3. Креативлик тушунчаси: моҳияти ва аҳамияти.
Креативлик (ижодийлик) – қандайдир янги, бетакрор нарса ярата олиш лаёқати, янгича фикрлаш, оригинал ғоя ва ечимга олиб келувчи ақлий жараён.
Тушунчага берилган таърифдан кўриниб турибдики, креативлик ҳам худди ташаббускорлик, ишга ижодий ёндашув хислатлари сингари албатта туғма, илоҳий туҳфа бўлиши асло шарт эмас. Модомики, креативлик – ақлий жараён экан, одам ақлини юксалтиришнинг, ривожлантиришнинг, унинг чексиз имкониятларидан фойдаланишнинг битмас-туганмас йўллари ва усуллари, албатта, топилади.
Хўш, юридик соҳада – аксарият вазият, ҳолат, ҳодисага ёндашув фақат ва фақат қонунлар, кодекслар, белгиланган ҳуқуқий меъёрлар асосида бўлиши талаб этиладиган тармоқларда креативликка – “қандайдир янги, бетакрор нарса яратиш”га ўрин борми ўзи, деган савол туғилиши табиий, албатта. Қолаверса, ҳар бир ҳуқуқшунос – судья, прокурор, адвокат ёки нотариус ҳар бир иш (“дело”) устида янгилик яратавериши ҳуқуқий бошбошдоқликка, анархияга олиб келмайдими?
Ҳамма гап мана шунда. Биз ҳуқуқшуноснинг креативлиги, ташаббускорлиги ва ишга ижодий ёндашуви хусусида гапирар эканмиз, буларнинг барчаси қонунлар доирасида, уларга амал қилган ҳолда қўлланилишини, бир зум бўлсин, ёддан чиқармаслигимиз керак. Креативлик, ташаббускорлик ва ижодкорлик асло қонунларни бузишга, уларни “айланиб ўтиш” ёхуд нотўғри ва ноўрин қўллашга олиб келмаслиги, аксинча, ҳуқуқшуносга берилган имкониятлардан тўлароқ, самаралироқ ва тўғрироқ фойдаланишга хизмат қилмоғи даркор.
Юридик соҳадаги креативлик деганда ҳуқуқий характердаги саволлар ечимига ижодий, иложи борича янгича ёндашув тушунилади. Бу хислат аслида кўпчилик юристларга хос бўлса-да, уни далил амалда қўллай оладиган, бу борада муваффақиятларга эришган мутахассисгина касбдошлари орасида ажралиб туради, унинг мижозлари сони ҳам шунга яраша кўп бўлади.
Ҳуқуқшунос фаолиятида креативлик намоён қилишнинг сабаблари, жой ва усуллари истаганча топилади. Дейлик, қатор мамлакатлар, айниқса, мустақил ҳуқуқий макон яратганига унча кўп бўлмаган юртимиз – Ўзбекистон қонунчилиги, умуман, юридик соҳасида ҳали анча-мунча кемтиклар, жавобини кутиб турган муаммо ва саволлар талайгина. Мана шу маконда ҳуқуқшуноснинг масалага креатив, ижодий ёндашмаслиги, муаммолар ечимини изламаслигининг ўзи мумкин эмас.
Бундай ёндашув, юқорида таъкидлаганимиз – юзаки жиҳатдан бир-бирига ўхшашдек туюлса-да, аслида нозик томонлари, деталлари, сабаб ва оқибатлари, уларнинг кўлами ҳамда аҳамиятининг ранг-баранглиги жиҳатидан бир-бирини такрорламайдиган ҳуқуқий вазиятларда, зиддиятли ҳолларда энг оқилона ечим топишнинг бирдан-бир кафолатидир. Шундай ечим топа билган, демак, вазиятга креатив, ижодий ёндашган юристдан мижозлар ҳам, унинг раҳбарлари ҳам, албатта, миннатдор бўладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |