Интернетда кўплаб турли хил пакетлардан фойдаланилади, лекин асосийларидан бири бу - IP-пакетдир (RFC-791). IP-протокол ишончли бўлмаган транспорт муҳитини таклиф этади. Мазкур протоколнинг маълумотларни узатиш алгоритми жуда ҳам оддий: хато ҳолларда дейтаграмма ташлаб юборилади, жўнатувчига эса тегишли ICMP-хабар юборилади (ёки ҳеч нарса юборилмайди).
IP-протоколида тармоқлараро хизматларни таъминлаш учун тўртта асосий механизм қўлланилади: хизмат кўрсатиш тури, пакет яшаш вақти, сарлавҳанинг назорат йиғиндиси, қўшимча имконият(опция)лар.
Хизмат кўрсатиш тури тармоқлараро дейтаграмманинг тармоқлараро тизим орқали узатилишида талаб этиладиган сифатни кўрсатиши учун фойдаланилади.
Пакет яшаш вақти тармоқдаги дейтаграмма мавжуд бўлиш вақтининг юқори чегарасини кўрсатади. Ушбу кўрсаткич жўнатувчи томонидан берилади ва тармоқлараро дейтаграмманинг маршрут нуқталари бўйлаб ҳаракатланишига кўра камайиб боради. Тармоқлараро дейтаграмма вақти қабул қилиб олувчига етиб боргунига қадар нол бўлса, у ҳолда ушбу дейтаграмма йўқ қилинади.
Сарлавҳанинг назорат йиғиндиси ундаги маълумотлар ҳимоясини таъминлайди. Агарда модуль сарлавҳада хатоликни аниқласа, у ҳолда ушбу тармоқлараро дейтаграмма уни аниқлаган модуль томонидан йўқ қилинади.
Қўшимча имкониятлар айрим қўшимча хизматлар бажарилишини таъминлайди, масалан, маълумотларни ҳимоялаш ва махсус маршрутлаштириш усуллари.
IPv4 протоколи IPv4 протоколи ўтган асрнинг 70-йилларида ишлаб чиқилган. 232 та адресларини тақдим эта олиш имконига эга бўлган бу протокол бир қанча камчиликларга эга. Энг асосийси, адреслар сони барча эҳтиёжларни қондириш учун камлик қилади. Бундан ташқари хавфсизлик масалалари ушбу протоколда кўриб чиқилмаган.
IPv4 пакетлар формати IPv4 пакетлар формати 1-расмда кўрсатилган.
Сарлавҳа майдонларининг функционал вазифаси қуйидагилардан ташкил топган:
Версия майдони (Version) мазкур тармоқлараро протокол версиясини кўрсатади. Ҳозирги вақтда протоколнинг 4-версияси билан биргаликда (яъни 0100 майдонида) протоколнинг 6-версиясидан фойдаланиш бошланади (яъни 0110 майдонида).
Сарлавҳа узунлиги майдони (Header Length) тармоқлараро диаграмма сарлавҳасининг 32 разрядли сўзлардаги узунлигини кўрсатади. Энг кам (минимал) узунлик – бешта сўз, энг катта (максимал) узунлик –32-разрядли сўзлардан ўн бештаси.
Сервис тури майдони (Type of Service) хизмат кўрсатишнинг талаб этиладиган сифати параметрларини кўрсатади. Устуворлик эса, ҳар бир дейтаграммага устуворлик кодини бериш орқали пакетларни узатилишида унга устунликлар беради.
Битлар: 12 - D (delay) — кечикиш, 13 - Т (throughput) — самарадорлик (ўтказиш қобилияти), 14 - R (reliability) — ишончлилик, С (cost) — нарҳи.
Пакетнинг тўлиқ узунлиги майдони (Total Length) дейтаграмманинг сарлавҳа ва фойдали иш юки билан бирга, октет(байт)лардаги умумий узунлигини белгилайди. Пакетнинг тўлиқ узунлиги 65535 байт (216-1=65 535)гача етиши мумкин.
Умумий идентификатор майдони (Identification) тармоқлараро дейтаграммалар фрагментларини йиғиш учун мўлжалланган.
Байроқ (Flag) майдони дейтаграммаларни фрагментациялаш имкониятини таъминлайди ҳамда фрагментациядан фойдаланишда дейтаграмманинг сўнгги фрагментини идентификациялаш имконини беради. “Флаглар” майдонининг 0 бити заҳирада бўлиб, 1 эса пакетларни фрагментациясини бошқариш учун хизмат қилади (0 – фрагментациялаш рухсат этилади; 1 - таъқиқланади), 2 бити мазкур фрагмент сўнггиси ёки сўнггиси эмаслигини аниқлайди (0- сўнгги фрагмент; 1 – давомини кутмоқ лозим).