматга даҳли бўлмаган халқаро ташкилотларнинг аҳамияти ошмоқда. Ва, айни замонда, дунё янги тизимга ўтиши даврида уларнинг фаолиятини қайта кўриш ва ислоҳ этиш зарурати туғилмоқда. Чунки, кўпчилик халқаро ташкилотлар дунёда икки тизим ва уларнинг рақобати мавжуд даврда тузилган эди. Бу ташкилотларнинг фаолиятлари кўпроқ уларнинг ўзаро мувозанати ва муросасини таъминлашга қаратилган эди.
Бугунги аҳвол халқаро ташкилотлардан энг йирик муаммоларга аҳамият беришни ва биринчи навбатда, барчага нисбатан одилона ва холисона муносабатда бўлишни талаб этади.
Бугун башарият тақдирида инсон ва жамиятни озод этишнинг янги босқичи, ялпи янгиланишлар жараёни амал қила бошлаганлигини гувоҳи бўлиш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда ер юзининг турли минтақаларида миллий-озодлик ва мустақиллик учун кураш кенгайиб бораётганлигини тарихий зарурият сифатида, объектив ҳолат деб қараш мумкин. Мазлум халқларнинг эрк учун кураши асримизнинг ўзига хос ғоясига айланди. Ўзга давлатларга тобе бўлиб келган кўплаб мамлакатлар бирин-кетин мустақилликка эриша бошлади.
Бу жараён эса, шубҳасиз, ХХ асрнинг энг асосий, энг муҳим ижтимоий-сиёсий тамойили сифатида ажралиб турди.
Ўтмиш тарихга назар солсак, мавжуд чегараларни ўзгартириш, муайян ҳудудларни босиб олиш учун сон-саноқсиз урушлар бўлганлигини ва бу урушлар жараёнида қурол-яроғлар ҳам мунтазам такомиллашиб борганлиги гувоҳи бўламиз. Мазкур урушлар ХХ асргача кўпроқ бир давлат ичида, икки давлат ўртасида ёки нари борганда бир минтақа доирасида бўлиши мумкин эди. Тўғри, айтайлик, Александр Македонский, Чингизхоннинг улкан давлат барпо этиш ёки ўрта асрлардан бошлаб европалик истилочиларнинг бошқа қитъаларни забт этиш учун олиб борган урушлари кўлами жиҳатидан бир-биридан ажралиб туради. Аммо бундай ҳолатлар истисно ҳодисалар сифатида баҳоланмоғи керакка ўхшайди. ХХ асрда рўй берган иккита жаҳон урушида ўнлаб давлатлар, бир неча қитъа мамлакатлари иштирок этганлигини эсласак, бундай хулоса муайян даражада ўринли эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Хуллас, уруш қуроллари такомиллашиб бораверади. Бугунги кунда инсоният қўлида мавжуд бўлган қурол-яроғлар бутун Ер сайёрасини яксон қилишга етади. Ҳозирги замондаги энг катта хавф-инсонларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун узлуксиз давом этаётган мафкуравий курашдир. Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, эндиликда ядро майдонларида эмас, мафкура майдонларида бўлаётган курашлар кўп нарсани ҳал қилади10.
Ҳозирги даврда ғоявий-мафкуравий курашлар ер юзини, барча минтақа ва мамлакатларни қамраб олмоқда. Бугун бу жараёнлардан бирор киши ёки мамлакат четда қолмаяпти. Айниқса, диний экстремизм, фундаментализм ёки прозелитизм ва бошқа эгоцентризмга асосланган ахлоқсизлик ғояларини кишилар онгига сингдиришдан иборат мафкуравий тажовузлар минтақавий ва умумбашарий муаммо даражасига чиқиб, унга қарши курашнинг халқаро институционал тизимини шакллантириш тақозо қилинмоқда. Бундай шароитда, жамиятни ташкил қилган синфлар, ижтимоий қатламларнинг манфаат ва мақсадларини уйғунлаштирувчи имкониятларни глобал миқёсда аниқлаш зарурияти вужудга келади.
Хусусан, алоқа воситаларининг ривожланиши, уларнинг компьютерлаштирилиши, электрон почта, интернет, космик телерадиоалоқа тизимларининг техник-технологик воситалари кучайиб кетиши билан ахборот алмашув, бинобарин ғоявий таъсир ўтказиш имкониятлари ҳам тобора кенгаймоқда.
Ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг глобаллашувида бир-биридан тубдан фарқ қиладиган икки йўналиш, тенденция намоён бўлмоқда. Биринчидан, инсоният цивилизацияси тарихида эришган ҳар қандай моддий ва маънавий қадриятларнинг умуминсоний жиҳатлари тарихий макон доирасидан чиқиб байналминаллашиб, универсаллашиб бормоқда. Бошқача айтганда, миллийлик ва умуминсонийлик тамойилининг интеграциялашув жараёни кечмоқда. Иккинчидан, миллатлар ва давлатларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий-маданий ривожланишидаги беқарорлик, улар манфаатларидаги ўзига хосликни мутлақлаштириш инсониятга, шу жумладан, ўз миллатининг келажагига хавф туғдирадиган салбий ҳодисаларнинг мафкуралашган ҳолда глобаллашувига олиб келмоқда. Бу халқаро терроризм, экстремизм, фундаментализм ва наркобизнес ҳодисаларида намоён бўлмоқда. Бирон–бир ҳудуд ёки мамлакатда пайдо бўлаётган ғоялар тез фурсатда бутун жаҳонга ёйилмоқда. «Агарки башарият тарихини, унинг тафаккур ривожини тадрижий равишда кўздан кечирадиган бўлсак, ҳаётда инсонни камолотга, юксак марраларга чорлайдиган эзгу гоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш мавжуд бўлиб келганини ва бу кураш бугун ҳам давом этаётганини кўрамиз».11 Натижада одамзод маълум бир давлатлар ва сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қиладиган, олис-яқин манбалардан тарқаладиган, турли мафкуравий марказларнинг босимини доимий равишда сезиб бормоқда. Муайян ғояни илгари сурувчи, тарғибот ва ташвиқотнинг турли усул, воситалари орқали одамлар онги, руҳиятига таъсир этувчи кишилар уюшмаси, ташкилот ёки муассасалари асосида ташкил этилган мафкуравий марказлар фаволияти ғоявий-мафкуравий зиддиятлар жараёнида янада кескинлашади. Ўзининг характери, мақсадига қараб маълум партия, гуруҳ, кишилар уюшмаси ёки давлат мафкуравий марказ ядросини ташкил этиши мумкин. Уларнинг ўз ҳаракат дастури, мафкурани тарғиб қилиш воситалари, усулларига эга бўлиб, унда муайян ғояга ишонтириш, уюштириш, сафарбар этиш, маънавий-руҳий рағбатлантириш, ғоявий тарбиялаш, мафкуравий иммунитетни сақлаш кабилар муҳим ўрин тутади. Шунингдек улар ўз фаолиятларини яширин ва ошкора йўл билан амалга оширадилар. Жаҳон тажрибасидан шу нарса маълумки, айрим мафкура марказлари, масалан, фашизм ўз мақсадларини ошкора эълон қилиб, зўравонлик йўли билан сингдирган. Мафкурани яширин йўл билан тарғиб қилишда вайрон қилувчи ғоя ўзининг сохта жозибаси, алдов ва макр билан омма онгини заҳарлаб, жамиятда ҳукмрон мавқени эгаллаб олишига алоҳида эътибор берилган.
Бу жараённинг энг муҳим хусусиятларидан бири – турли мамлакатларни мафкуравий забт этиш ғоят катта иқтисодий манфаатлар билан чирмашиб кетганидир.
Агар тарих саҳифаларига кўз ташлайдиган бўлсак, кучли давлатлар заиф мамлакатларни очиқдан-очиқ босиб олиб, уларга ўз ҳукмини ўтказган бўлса, ХХ аср охирига келиб, бундай сиёсат янги бир шакл касб этди. Ҳозирги вақтда қудратли давлатлар ва муайян сиёсий марказлар ўз мақсадларига эришиш учун ўз таъсир доирасига олмоқчи бўлган мамлакатларнинг аҳолиси онгини ўзига қарам қилишга интилиш кучаймоқда.
Бугун дунё тараққиёти шу даражага етдики, энди мафкуравий кураш, маънавий салоҳият етакчи ўринга чиқди. Президентимиз И.Каримов таъкидлаганидек: «Ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг геополитик, иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасида чуқур ўзгаришлар рўй бераётган, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, барчамизга аёнки, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда».12 Демак, энди қурол-яроқлар эмас, балки «фикрга қарши фақат фикр, ғояга қарши фақат ғоя» билан курашиб, олға бориш мумкин. Кимнинг мафкураси, миллий ғояси кучли бўлса, ўша енгиб чиқади.
Мафкуравий кураш бир жамият, мамлакат ичида ҳам, халқаро ва давлатлараро миқёсда ҳам давом этмоқда.
Ҳозирги вақтда мафкуравий воситалар орқали ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётган сиёсий кучлар ва ҳаракатлар тобора кучайиб бормоқда. Муайян миллат, жамият, давлатнинг тинчлиги ва барқарорлигига қарши қаратилган, сиёсий ва конституцион тизимни заифлаштириш ва бузишга йўналтирилган, фуқаро ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи мафкуравий тажовузлар кескинлашмоқда. Бундай тажовузга қўл ураётган ёвуз кучлар ўз жирканч мақсадларига эришиш учун ҳар қандай усуллардан, одамларнинг диний, миллий ҳиссиётлари, ҳаётда мавжуд бўлган ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларидан, шунингдек, замонавий техника, телекоммуникация воситаларидан усталик билан фойдаланишга ҳаракат қиладилар. “Шуни унутмаслик керакки, - дейди Президентимиз И.Каримов, бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, - бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина ха-бар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин”.13 Бугунги кунда уларнинг аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса ёшларнинг онги ва қалбини эгаллашга интилаётгани, яъни диний экстремизм, сохта демократия каби бузғунчи ғояларни ёки “оммавий маданият” кўринишидаги ахлоқсизлик ғояларини сингдириш каби ғаразли мақсадлари халққа аён бўлиб бормоқда.
Ахлоқсизлик ғояларини тарғиб этишда машҳур бўлган Фаранг ёзувчиси Маркиз де Сад мафкура орқали мамлакатларни қарам қилиш ҳақида шундай дейди: «Биз бутун дунёни эгалламоғимиз учун бундан буён катта муҳорабаларда қатнашишимиз, жанги жадаллар юритиб, дунёнинг қарийиб узоқ ўлкаларида фаранг аскари ҳалок бўлишию, унинг жасади ва этиклари чириб битиши мутлақо шарт эмас. Агар биз бошқа мамлакатларга, хусусан, Шарққа ахлоқимизни (тўғрироғи, ахлоқсизликларни. Чунки Сад асарлари асосан ахлоқсизликка йўналтирилган) меникидай китоблар ва бошқа йўллар билан тарқата олсак, уни ўша халқларнинг турмуш тарзига айлантира билсак, жумлаи жаҳон оёғимиз остига юкиниб келади, бутун одамзоднинг қалбига эгалик қилишга муваффақ бўламиз...»14. Ахлоқсиз ғояларни тарғиб этувчи асарлар ёзишда шуҳрат қозонган Фаранг ёзувчисининг юқоридаги фикри тарихда ўз исботини топган. Ўзбек ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг «Хумоюн ва Акбар» асарини ўқиганимизда, ғоялар ва мафкуралар курашининг ёрқин гувоҳи бўламиз. Айниқса, Бобурийлар авлодидан бўлган Акбаршоҳ замонида инсонпарвар, эркин дин эътиқоди, умуминсоний ғоялар билан миллий бузғунчилик, диний низолар, парокандалик келтириб чиқарувчи ғоялар ўртасидаги кескин курашда фаранг жосуси Альберт Перейронинг Акбарнинг ўғли Салимга фаранг тилини ўргатиш, денгиз саёҳати, денгизчилик ҳақида илм ўргатиш баҳонасида ўзининг ахлоқсиз ғояларини, яъни Салимга отасидан яширинча аёлларнинг беҳаё суратларини кўрсатиб тарбиясини бузиш, отасига душман қилиб тарбиялаш ва ниҳоят ота-бола ўртасида нифоқ келтириб чиқариб, бу сулоланинг илдизига болта уруш ғоясини обдон сингдириб борди. Натижада Акбар олиб борган сиёсатда, мамлакат тараққиётида, турли дину-миллатларнинг тотувлигига эришишда анча қийинчиликлар туғилди. Бу қийинчиликларни юзага келтиришда вайронкор ғоя билан онги заҳарланган Акбарнинг ўғли Салимнинг таъсири катта бўлди. Бундан кўриниб турибдики, қурол-яроғ билан эмас, балки мафкуравий таъсир йўли билан инсон қалбини эгаллаш ва унинг тафаккурини муте қилиш мумкин экан.
Ҳозирги вақтда мафкуравий воситалар орқали ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётган сиёсий кучлар ва ҳаракатлар сирасига тажовузкор миллатчилик ва шовинизм, неофошизм ва фундаментализм, рассизм ва диний экстремизм, неокоммунизм каби ғояларни киритишимиз мумкин. «Расизм» сўзи «раса» (ирқ) атамасидан келиб чиққан. Бу атама 17 асрдан бошлаб Европада «инсоният насли»ни турли ирқий гуруҳлар, жумладан «оқ», «қора» ва «сариқ» ирққа ажратиш учун қўллана бошлади. Ирқчилик таълимоти «оқ танли»ларнинг афзаллиги, уларнинг азалдан «олий ирқ» этиб танлангани, бошқа ирқларнинг эса «оқ»ларга қараганда номукаммал яратилганлиги ва ҳамиша тараққиётнинг қуйи поғоналарида туришини «асослаб» беради. Унинг асосий ғояси ўзининг «илоҳий» табиатига кўра «оқ» ирқларни «қуйи» ирқлар устидан ҳукмрон қилишга даъват этишга қаратилган эди. Ирқчилик миллий мансублиги ва терисининг рангига кўра ажралиб турувчи кишиларга тайзиқ ўтказиш, уларни ҳақоратлаш, уриш ва ўлдириш каби ҳаракат-ҳодисаларда яққол намоён бўлди. Ижтимоий ҳукмронлик шаклларидан бирининг мафкураси бўлар экан, у буюк давлатчилик, ашаддий шовинизм, «танланган» халқларнинг миллий афзаллиги ғоялари билан чамбарчас боғланиб кетди.
Шовинизм (Наполеон I босқинчилик сиёсатининг мухлиси, француз аскари Н.Шовен номидан) – бошқа миллатларни менсимасликни ва ўз миллатининг уларга нисбатан устунлигини асослашга қаратилган ғоявий-назарий қарашлар тизими ва амалиёти. Тарихи узоқ бўлсада, бу атама XIX асрнинг 30-йилларида Францияда пайдо бўлди. Моҳиятан шовинизм миллатчиликнинг ўзига хос шакли бўлиб, бошқа миллатларнинг жаҳон тарихида тутган ўрни, бугунги кунда кишилик жамияти ривожини таъминлашдаги мавқеи, маънавий-маданий ҳаётининг ўзига хос томонларини менсимасликка интилишда кўзга ташланади. Шунингдек, айрим йирик давлатларнинг аҳолисининг сони жиҳатдан кўп миллатларнинг атрофдаги мамлакатлар, уларнинг аҳолиси билан ўз муносабатларини устунлик ва мумтозлик нуқтаи назаридан амалга оширишга интилишларини тушунамиз. Бундай ғоя кўп маротаба катта тўқнашувларга, қонли урушлар ва можароларга олиб келганлиги тарихдан маълум. Буюк давлатчилик шовинизми агрессив миллатчилик ғояси билан боғлиқ бўлиб, бутун-бутун халқлар ўртасида ишончсизлик ва шубҳа туғдирган, авлоддан авлодга ўтиб келган. «Миллатчилик» ғояси деганда, бир миллатни иккинчи миллатдан устун қўйишга асосланган ғояни тушунамиз.
Бугунги кунда ҳам сайёрамизда катта сиёсатга интилаётган бошқа халқларни камситиш ва чеклаш асосида ўз халқига фаровон ҳаёт яратиб беришга ва шу ҳолатни сақлаб туришга ҳаракат қилаётган кучлар йўқ эмас.
Тараққиётга нисбатан хавф-хатар солиб турган буюк давлатчилик шовинизми ғояси Президент И.Каримовнинг «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида қуйидагича таъкидлаб ўтилади: «Буюк давлатчилик шовинизми ва агрессив миллатчилик муайян кучлар ва давлатлар томонидан бўладиган сиёсий, мафкуравий ва иқтисодий ҳукмронлик деб ёки миллатлараро ва давлатлараро, минтақавий муносабатларда унга интилиш деб таърифлаш мумкин.
Шовинизм баъзи кўп сонли миллатларнинг нафақат кўп сонли империя доирасида, балки уни ўраб турган жуғрофий-сиёсий маконда ҳам ўзининг мутлақ ҳукмронлигини ўрнатиш учун курашида намоён бўлади.
Буюк давлатчилик шовинизми бошқа миллатлар ва мамлакатлар билан ўзаро маданиятли ҳамкорлик қилишга тайёр эмасликдан келиб чиқади»15.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда буюк давлатлар мақомига эга бўлган айрим мамлкатлар кўпгина минтақаларни ўзларининг «ҳаётий манфаатлари» ҳудуди сифатида босиб олиб, узоқ вақт мустамлакачлик сиёсати юргизганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Айнан босиб олинган ҳудудларнинг табиий хом ашё ресурсларидан фойдаланиш, бу мамлакатларнинг моддий ва маънавий бойликларини ўзлаштириш уларга улкан ва қудратли давлатга айланишга имконият яратди. Бунинг оқибати ўлароқ, ўз атрофидаги мамлакатлар ва халқлар билан муносабатда ўзини устун, танҳо ва ягона деб билиш, инсоният тақдири, халқлар келажагини белгилашда алоҳида мавқега даъвогарлик ифодаси сифатида баҳоланиши мумкин бўлган мумтозлик мафкураси тарих саҳнасига чиқди. Бундай мафкура давлат сиёсатининг асосига айланганда узоқ давом этган қонли урушлар келиб чиқиши, бутун бир минтақанинг вайрон бўлиши, кўплаб халқларнинг қарам қилинишини исботловчи мисоллар кўплаб топилади.
Иқтисодий имкониятлари заифлашган, ижтимоий тотувлик зил кетган, ички зиддиятлар кучайган, Ватан, миллат тақдиридан ўзининг тор манфаатларини устун қўядиган, ўзаро келиша олмаётган, ҳокимиятга даъвогар сиёсий гуруҳларнинг мавжуд муаммоларни ташқи кучлар ёрдамида ҳал қилишга уруниши ва маънавий-руҳий парокандалик, эртанги кунга ишончсизлик туйғулари ҳукмрон бўлган мамлакатлар буюк давлатчилик шовинизми нишшонига айланишини замонавий тарих ҳам кўрсатиб турибди.
Афсуски бизнинг ўлкамиз ҳам буюк давлатчилик шовинизмининг ҳалокатли таъсиридан четда қолмади. Президент И.Каримов асарида таъкидланганидек, «У ҳам узоқ вақт давомида ҳукмрон шовинистик ва агрессив миллатчилик ғояларининг бутун жафоларини тортиб келди. Ўзбекистон Россия империяси, сўнгра эса собиқ совет империяси таркибида мажбуран ушлаб турилган мураккаб даврни бошдан кечирди»16. Тарихий тажрибада қайта-қайта таъкидланганидек, шовинизм авторитар тузумлар ўрнатилиши ва мустаҳкамланишини рағбатлантиради, шафқатсиз диктатурага олиб боради. Чунки, бўйсундирилган ва қарам халқларнигина эмас, балки бир қисми муқаррар равишда бундай сиёсий йўлга қарши чиқадиган ўз аҳолисини ҳам бошқача шароитда итоаткорликда сақлаб туриш мумкин бўлмайди.
Шовинизмнинг тарихан ҳалокатли эканлигига сабаб шуки, ҳаддан ташқари кучайиб кетган ва айниқса, ўз миллий мумтозлигига ишонишга асосланган буюк давлатчилик зўравонлик асосига қурилганлигидадир. Бу эса ўз навбатида, буюк давлатчилик шовинизми ва агрессив миллатчиликни ифода этувчи давлатларнинг ўзида кўплаб қурбонлар ва йўқотишларга олиб келади.
Шу боис айтиш мумкинки, шовинизм пировардида ўзига зарба беради, ичик зиддиятларни кучайтиради. У жамиятни парчалаб юборишга ва унинг учун оғир оқибатларни келтириб чиқаришга қодир. Гарчи тарихий даврлари ва шарт-шароитлари турлича бўлса-да, Рим, Хан, Усмонлилар, Германия ҳамда Россия ва Совет империяларининг тақдирида бунга кўплаб мисоллар топиш мумкин17.
Буюк давлатчилик шовинизмининг хавфи бундай позицияда турган кучлар, давлатларнинг иқтисодий, сиёсий ёки ҳарбий салоҳиятининг катталигидагина эмас, балки ахборот орқали ва мафкуравий йўл билан тазйиқ кўрсатиш имкониятларининг кенглигида, улар қўлидаги ғоявий таъсир ўтказиш восита ва механизмларининг хилма-хиллигида ҳамдир.
Кишилар онги ва қалбига маълум мафкуравий тазйиқлар асосида сингдирилиб, эътиқод даражасига кўтарилган вайронкор мафкуралардан бири – ақидапарастлик. У ўз хусусиятини иккита шаклда намоён қилади: Ақиданинг дунёвий шакли (шовинизм, атеизм, коммунизм); ақиданинг диний шакли (инквизация, ваҳҳобийлик, Ҳизб-уттаҳрир, Ҳизбуллоҳ, «Ал-Қоида» ва б.) ақидаларни замон ва макондан ажратган ҳолда англаб, уларни (ўзгартириб бўлмас) тушунчалар деб билувчилар ақидапарастлар деб юритилади. Ақидапарастларнинг шаклланиши ва қарор топиши барча диний ташкилотлар ва уларнинг руҳонийлари фаолияти билан тарихан боғлиқ бўлганлиги учун у фақат диний таълимотларга хос ҳодиса сифатида талқин этилади.
Диний ақидапарастлик, ислом фундаментализми – исломнинг фундаментал принципларини тиклаш, ислом вужудга келган дастлабки шарт-шароитларга қайтиш шиори остида ҳаракат қилишга даъват этувчи реакцион ғоялардан биридир. Бундан ташқари, бу ғоя тарафдорлари халифалик байроғи остида бирлашишни ноисломий дунёга қарши туриш мақсади билан боғлашларини ҳам таъкидлаш жоиздир. Бундай ёндошув ўта хавфли эканлиги ҳаммамизга аёндир. Бундай реакцион ғоя инсониятнинг диний асосда қарама-қарши қутбларга бўлиниб кетишига, баъзан «цивилизациялар тўқнашуви» деб аталадиган ҳодисанинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу ғояни қўллаб-қувватловчи яна бир реакцион оқим диний экстремизмдир. Динни ниқоб қилиб ҳокимиятга интилиш, ғаразли ниятлари йўлида ҳар қандай қабиҳликлардан тап тортмаслик хусусияти ушбу ғоя тарафдорларига хосдир.
Реакцион ғоялардан бири бўлган неофашизм (фашизмнинг янги шакли) - ашаддий жаҳолатпараст, бузғунчи, вайронкор сиёсий оқим ғоясидир. Неофашизм ашаддий босқинчилик, ирқчилик, миллатчилик кайфиятидаги гуруҳларнинг қарашларини ифода этади. У ўзининг ғоявий йўналишларини белгилашда ХХ асрнинг 20-йилларидаги Италия фашизми ва 30-40-йиллардаги Германия нацизми ғояларига таянади. Неофашистик партиялар ва гуруҳлар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган ва ўзаро манфаатлари мос тушадиган турли марказлар билан алоқада фаолият юргизади. Бу мафкура миллатчилик, ижтимоий тенгсизлик ва демагогия(ўзининг ғоявий ва сиёсий мазмундаги ғаразли мақсадларига эришиш учун сохта ваъдалар бериш, диққатни ўзига жалб этувчи шиорлар ташлаш, фактларни бузиб кўрсатиш орқали кишиларни саросимага солиб қўйиш мақсадида уларнинг ҳиссиёти ва кайфиятига таъсир қилиш, принципсизлик асосидаги ғоявий қарашлар ва сиёсий сафсаталар мажмуаси) ни қўллайди. Улар халқаро кескинликни юмшатишга интилувчилар билан муросасиз бўлиб, зўравонлик ва қуролланиш пойгасига тарафдорлик қиладилар. Шунингдек, дунёнинг сиёсий кураш майдонида куч ишлатиш ва террордан фойдаланадилар.
Бугунги кунда барча ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг асосий диққат эътибори реакцион ғояларга қарши биргаликда кураш олиб боришдан иборатдир. Чунки, реакцион ғоялар жамиятнинг соғлом турмуш тарзига путур етказади. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини издан чиқариб, жамиятни инқирозга олиб келади. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ҳозирги вақтда рекцион ғояларга қарши асосан илғор, бунёдкор ғоялар билан курашиш мақсадга мувофиқдир. Ёки Президент И.Каримов таъкидлаганидек, «Ғоявий мухолифлик ўтмишда давлатлараро муносабатларга соя солиб, давлатларнинг бир-бирига қарши икки гуруҳга бўлинишига сабаб бўлди. Дунёни ҳалоқат ёқасига олиб келди. Бундай келишмовчиликлар бугун ҳам давлатлараро ихтилофларни куч ишлатиш йўли билан ҳал қилишга, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига, бутун-бутун халқларнинг фожиасига сабаб бўлаётир.
Давлатлараро муносабатлар соҳасида ягона ғоя амал қилиши лозим. Бу ғоянинг маъноси шуки, биргаликда тинч ҳаёт кечириш, ҳамкорликка интилиш, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, турли нуқтаи назар ва фикрларга бардошли бўлиш тамойилларини ўзида акс эттирган қонунлар устуворлик касб этиши даркор»18.
Агар ғоявий-мафкуравий зиддиятлар жараёнини Марказий Осиё минтақасида кузатадиган бўлсак, бизнинг минтақамиз ҳам ушбу зиддиятли, таҳликали жараёнларни осонликча бартараф этмаётганлигини гувоҳи бўламиз. “Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бундай мафку-равий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уришини, улардан бизни бутунлай узиб ташлашдек ёвуз мақсадларни кўзлашини, ўйлайманки, юртимизда яшайдиган соғлом фикрли ҳар бир одам яхши тушунади”.19
Президентимиз И.Каримов Ўзбекистоннинг мустақилликка эришгандан кейинги ҳаёти, ижтимоий сиёсий ҳолат, ғоявий-мафкуравий зиддиятлар нафақат юртимиз доирасидагина балки, бутун минтақамиз билан бир бутун олинган ҳолда ўз вақтида ўрганиб чиқиб, таҳдидларни олдини олиш чора–тадбирларини ишлаб чиқди ва шунинг натижаси ўлароқ юртимизда, керак бўлса минтақамизда тинчликни, осойишталикни сақлаб қолишга эришилди.
Табиий заҳираларга бой, геополитик нуқтаи назардан ғоят қулай ҳудудда жойлашган юртимизга кўз олайтирадиган, бизга ҳукмини ўтказишни истайдиган турли кучлар мавжуд.
Бу кучлар маблағ, қурол-аслаҳаларга эга. Уларнинг энг ёвуз қуроли – миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган, энг ёмони ёш авлоднинг қалби ва тафаккурини заҳарлайдиган бузғунчи мафкурадир.
Минтақамизда юзага келган ғоявий-мафкуравий зиддиятнинг моҳияти қуйидагилар билан белгиланади:
Do'stlaringiz bilan baham: |