II босқич – “ҳижрат” (арабчадан таржимаси – “кўчиш”, “эмиграция”) ва “эъдод” (арабчадан таржимаси – “тайёргарлик”) босқичи бўлиб, бу босқичда танлаб олинган номзодлар қўпорувчилик-террорчилик хуруж-ларини амалга ошириш бўйича кўникмаларни эгаллаш мақсадида Ўзбекистондан ташқарига (Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Афғонистон ва Покистонга) олиб чиқиб кетилади ва улар билан махсус жанговар тайёргарлик ишлари амалга оширилади.
Иккинчи босқичдан муваффақиятли ўтган “жамоат” аъзолари “жиҳод”ни амалга ошириш учун Ўзбекистонга қайтиб келадилар.
III босқич – “жиҳод” (уларнинг наздида “кофирларга қарши муқаддас уруш”) босқичи бўлиб, бу босқичда “жамоат” аъзолари Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг, республикамиз ҳудудида бевосита террорчилик хуруж-ларини амалга оширишга тайёргарлик кўришади. Ўзларининг маълум муддат давомида яшаш манзилида бўлмаганликларини пул ишлаш учун республикадан ташқарига бориб келганлиги билан изоҳлашга ҳаракат қилишади.
“Жиҳод”ни амалга оширишдан олдин маълум бир тайёргарлик даври талаб қилинади. Бу даврда моддий муаммолар (қўлбола портловчи қурилма-лар ва “шаҳидлик камари”ни тайёрлаш учун махсус жой топиш, алоқа воситалари билан таъминлаш, қўлбола портловчи қурилмаларни тайёрлаш учун материаллар ва қуроллар сотиб олиш, объектларни белгилаш ва бошқа масалалар)ни ҳал этиш ишлари ва мафкуравий ишлов давом эттирилади.
Бу даврда ташкилотчилар террорчилик хуружларига тайёргарлик давомида унинг иштирокчиларини бошқалардан алоҳида ажратиб қўйишга ҳаракат қиладилар. Уларни “зомбилаштириш” ва ўз кучига ишончни мустаҳкамлаш учун уларга жангариларни тайёрлаш, жанговар ҳаракатлар ва портлатишлар (шу жумладан, “шаҳидлар”нинг ўзини ўзи портлатиш саҳналари) акс эттирилган видеолавҳалар Қуръони Карим оятларини шарҳлаган ҳолда намойиш этилади.
“Жиҳодчилар” реакцион экстремистик оқимининг ўзига хос томонлари - эътиқод масаласида ашаддий фанатизм, ўз сиёсий душманларига қарши кураш масаласида эса - экстремизмдан иборат.
“Жиҳодчилар”га хос бўлган хусусиятлардан яна бири уларнинг ўз фаолиятида асосий эътиборни диний эътиқоддан сиёсий мафкурага қаратиши ҳисобланади. Ушбу оқим раҳнамоларининг фикрича, дин нафақат инсоннинг шахсий иши, балки жамият тузилишининг асоси бўлиши лозим. Шу муносабат билан улар давлат тепасига “ҳақиқий” мусулмонларнинг келиши учун фаол куч ишлатишга даъват қилишни давом эттириб келишмоқда. Сўнгги пайтларда “Жиҳодчилар” ўзларининг диний-тарғибот фаолиятини ташкил қилишда Ўзбекистондаги ўтиш даврига хос бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммолардан ҳам усталик билан фойдаланишга ҳаракат қилиб келишмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |