Мантиқий саволлар.
Мантиқий саволлар ўқувчини ўзининг назарий билимларини ифода этишга ундашга, унинг фикрлари йўналишини аниқлаш баробарида ўтган ўқув материалини ўзлаштириш даражасини яна ҳам оширишга қаратилган. Шунга кўра, техник фанлардан фарқли ўлароқ, ижтимоий фанлар, хусусан, ҳуқуқшуносликда аксарият ҳолларда мантиқий савол битта, яккаю ягона тўғри жавобга эга бўлмаслиги мумкин. Ҳуқуқшунослик соҳасидаги мантиқий савол кўпроқ “провокацион” характерда бўлиши ва талабани ўйга толдириши, саволнинг ўзи имтиҳон топширувчи билан полемикага – мунозарага киришиши керак. Бошқача қилиб айтганда, талаба мунозарали вазиятларни, мантиқий саволнинг нотўғри элементларини аниқлаб, жавобини тўғри йўналишга буриши лозим. Шунда жавоб ўқилгач, саволнинг асл моҳияти аниқлашади. Мантиқий саволнинг мақсади – талабанинг билимини нафақат битта аниқ мавзу бўйича, балки бир-бири билан боғлиқ бўлган бир қатор мавзулар бўйича аниқлаш, яъни талаба билимини белгилашга комплекс ёндашишдир.
Демак, маълум бўлмоқдаки, мазкур синов тури, ўз номидан келиб чиқиб, талабадан албатта мантиқий фикрлашни, сўралаётган нарса, ҳодиса, қонун нормалари, ҳуқуқий билимларни ўзаро боғлиқ жиҳатларини англаб, мустақил таҳлилий иш олиб боришни талаб қилади. Бошқача айтганда, мантиқий саволнинг жавоби – у ёхуд бу фанга тааллуқли дарслик ёки бошқа адабиётлардаги маълумот, материалларни билиш ва уларни шунчаки қайтариб бериш дегани эмас. Модомики, савол мантиқий характерга эга экан, демак, унинг жавобига ҳам фақат мантиқий фикрлаш, анализ ва синтез қилиш, саволдаги тафсилотларни ўзаро солиштириш, улар орасидаги муштарак ва фарқли ўринларни илғаш орқалигина етиб бориб бўлади.
Айни шу муҳим жиҳатни эътибордан четда қолдириш айрим талабаларнинг плагиатга – муайян манбалардаги материалларни механик тарзда кўчириш ёхуд шаклини ўзгартириб ўзлаштириш орқали жавоб тайёрлашга берилиб кетишига сабаб бўладики, бу ҳол, юзаки қараганда тўғри туюладиган жавобларга “қониқарсиз” баҳо қўйилишига олиб келади.
Муаммоли савол – казуслар.
Казус – бирор ҳаётий ҳодиса, муаммоли вазият баёни бўлиб, бўлғуси юристлар томонидан уни қонуний ҳал қилиш талаб этилади. Бунда казус таркибида талаба учун жавобга ишора сифатида хизмат қиладиган ортиқча ёрдамчи саволлар бўлмаслиги лозим. Бу ерда ҳам саволнинг номига эътибор керак: муаммоли савол. Демак, бу хил саволларда албатта муаммоли ҳолат, мураккаблиги турлича бўлган вазият, тортишувчи томонларнинг ҳар бирини ҳақдек кўрсатадиган жиҳатлар мавжуд бўлади. Талаба ўзининг назарий билимларига – ҳуқуқшуносликка оид дарсликлар, илмий адабиётлардаги аниқ кўрсатмалар, мавжуд қонунчиликдаги нормаларга таянган ҳолда бу муаммоли ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериши, кимнинг кўпроқ ҳақ эканини исботлаб кўрсатиши лозим бўлади.
Яхши казус саволи, қоида тариқасида, суд томонидан кўриб чиқилган амалий ҳолатлар, типик вазиятлар асосида шаклланади. Бироқ казусда мазкур ишнинг далиллари ўзгартирилган, қўшимча воқеалар киритилган ва талабадан ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича муҳокама юритиш ёки ҳолат юзасидан ҳуқуқий маслаҳат бериш сўралиши мумкин.
Маълумки, бўлғуси ҳуқуқшунос талабалар фақат мутахассислик фанларидангина эмас, балки ўзининг замонавий шахс, инсон сифатида шаклланишига ёрдам берувчи номутахассислик фанларидан ҳам сабоқ олишади. Бу фанлардан тузилган муаммоли саволларнинг ҳам, табиийки, ўзига хос жиҳатлари, талаблари мавжуд.
Умумтаълим фанлари, масалан, ахборот коммуникация технологиялари, иқтисодиёт ва бизнес, корпоратив бошқарув, ҳуқуқ фалсафасими ёхуд хорижий тиллар, ҳужжатлар тилига оид бўладими, мазкур саволларда ҳам соҳалар фаолиятида, фанлардаги тушунчалар орасида учраб турадиган мураккабликлар савол мазмунини ташкил этади.
Кўринадики, мантиқий савол ҳамда муаммоли савол (казус)лар ўртасида бир қатор умумийликлар ҳамда муайян фарқлар мавжуд. Энг асосийси – улар ўзаро бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, назарий саволлар тўғрисидаги билимларсиз казусларни “ечиб”, назарий билимларни амалиётга татбиқ эта олиш кўникма ва тажрибасисиз эса мантиқий саволлар ичидаги нозик жиҳатларни тўла очиб бўлмайди.
Фақат бунда бир муҳим шартга эътибор қаратиш лозим. Ҳар икки савол тури талабаларнинг билими, имконияти, тажрибасини, демакки, улар нечанчи курсда эканини инобатга олган ҳолда тузилади.
Дейлик, 1- ва 2-курс талабаларининг билим даражасини ҳисобга олган ҳолда, мантиқий саволларга нисбатан қуйидаги талаблар белгиланиши мақсадга мувофиқдир: “Ушбу масаланинг тўғрилигини тавсифланг ёки аниқланг”, “Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилинг”. Бу босқичдаги талабалардан муайян зиддиятли вазият хусусида олимлар, соҳа мутахассислари фикрлари, ҳуқуқнинг фундаментал тушунчалари, принциплари ҳамда қонунчилик кўрсатмаларига таянган ҳолда ўз фикрларини тизимли ёзма баён этиш талаб қилинади. Улардан мантиқий саволнинг тўлиқ талқинини ёхуд танқидий муҳокамасини талаб қилиш ўринсиздир. Чунки бу топшириқлар жавоб берувчидан анчагина катта ҳуқуқий билимлар базасини, талқин ва таҳлилнинг қиёсий методларини талаб этади.
3-курс талабалари олдида эса ўртага қўйилган саволни энди атрофлича таҳлил этиш вазифаси туради. Талаба ҳуқуқий вазият, факт, ҳодисанинг моҳиятига эътибор қаратиши, қабул қилинадиган ҳуқуқий ечимнинг оқибатларини ҳисобга олиши, ўз хулосаларини бир неча қонун нормалари билан асослаши лозим бўлади. Зеро, бу босқич талабаси айни вазифаларни адо этишини таъминлайдиган ҳуқуқий билимлар ҳамда тажрибаларнинг муайян заҳирасига эга бўлади.
4-курс ва магистратура талабалари эса саволларга жавоб тайёрлар экан, уларда баён этилган муайян ҳуқуқий вазият, даъво, тафсилотларни танқидий нуқтаи назардан таҳлилдан ўтказиши лозим. Бу ердаги “танқидий нуқтаи назар” ибораси у ёхуд бу томонни, вазият ёки даъвони танқид қилиш деб тушунилмаслиги, балки мантиқий савол ёки казусда ўз аксини топган материалга мавжуд қонунчилик нормалари, турли нуфузли олимлар (муаллифлар) қарашлари ҳамда ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб ҳар томонлама ёндашишга, шу тариқа ҳақиқатни юзага чиқаришга ҳаракат қилиш сифатида англанилиши керак. Демак, танқидий таҳлилнинг моҳияти қонунчиликка ва илмий фикр вакилларининг қимматли қарашларига таянган ҳолда мунозарали, нотўғри элементни ўз ичига олган вазиятга нисбатан ўз позициясини аниқлаш ва уларни асосли рад этишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |