15. Халқаро хусусий ҳуқуқда реторсия нимани англатади? Ҳуқуқни қўллашда ўзаро жавоб тариқасида чеклашлар (реторсия)га ҳам йўл қўйилади. Агар бир давлат бошқа бир давлат ёки унинг фуқароларини ноҳақ камситиш йўли билан унга зарар етказиш учун қандайдур чора-тадбир қўллаган бўлса, бошқа давлат ҳам унга нисбатан шунга ўхшаш чекловлар, яъни чора-тадбирни жавоб тариқасида қўллаши мумкин. Бундай чора-тадбирни қўллашдан асосий мақсад биринчи давлат томонидан қўлланган чекловнинг бекор қилинишига эришишдан иборат.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига биноан чеклов чоралари (реторсия)ни жавоб тариқасида маълум давлат (давлат органлари, фуқаролари, юридик шахслари)га нисбатан қўллаш камситмаслик тамойилининг бузилиши сифатида қаралмайди, яъни камситиш деб ҳисобланмайди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан 1994 йил 6 май куни ратификация қилинган 1961 йилги Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена Конвенциясига биноан "чет давлати вакиллигини аккредитация қилувчи давлат томонидан мазкур Конвенциянинг чеклов қоидаларининг қўлланиши" камситиш деб ҳисобланмайди. Ана шундай қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Божхона божи тўғрисида" ва "Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги қонунларида ҳам назарда тутилади.
16. Ҳуқуқ тизимлари кўп бўлган мамлакат ҳуқуқини белгилаш муаммолари? O’zbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksi 1166-modda. Huquqiy tizimlari ko‘p bo‘lgan mamlakatning huquqini qo‘llash
Bir necha hududiy yoki boshqa huquqiy tizim amal qilib turgan mamlakatning huquqini qo‘llash lozim bo‘lgan hollarda huquqiy tizim shu mamlakat huquqiga muvofiq holda qo‘llaniladi.
Бундай танлов зарурати ҳуқуқнинг мустақил тизимостиларига эга маъмурий-ҳудудий тузилмалари мавжуд бўлган мамлкатларда тез-тез юз беради. Асосан бу — субъектлари ўзларининг мазмунан фарқланадиган, суд прецедентлари ва улар томонидан қабул қилинган қонунларидан ташкил топган ҳусусий ҳуқуқ тизимига эга бўлган федератив тузилмадаги давлатлардир. Натижада «штатлараро» коллизиялар деб номланган, турли штатлар ҳуқуқи ўртасида коллизиялар келиб чиқади. Бундай миллий ҳуқуқ тизимости ички коллизияларини бартараф этишга ФКнинг 1166-моддаси хизмат қилади. Масалан, низоли масалага қўлланувчи сифатида Америка ҳуқуқини белгилаб олгандан сўнг, ушбу муносабатни АҚШнинг айнан қайси штатининг қонунчилиги тартибга солишини аниқлаш учун ФКнинг 1166-моддасининг қоидасидан фойдаланиш зарур. Бунга хозирги замон амалиёти ва доктринаси бир хилда жавоб беради, яъни ушбу масалани танланган мамлакат ҳуқуқигина ҳал қилиши мумкиндир. Аниқ мамлакат ҳуқуқи бутунича танланади, шу туфайли чет эл ҳуқуқини танлаш билан боғлиқ ҳар қандай масала чет эл ҳуқуқининг ўз нуқтаи назари билан ҳал қилиниши керак.