Дарснинг мавзуси: “Сув ости дунёси” мавзусида расм ишлаш.
Дарснинг вазифалари: ўқувчиларни сув остидаги ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари ва тушунчаларини янада кенгайтириш. Уларда ижодкорлик, фантазия ва бадиий дидни ўстириш, тасвирий малакаларни ривожлантириш, табиатга нисбатан меҳр-мурувватли бўлишга, уларни асраб-авайлашга ўргатиш.
Дарснинг жиҳозланиши: денгиз ҳайвонлари ва ўсимликларнинг тасвирлари. Денгиз остини акс эттирувчи слайд, диапозитив, диафильм ва бошқалар. Денгиз остини акс эттиришга бағишланган композиция вариантлари.
Дарснинг мазмуни: дарс мавзуси қатор ташкилий ишлар ва методик суҳбатлар ўтказишни тақоза этади. Ана шундай ишлардан бири сув ости дунёсига болаларнинг ҳаёлий саёҳатини уюштиришдир. Бу дарс пухта тайёргарликни талаб этганлиги учун ўқитувчи аввалги тасвирий санъат дарсида болаларга сув ости дунёсига тааллуқли бўлган расмлар, репродукциялар тўплашни вазифа қилиб топширади. Ҳаёлий саёҳат қуйидагича мазмунда бўлади. Маълумки, сув ости дунёси, яъни океанлар, денгизлар, кўллар, дарёлар ниҳоятда турли-туман ғаройиботларга эга. Хусусан, океанда ҳайвонларнинг 160.000 дан ортиқ, ўсимликларнинг 10.000 дан ортиқ турлари мавжуд. Сув ҳайвонлари орасида кўпчилигини балиқлар, (кит, акула, дельфин, лаққа балиқ, букри, қилич балиқ, япалоқ балиқ в.б.) ташкил этади. Уларнинг энг каттаси кит ҳисобланаб, узунлиги 33 метрга боради. Акулаларнинг узунлиги эса 10 метргача боради. Сувларда балиқлардан ташқари, денгиз тошбақалари, саккизоёқлар, илонлар, тимсоқлар, қурбақалар, тюлен ва бошқалар ҳам ҳаёт кечирадилар. Афсоналарга кўра денгиз ва океан қаърида ярми аёл, ярми балиқ “Русалка”лар, денгиз шоҳлари, денгиз отлари ва девлари, аждарлари яшайди. 50-расм. Бу сув ҳайвонларининг тузилиши, шакли, ранги, ўлчовлари шунчалик турли-туман, ранг-барангки, агар уларни ўзаро солиштирилса, улар ҳар қандай одамни ҳам ҳайратлантириши шубҳасиздир.
Масалан, дунёдаги балиқларнинг ўзи 25.000 турдан иборат бўлиб, улар илон шаклида, юмалоқ шаклда, пакана шаклда, япалоқ шаклда, боши катта, танаси кичик ва аксинча, думи ўзидан узун, чиройли ва беўхшов, беозор ва вахший, ақлли ва беақл, серҳаракат, учар ва ноҳаракат турли-туман бўладилар. Булардан уларнинг ранглари ҳам қолишмайди. Уларнинг оппоқлари, ям-яшиллари, қип-қизиллари, қоп-қора, зангори, жигарранг, қисқаси ҳамма рангдагилари бўлади. Ҳаттоки 3-4 рангли балиқлар ҳам бўлади. Бир балиқдаги бир неча ранглар бир-бирларига яқин, шунингдек, контраст бўлиши мумкин. Балиқлар сув остидаги қояда, тошлар ичида, силлиқ тошларнинг ораларида, ўсимликлар, балчиқ ва қумлар ичида ўзларига ин ясаб ҳаёт кечирадилар.
Сув ҳайвонлари ва ўсимликлари ҳақида ҳам ана шундай турли-туманлик мавжуд. 51-расм. Уларнинг ҳам узун, яполоқ, думалоқ шаклдагилари, тўп бўлиб ўсадиганлари бўлади. Бундай умумий суҳбатдан сўнг имкони бўлса ўқитувчи сув ости дунёсидаги ҳаётни акс эттирувчи диафильм ёки кинофильм намойиш этса дарс янада самарали бўлади. Бу дарсда болаларга бериладиган топшириқ сув ости дунёсига қилинган саёҳат асосида унинг тасвирини ишлашдан иборат бўлади.
Болалар ўзлари ишлаётган тасвирларида қуйидаги кўринишлардан биронтасини акс эттиришлари тавсия этилади:
1. Сув остидаги ҳайвонларнинг тинч ҳаёти. 2. Сув ости ҳайвонларининг ўзаро жанги. 3. Ғоввосларнинг сув ости дунёсини ўрганишлари. 4. Афсонавий ҳайвонларнинг (русалка, дев, денгиз шоҳи, аждар, сув отлари в.б.) сув остидаги ҳаёти ва бошқалар.
Топшириқни бажариш техникасини ҳар бир ўқувчининг ўзи танлайди. у акварель, гуашь, рангли қоғоздан, табиий материаллар (барг, илдиз, дарахт, шоҳлари, газмол парчалари, ташландиқ материаллар, тош, ўсимлик в.б.) дан бўлиши мумкин.
Болалар ижодий ишга киришишларидан аввал ўқитувчининг уларга мавзу юзасидан тайёрлаган композиция вариантларини ёки уларнинг схемаларини кўрсатиши, топшириқни юксак даражада бажарилишига ёрдам беради. Бундай материаллардан фойдаланиш ўқитувчи томонидан олдиндан ҳисобга олиниши ҳамда бу ҳақда болаларга аввалги дарсда тегишли кўрсатмалар берилган бўлиши лозим. Агарда дарс жараёнида болалар ўз ишларини фақат қаламда тасвирлаб улгурганлари тақдирда, уни тегишли бадиий ва табиий материаллар билан уйда давом эттиришлари мумкин.
Ўқитувчи томонидан кўргазмали қурол сифатида намойиш этилган ишлар синф доскасида дарс охиригача сақланади. Ўқувчилар улардан бемалол фойдаланадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |