3. Ҳуқуқшунос нутқини тайёрлаш ва уни сўзлаш талаблари. Аудитория диққатини жалб этиш усуллари.
Айтиш лозимки, омма олдида нутқ сўзлаш – жуда мураккаб жараён. Шу боис одамларнинг 90 фоизи кўпчилик қаршисида гапиришдан қўрқади. Масалан, Наполеон парламентда биринчи марта сўзга чиққанида ҳаяжон ва қўрқувдан йиқилиб тушган. Кўп ҳолларда муваффақиятли маъруза қилиш унга тайёргарлик даражаси ва маълум тажрибага боғлиқ бўлади.
Ҳуқуқшуносларнинг фаолияти фақат прокурорлик, адвокат ёхуд судьялик билан чегараланмайди, албатта. Улар жамият ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот жабҳасининг ҳам олд вакиллари бўлиши даркор. Шундай экан, ҳуқуқшунослар турли аудиторияларда, турфа даражадаги одамлар қаршисида ҳам муваффақиятли нутқ сўзлай олиш кўникмасини ўзлаштирмоқлари зарур. Бунинг учун эса нутққа олдиндан тайёргарлик кўриш, унда берилаётган материалларни тўлиқ англаб олиш ва фикрни тингловчиларга батафсил етказа олиш талаб этилади. Бунга қўшимча яна қуйидагиларга амал қилмоқ керак:
1. Бериладиган вақтни ҳисобга олиш.
Аниқ вақт белгиланмаган бўлса-да, узун нутқ тайёрлаш ярамайди. Ўртача 5-7 дақиқа, кўпи билан 10 дақиқага мўлжал олиш лозим.
2. Маърузанинг мақсади ва асосий ғоясини белгилаб олиш.
Шундан сўнг нутқ режасини тузиш керак, режа қанчалик батафсил бўлса, матннинг ўзини ёзиш шунчалик осон бўлади. Маъруза маъноли, мазмундор ва мантиқан бир-бирига боғланган гаплардан иборат бўлиши шарт.
3. Aудиторияни эътиборга олиш.
Мисол учун ҳуқуқшунос ўз ҳамкасблари қаршисида сўзга чиқса, махсус терминлар маъносини тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ. Тингловчилар бошқа касб эгалари бўлса, бу, аксинча, ўринли бўлади.
4. Нутқ сўзлашни машқ қилиш.
Нутқ матнини кўзгу ёки яқин инсонлар қаршисида ўқиб бериш ва овозни ҳам созлаб олиш мумкин.
5. Нима кийишни олдиндан режалаштириш.
Кийим, аввало, учрашув шаклига тўғри келиши керак. Масалан, илмий анжуманда иштирок этиш учун классик услубда, ҳуқуқий тарғиботга бағишланган йиғилишда идоравий иш кийим (униформа)да, суд ва бошқа расмий йиғинларда эса уларни ўтказишга оид кўрсатма, инструкция ва низомларда белгиланган либосда бўлиш талаб этилади.
Нотиқ ҳар қанча катта тажриба ва маҳоратга эга бўлмасин, аввало, нутқ мавзусини чуқур ўзлаштирган бўлиши ҳамда тарғиб қилинаётган фикрларга аввало ўзи ишониши керак, акс ҳолда, у аудитория олдида обрўйини йўқотади.
Нутқ сўзлашда, албатта, асосий фикр (тезис) бўлиши ва бутун чиқиш унга қаратилиши керак. Шунингдек, аудитория билан доимий алоқа ўрнатиш лозим. Нотаниш аудиторияда нотиқ ва тингловчи ўртасида тингловчига таъсир қилишга ҳалақит берадиган “расмийлик”, ишончсизлик девори бўлади. Бу деворни йўқ қилиш учун нотиқ қуйидаги воситаларга эга бўлиши лозим:
самимийлик (бу нотиқнинг табассумида ифодаланиши мумкин);
ишончли оҳанг;
табиийлик;
эркин ҳаракат.
Аудитория диққатини жалб қилиш усуллари:
Маърузани аудитория кутмаган тарзда бошлаш.
Аудиторияга шахсий дахлдорлигини ифодалаш орқали яқинлашиш. Нотиқ бу усулдан фойдаланганда ўзи ташқаридаги киши эмаслигини, аудиторияда ўтирган тингловчиларнинг ҳаёти, қувончи, ташвишлари ва муаммоларини кимдандир эшитгани учун эмас, балки ўзи ҳам улардан бири бўлгани ва ўзида ҳис қилгани туфайли жуда яхши билишини айтиб, аудиториянинг диққатини тортишга ҳаракат қилади.
Янги маълумотларни келтириш. Мавзу бўйича аудитория аввал эшитмаган янгиликни айтиш орқали тингловчиларнинг диққатини жамлаш.
Муаммоли вазиятларни яратиш. Бу усулдан фойдаланганда нотиқ аудиторияга савол билан мурожаат қилиб, улардан муаммонинг ечимини топиш йўллари бўйича фикрлар сўраш орқали залда қисқа жонланиш пайдо бўлишини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |