4. Ҳуқуқни татбиқ этишда масалаларга
ижодий ёндашувнинг роли.
Аслида ўз ишига, вазифасига ижодий ёндашув ҳар бир касб эгасига хос бўлиши лозим. Зеро, бусиз бирор соҳанинг ривожи, такомилини тасаввур этиб бўлмайди. Масалан, дастлабки машиналар ва аэропланлар билан бугунги замонавий автомобиллар, улкан ҳаво лайнерларини бир-бирига бир қиёслаб кўрайлик. Уларнинг беистисно барча ички ва ташқи жиҳатлари – двигателларининг куч-қуввати, ҳажми, юк ва одам ташиш имкониятлари, кўриниши, қулайлиги ва яна бошқа юзлаб кўрсаткич – параметрларида ўсиш-ўзгариш борми-йўқми? Мана шу ўсишнинг, ўзгаришнинг, мукаммаллашувнинг замирида нима турибди?
Албаттаки, инженерлар, конструкторлар, дизайнер ва яна бошқа юзлаб касб эгаларидаги тинимсиз изланувчанлик, ижодий фикрлаш, янгилик яратишга бўлган сўнмас иштиёқ! Айни шу – ишга, вазифага, масала ва муаммолар ечимига ижодий ёндашув умуминсоний тарақққиётнинг ҳам беқиёс гарови ва кафолати ҳисобланади.
Шу сингари яратувчиликка йўналтирилган ижодийлик юриспруденция соҳасига ҳам хос жиҳат, ҳатто, талаб бўлмаслиги мумкин эмас.
Катта миқёсларда бу – қонун ижодкорлиги, мамлакатнинг ҳуқуқий доктринаси ҳамда ҳуқуқий фанларни ривожлантириш, ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш соҳаларини ўз ичига олади. Зеро, бу соҳалардаги ижодкорлик, илмий ва амалий изланишлар ўзининг таъсири ва аҳамияти билан умумий маънодаги ҳуқуқ тушунчасининг юксак такомилига олиб келади.
Ҳуқуқшунослар шуғулланадиган конкрет соҳа ва уларда йиғилиб қолган муаммоларга келадиган бўлсак, масалан, жамиятимиз ривожига жиддий тўғаноқ бўлаётган коррупция, унга қарши кураш, бу иллатни олдини олиш масалаларини эслашимиз мумкин.
Маълумки, дунёнинг илғор, ривожланган давлатлари бўлмиш Финляндия, Норвегия, Германия, Янги Зелландия, Сингапур сингари қатор мамлакатларда мазкур муаммо ўз долзарблигини, хавфлилик даражасини аллақачон йўқотган. Хўш, айни давлатлар бу натижага қандай эришганлар, нималар ҳисобига бу жамиятларда пора, порахўрлик, давлат бюджетини талон-тарож қилиш, таниш-билишчилик сингари бизни доимий безовта қилиб келадиган иллатларга кескин барҳам берилган?
Бу саволларга жавоб аниқ: коррупциядек хавфли касалликка қарши, биринчи навбатда, ўша мамлакатларнинг ҳуқуқшунослари астойдил бел боғлаб кураш бошлаганлари айни ижобий натижаларга олиб келган. Улар, аввало, ўз сафларини, кейин эса бутун жамиятни мазкур ижтимоий иллатдан халос қилишнинг янги, кутилмаган, таъсирчан усул-услубларини, механизмларини, қонуний йўлларини кашф қилганлар.
Хорижнинг шу тажрибаларини ижодий ўрганиш ва ўзлаштириш, энг муҳими – бизнинг реал ҳолатимиз, халқимиз менталитети, миллий имкониятларимиздан келиб чиқиб янги ташаббус, кураш усуллари, тарғибот йўллари ва самарали ҳаракатларни амалга ошириш мумкинми-йўқми? Бизнингча, нафақат мумкин, балки керак, зарур ҳам!
Яна бир нарсани унутмайликки, янги ғоялар яратадиган ва вазифаларга ноанъанавий тарзда ёндашувчи ижодкор кишилар аксарият иш берувчиларда доимий қизиқиш уйғотади. Ижодкорлик ва яратувчанлик фазилатлари мутахассисдан талаб қилинадиган кўникма, фазилатлар рейтингида юқори ўринни банд қилади.
Бугунги кун тараққиёт шиддати ҳар бир давлат ва унинг фуқароларидан мунтазам тарзда янгилик сари интилишни, янги ғоялар, ташаббуслар, кутилмаган ёндашувлар ва ечимларни талаб этади. Бу жараёндан қисқа муддат узилиб ёхуд ортда қолиш пировардида сезиларли қолоқликни, демакки, ҳамма соҳада илғор давлатларга қарамликни келтириб чиқариши тайин.
Бошқа томондан бугунги юрист шиддат билан ўзгараётган замон билан ҳамнафас, унинг тўлақонли иштирокчиси бўлиши даркор. Чунки деярли ҳар куни биргина республикамизнинг ўзида қанча янгидан-янги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқий нормалар тасдиқланяпти, бирининг ўрнига бошқаси жорий этиляпти. Бу жараён ҳам теп-текис, камчиликлардан ҳоли бормаётгани ҳеч кимга сир эмас. Янги қонунлар, кодексларда бир-бирини такрор ёхуд инкор этувчи нормалар, зиддиятли кўрсатмалар истаганча топилади. Шу ва шунга ўхшаш масалаларни кўтариб чиқиш, батафсил муҳокама қилиш ва самарали ҳал этишда, қонунчилигимизни, миллий ҳуқуқ тизимимизни ислоҳ қилишда бизга яратувчанлик, изланувчанлик, ташаббускорлик қобилиятига эга юрист кадрлар сув билан ҳаводек зарур. Айнан шундай – янги ғоя ва ташаббусларни дадил олға сура оладиган креатив юристларгина юртимизнинг ҳуқуқ соҳаси бўйича ривожланган давлатлар қаторига киришида ҳал қилувчи ролни бажарадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |