Саҳна – 1) театр биносининг томошабинга яхши кўринадиган, актёрлар учун қулай бўлган томоша кўрсатиладиган қисми; 2) пьеса ва спектакллардан бир кўриниш.
СИМФОНИЯ (юн. symfonia – оҳангдошлик) – симфоник мусиқанинг етакчи жанри, композиторлик йуналишидаги чолғу мусиқанинг олий шакли. Симфоник оркестр ижросига мўлжалланган; баъзи Сларда хор ва яккахон хонандалар ҳам жалб этилади. Бундан ташқари, торли оркестр, пуфлама созлар оркестри ва б. оркестрларга мўлжалланган Слар ҳам учрайди. С.нинг мумтоз шакли умумий ғоя ва яхлит драматургияга асосланган 4 қисмли туркумни ташкил этади: 1-қисми – мавзуларнинг қарама-қаршилиги ҳамда жадал ривожи б-н боғлиқ бўлади; 2-қисми – лирик чекиниш вазифасини бажаради; 3-қисми – менуэт ёки скерцо характерида ёзилади; 4-қисми – кўпинча тантанавор, жўшқин хотимадир.
СПЕКТАКЛЬ (лот. spectaculum – томоша) – театр санъати асари. Постановкачи-режиссёр бошчилигида театр жамоаси (актёрлар, рассом, композитор, балетмейстер ва ҳ.к.) томонидан яратилади. С. асосида пьеса (опера ва балет композитор партитураси, либретто, сценарий) мазмуни б-н белгиланувчи ғоявий ният ётади. Танланган пьесанинг талқин режалари, декорация ва либосларнинг эскизлари, роллар тақсимоти театр бадиий кенгашида муҳокама қилинади. Режиссёр пьеса ва образларнинг талқин воситаларини муайян ғоя ва бадиий шаклга бўйсундиради, С.нинг кўринишлари, ечими ва рамзий ишораларини рассом б-н ҳамкорликда ҳал қилади. Актёрлар б-н ишлаш, мизан-саҳналарни белгилаш, саҳнавий образлар ва улар ўртасидаги муносабатларни шакллантириш С. яратиш жараёнининг ҳал қилувчи шартларидан биридир. С. синтетик асар бўлгани учун ундаги безак, жиҳоз, либос, пардоз, мусиқа ва рақс воситалари, чироклар ва турли эффектлар уни янада бойитади.
СТУДИЯ (итал. studio – ўқиш, ўрганиш) – 1) рассом ёки ҳайкалтарош устахонаси; 2) рассом ёки актёрлар тайёрлайдиган мактаб; 3) ижодий фаолият б-н бир қаторда саҳна (ёки тасвирий) санъати асосларини ўрганадиган, асосан, ёшлардан ташкил топган театр (ёки рассомлар) жамоаси. С.нинг профессионал ва ҳаваскорлик турлари бор; 4) бадиий ва б. фильмлар яратувчи ижодий ва техник кино ходимлари жамоаси; 5) радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар олиб бориладиган махсус бино (радиостудия, телестудия); 6) овоз ёзиш хонаси. Мусиқий асарлар ижроларини электр (магнитофон каби) ва электрон (синтезатор ва б.) воситалар ёрдамида ёзиб олиб фонограмма тайёрлайдиган махсус жой (маc, «Тарона рекорд» С.си ва б.).
Do'stlaringiz bilan baham: |