Нилуфаргулдошлар (Nymphaeceae) оиласи
Нилуфаргулдошлар оиласига мансуб ўсимликлар ёпиқ уруғли ўсимликларининг энг қадимий вакилларидан ҳисобланади. Уларнинг 8 туркумга мансуб 100 га яқин тури иссиқ иқлимли субтропик ўлкаларда тарқалган. Оила вакилларининг барчаси кўп йиллик, ботқоқ ва сувли муҳитда тарқалган ўтсимон ўсимликлар. Гул тузилишига (структураси) кўра нилуфаргулдошлар магнолиядошларга яқин.
10 – МАШҒУЛОТ .
Мавзу. Оқ нилуфарнинг (Nymphae alba) тузилишини ўрганиш.
Зарур материаллар:
Лупа, Оқ нилуфар гербарийси, ўсимликнинг спиртда фиксация қилинган гули ва меваси.
Топшириқ
1. Сув (оқ) нилуфарининг вегетатив ва генератив органларининг тузилишини анализ қилинг ва умумий тавсифини ёзинг.
2. Ўсимликнинг умумий кўриниши, барги, гули ва мевасининг суратини чизинг.
3. Аниқлагич ёрдамида ўсимлик турини мавжуд гербарий нусхасидан аниқланг.
4. Кундалигингизга сув нилуфари ҳақида ўз тушунчангизни батафсил баён этинг (ёзинг).
Ишнинг бориши
Нилуфар кўп йиллик ўт (47-расм). Гербарий нусхасини кузатиш пайтида ўсимликнинг ер остки органи илдизпоядан иборат эканлиги аниқланади. Бу органда запас (жамғарма) модда – крахмал тўпланади. Илдизпоя биллатерал (икки ёнлама) тузилишга эга. Унинг остки қисмидан қўшимча илдизлар, уст томонидан эса барг ва гул куртаклари шаклланади. Бу ўсимликларнинг барг япроғи бутун, чети қирқилмаган, юраксимон овал, узун бандли. Гули якка-якка жойлашган, унинг диаметри 6-11 см. Гулқўрғони гулкоса ва гултожбаргларга дифференциаллашган, қўш гулқўрғонли. Косача барглари ички томонидан оқиш, ташқи томонидан эса кўкимтир рангли, 4 та косачабаргдан иборат. Тожбарглар кўп сонли оқиш ёки соф оқ рангли барглардан шаклланган бўлиб, тожбарглар гул четидан марказ томон кичрая боради.
Тожбарглари гул маркази томон тобора кичрая бориши, учки қисмидан сарғая бориши ва бошланғич чангчига яқинлиги билан киши эътиборини тортади.
Андроцей кўп сонли ўзаро туташган чангчилардан иборат. Гулқўрғони ўрганилгач, эҳтиёткорлик билан косача, тожбарглар ва чангчилар навбат билан узиб олинади ва қатор қилиб жойлаштирилади. Шундай ҳолатда органлар трансформациясини (ўзгара бориши) аниқ кузатиш мумкин.
Ўсимликнинг гинецейи (уруғчи) битта муртакдан иборат. Устунчасиз оғизчаси тўғридан тўғри тугунчада жойлашган, кўп хонали унинг сони аксарият ҳолларда мева барг сонига тенг. Тугунча гул ўрни билан туташ, ярим остки.
Шундан сўнг тугунчаси энига кесиб лупада кузатилади. Кесмада тугунча бўлмалари (хона) кўрилади. Ҳар бир хонада кўп сонли узун устунчада ўрнашган уруғмуртак жойлашган. Ўсимликнинг гул тузилиши тўлиқ ўрганилгач, унинг формуласи (Са4 Со∞ А∞ С1) ёзилади.
Борди-ю, ўсимликнинг меваси бўлса, унинг тузилиши ўрганилади. Ўсимликнинг мева ўрами лабсимон. Уруғ тузилиши ўзига хос: махсус пўст билан ўралган, перисперма билан уруғ ўсимтаси ўртасида ҳаво камераси мавжуд бўлиб, у ўсимлик уруғи сувга ботиб кетишининг олдини олади.
Машғулот якунида талабалар берилган вазифага, асосан, суратларни чизадилар. Ўсимликнинг тузилиши тўлиқ ўрганилгач, аниқлагич ёрдамида ўсимликни аниқлашга киришилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |