Назорат саволлари
1. Оила вакиллари ер юзининг қайси минтақасида тарқалган?
2. Нилуфаргулдошлар оиласига мансуб турлар қайси ҳаёт шаклига тааллуқли?
3. Нилуфарнинг вегетатив тана тузилиши ҳақида нималарни биласиз?
4. Нилуфарнинг гул тузилишини сўзлаб беринг.
5. Нилуфарнинг гул формуласи ва диаграммасини чизиб кўрсатинг.
Зиркдошлар (Berberidacae) оиласи
Зиркдошлар (Berberidaceae) оиласи вакилларининг аксарият қисми ўрта иқлимли минтақада тарқалган. Уларнинг 10 туркумга мансуб 250 га яқин ўтсимон, бута ва дарахт ҳаёт шаклидаги турлари кенг тарқалган. Гули уч аъзоли, якка ёки гул тўплами шингил ва шода шаклида. Ўзбекистонда зиркларнинг Қора зирк (Berberis oblonga) ва Қизил зирк (Berberis integerrima) турлари кенг тарқалган. Гул тузилишига кўра зирклар айиқтовондошлар гулига яқин туради.
Барча зирклар қуйидагича тузилишга эга: гул косачаси 6 та (икки, уч аъзоли, доира шаклли). Тожбарглари ва чангчилари ҳам 6 та, қарама-қарши жойлашган. Уруғчиси битта, мева баргидан шаклланган, тугунчаси устки.
Зиркдошларнинг гул формуласи: Са3+3 Со3+3 А3+3 G1 (48-расм). Меваси бир уруғли, резавор, айрим ҳолларда данак. Уруғи эндоспермли. Барча зиркдошлар бир-биридан таркибидаги алкалоидлари билан фарқланади.
11 – МАШҒУЛОТ.
Мавзу. Зиркнинг (Berberis) тузилишини ўрганиш.
Зарур материаллар:
Ўсимликнинг мевали новдаси ёки унинг гербарий нусхаси. Амалий машғулот ўсимликнинг гуллаш ва мевалаш фазасида ўтказилса, тўлиқ гули, мева, борди-ю бунинг учун шароит бўлмаса, ўсимликнинг қуритилган ёки спиртда фиксация қилинган гули, меваси ва уруғи, лупа ёки 10-20 марта катта қилиб кўрсатадиган бинокуляр микроскоп, устара, пипетка, сув ва ёғоч спирти ҳамда буюм ва қоплағич ойналар.
Топшириқ
1. Зиркнинг гул тузилиши билан танишинг.
2. Ўсимликнинг морфологик тузилишини анализ қилинг ва умумий тавсифини ёзинг.
3. Зиркнинг гул тўплами, гул қисмлари, меваси ва мевасининг кўндаланг кесимини ўрганинг ва суратини чизинг.
4. Гул формуласи ва диаграммасини дафтарингизга туширинг.
Ишнинг бориши
Амалий иш учун зиркнинг хоҳлаган турини (қора зирк B. oblonga ёки қизил зирк В. integerrima) олиш мумкин. Ўсимлик (гуллаб тургани ёки мева ҳосил қилгани) тўлиқ кузатилгандан сўнг унинг барги тўкиладиган ёки доимий яшил ўсимлик эканлиги, ҳаёт шакли (бута ёки дарахт), баргда куртакларнинг жойлашиши ва уларнинг тана ўзгариши ҳақида хулосага келинади.
Гули сариқ рангли (май, июнь ойида гуллайди) шингил, шода гул тўпламларда жойлашган. Гули циклик тузилишли, қисқа бандли, гулқўрғони оддий (Р3+3). Аммо чангчиларнинг икки қатори гултожсимон нектарникларга айлангани туфайли гул деб ҳисоблайдилар (Са3+3Со3+3) (гулқўрғони Р3+3 N3+3 шаклида ёзилса тўғри бўлади). Тожсимон нектарник оч ёки тўқ сариқ (зарғалдоқ) рангда. Андроцей икки доира (А3+3) ёки хатто уч доира (А3+3+3) бўлиб ҳам жойлашган бўлиши мумкин. Гинецейи оддий, битта мева баргидан шаклланган, уруғчиси қисқа бандли, бир хонали (ўрин), уруғмуртаги кўп эмас. Меваси резавор, рангли, эллипс ёки тухумсимон, бир уруғли.
Do'stlaringiz bilan baham: |