I босқич – “илм” (арабчадан таржимаси –“билим”) босқичи. Бу босқичда “жиҳодчилар” оқимига янги номзодларни топиш, уларни ҳар томонлама ўрганиш, сўнгра фаолиятига жалб қилиш ва ислом асосларини ўқитиш ишлари амалга оширилади.
“Жиҳодчилар” ўз стратегиясини амалга оширишда асосий эътиборни, дастлаб, ушбу оқимга янги жалб қилинган аъзоларга ислом динини ўргатишга қаратишади. Энг аввало, уларга араб алифбоси ва грамматикаси ўргатилади. Бу мақсадда “амир” ва “жамоат” аъзолари араб тилини ўрганиш бўйича республикамизда фаолият кўрсатиб келаётган тил ўрганиш курсларининг имкониятларидан ҳам самарали фойдаланишга интилишади. Шу билан бир вақтда Қуръони карим ва ҳадисларни ўрганишга киришилади. Сўнгра, уларга шариат қонун-қоидалари, талаблари тўғрисидаги расмий диний адабиётлар асосида дарс машғулотлари ўтилади. Ушбу машғулотлар ўтиб бўлингач, “жамоат” аъзоларига яширин равишда чоп этилган экстре-мистик мазмундаги адабиёт ва варақалар тарқатилади. Сўнгра, дарс машғулотларида Мирзаев Абдували қори ва Назаров Обид қорининг ғайриконституциявий мазмун билан йўғрилган ваъзлари ёзилган аудио-видеотасмалар, CD-DVD дисклардан фойдаланилади.
Шундан сўнг, “жамоат” аъзолари орасида бузғунчи ғояларни тарқатиш (республикада ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг мавжудлиги, аҳоли турмуш тарзининг ёмонлашиб бораётганлиги, “ҳақиқий мусулмонлар”нинг қатағон қилинаётганлиги, “жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳбусларнинг оғир аҳволи” ва бошқалар)га эътибор кучайтирилади. Дарс машғулотларида эса Тоҳир Йўлдошнинг “жиҳодга даъвати” ёзилган аудио-видео тасмалардан фойдаланилади. Шу тариқа, “жамоат” аъзоларига аста-секинлик билан Ўзбекистондаги мавжуд конституциявий тузумни ўзгарти-риш лозимлиги тўғрисидаги ғоялар сингдириб борилади.
I-босқич ниҳоясига етгач, “яхши тайёрлик кўрган” “жамоат” аъзоларига Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдариб, унинг ўрнида “мусулмонларга яхши ҳаётни таъминлайдиган” теократик шаклдаги давлат тузумини ўрнатиш учун тегишли махсус тайёргарлик (“эъдод”)ни ўташ учун “ҳижрат” қилиш, яъни республикадан ташқарига – бориш манзили номаълум бўлган ҳудудлар (Россия, Қозоғистон, Афғонистон, Покистон, Эрон ва бошқа мамлакатлар)га бориш таклиф қилинади. Бу таклифга кўнмаган “жамоат” аъзолари қўшимча мафкуравий ишловга олинади ва зарур бўлган тақдирда, бошқалардан алоҳида ажратиб қўйилади. Бошқа “жамоат” аъзоларига улар билан муомала қилиш қатъий тақиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |