Археология мероси ва фани ҳақида баъзи мулоҳазалар.
Сулаймонов Р. ЎзМУ профессори,т.ф.д.
Бугунги кун илм-фани ва маданиятини археологиясиз тасаввур қилиш қийин. Негаки унинг сиз энг қадимги замонларда кечган турли жараёнларни тиклай олмаймиз. Айнан археология ёдгорликларида инсониятнинг қадим излари сақланган бўлади. Ўтмиш моддий маданияти шаҳарлар, қалъалар, тош асри манзиллари ва улардан топилган эски буюмлардангина эмас, балки савдо йўллари, суғориш иншоотлари – ариқлар, тўғонлар ва кўприклар, муҳофаза иншоотлари – деворларда ўз аксини топган. Экин-тикинчилар турмушига оид гувоҳликлар қадимги суғорма деҳқончилик амалга оширилган экин майдонларига тортилган эгатларда ҳам сақланиб қолган. Бу жараён Хоразмнинг суғорма деҳқончилик майдонларининг кўҳна ва ўрта асрларга оид пол ва эгатлари XX аср аэрофотосуратларида яхшигина акс этган.
Умуман, бу дунёда яшаб ўтган одам борки, ундан қандайдир моддий маданият изи сақланиб қолади. Демак, ҳозирги замон археология фани мураккаб кўп тармоқли илмий тадқиқотларга айланган. У геология, экология, палеоклиматология, ер юзи биосферанинг тарихи ҳамда бошқа бир қатор табиий фанлар билан узвий боғланган ҳолда ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистонда археологиянинг мустақил фан йўналиши сифатида шаклланиши 1940 йили Ўрта Осиё давлат университетида(ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) “Ўрта Осиё археологияси” кафедраси ва 1943 йили Ўзбекистон ССР ФА таркибидаги Тарих ва археология институтининг очилишидан бошланади. Деярли етмиш йил ичида Ўзбекистонда археология фанининг барча йўналишлари шаклланиб, прхеология тадқиқотларининг учта мустақил мактаби вужудга келди. Биринчиси – Ўрта Осиё давлат университети таркибидаги М. Е. Массон ва унинг шогирдлари асос солган Тошкент археология маркази, иккинчиси – С.П. Толстов асос солган Хоразм археология ва этнография мактаби, учинчиси – Яҳё Ғуломов номидаги Археология институти. Уларнинг республика миқёсидаги кенг кўламда дала археологик тадқиқотларини амалга ошириши XX асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади.
Ўзбекистондаги археология фани ҳақида гап кетар экан, унинг даврий ва ҳудудий чегараларини аниқлаш зурурати туғилади. Эндиликда энг қадимги одамларнинг юртимизда топилган излари миллион йилдан кам эмаслиги аниқланган. Аммо бу мамлакатимизда қадимги тош даврига оид ўзига хос маданияти бор дегани эмас. Ўзбекистоннинг мазкур чоғдаги одамлари ўз келиб чиқиши ва ирқий ҳамда маданий алоқалари нуқтаи назаридан Европа қитъасидаги Клектон ва Гейделберг манзилларидан бошлаб, Кара Бом, Томчибулоқ ва Хитойдаги Шуйдунгоу манзиллари доирасига кирган трансконтинентал тарихий-маданий кенгликнинг ажралмас бўлагида шаклланган маданиятининг илк одамларидан саналадилар. Бундан ташқари, Яқин Шарқда Фаластин, Ироқ, Эрон қадимги тош чоғи маданиятининг тараққиёти ҳам Турон ҳудудининг босқич маданиятига уйғун ва синтенетик тарзда алоқада бўлиб келган.
Археология фанида ўрганилиши зарур бўлган муҳим соҳаси ҳозирги даврдаги вазиятга мутлоқа тескари бўлган экологик шароитларда инсониятнинг доимо мослашиш йўлларини топиб, маданиятини борган сари такомиллаштириб келгани масаласидир. Мисол учун, ҳозирги Қизилқум ва Қорақум саҳролари қадимги тош даврида яшнаган кўкаламзор, дараёларнинг сув бўйларини тўқай ва бутазорлар эгаллаган ажойиб маскан бўлган. Милоддан олдинги VII-IV минг йилликлар хукм сурган бундай экологик манзара Атлантик давр деб аталади. Минтақамизда музликларнинг эришиши натижасида, ҳозирги Қизилқум ва Хоразм атрофидаги чўлларда юзлаб серсув кўл ва кўлмаклар ҳосил бўлган. Натижада, Қизилқум ўрнида даштлар, тўқайзорлар пайдо бўлган. Аҳоли бу ердаги юзлаб манзилгоҳларда термачилик, балиқчилик ва овчилик билан кун кечирган. Манзилгоҳлардан қўй эчки, қорамол ва туя суяклари топилган. Демакки, туя ҳам хонакилаштирилган.
Милоддан олдинги IV-III минг йилликларда иқлимнинг совуши ва сув тармоқларининг қуриши натижасида Қизилқум ҳудудида саҳролашув жараёни бошланган. Натижада, Калтаминор маданияти вакиллари шимол томон кўчишиб, Евроосиё даштликларига бориб ўрнашганлар. Айнан уларнинг таъсирида Европада ҳиндевропа тиллари тарқалган.
Милоддан олдинги III минг йиллик ўрталарида Ўрта ер денгизи тубидаги Санторин вулқони портлайди. Натижада, Яқин шарқ, Жанубий Европа, Шимолий Африка ҳудудларини бир неча йил қора тутун қоплайди. Шу сабабли, у ердаги аҳоли Европанинг шимолига ва Осиё қитъасига кўчишга мажбур бўлишади. Жумладан, жанубий Франция ҳудудидаги энеолит даври аҳолиси Олтой ҳудудларига келиб жойлашадилар. Айнан улар скифларнинг узоқ аждодлари ҳисобланишади.
Милоддан олдинги II минг йиллик ўрталарида Андронова маданияти вакиллари ўз юртларида юз берган қаҳатчилик натижасида ватанларини ташлаб жанубий ҳудудларга кириб келадилар. Арийлар Европага бостириб кириб, Крит маданиятига барҳам бериб, бу ерда янги Микен маданиятига, Мисрда гиксослар, Месопатамияда касситлар сулоласига асос соладилар. Хитойда Ся давлатига барҳам берганлар ва натижада Шан Ин давлати пайдо бўлади.
Милоддан олдинги XIV-XIII асрлардан бошлаб янги археологик маданият – илк темир маданияти(ёки геометрик шаклда безалган кулолчилик маданияти) бутун Турон ҳудудларига тарқалади. Бу геометрик нақш Евроосиёнинг бошқа ҳудудларида ҳам учрайди. Ўзбекистон ҳудудидаги илк темир маданияти ёдгорликлари “Авесто” талқинидаги аҳоли тарафидан қолдирилгани аниқ.
Милоддан аввалги III асрда тектоник кўтарилиш юз бериб, натижада Сирдарёнинг Орол денгизига қуйилиш қисмидаги ўзани шимол томонга бурилиб, янги ўзан ҳосил қилади. Унинг сувлари Орол денгизига шимол томондан қуйила бошлайди. Эски қуйилиш қисми ўзанлари Инқардарё, Қувандарё, Ақча дарёлар сувсиз қолгач, даҳлар барпо қилган воҳалар қурий бошлайди. Натижада дахлар бу ерларни тарк этишга мажбур бўладилар.
Дахларнинг бир қисми Сирдарё бўйлаб бориб, Фарғона водийсини ўзлаштирадилар.Улар бу ерда ҳам хоч шаклидаги ибодатхоналар (Арктепа, Билавуртепа ва Каркидон сув омбори олдидаги ёдгорликларда)ни барпо этадилар.
Аждодлари аслида кўчманчи бўлган дахлар милоддан олдинги V-IV асрларда Сирдарёнинг қуйи оқимида яшаганлар. Улар деҳқончилик қилишган, шаҳарлар барпо этишган. Шаҳарлар икки хил планда қурилган. Биринчи план шаҳарлар квадрат шаклидаги баланд қаср, атрофи квадрат шаклидаги мудофаа девори билан ўралган бўлган. Милоддан олдинги IV асрда Сирдарёнинг қуйи оқимида қурилган Бабишмула қасри шу усулда қурилган бўлган. Иккинчи хилдагисида шаҳар майдонининг асосий қисми тўртбурчак девор билан ўраб олинган. Унинг ичида шаҳар аҳолиси жойлашган бўлиб, унинг бир бурчагида арк қад кўтарган. Шунингдек, улардан бизга қўрғон шаклида қурилган мақбаралар ҳам етиб келган. Мақбаралар плани доира, тўртбурчак ва хоч рамзлари кўринишида қурилган. Доира –осмон, тўртбурчак –ер ва хоч – қуёш тимсоли ҳисобланган.
Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихига археология фани нуқтаи назаридан ўта қисқа равишда кўз ташлаб ўтишнинг ўзиёқ, тарихий ва маданий меросимизнинг қанчалар улкан ва бойлигини кўрсатади. Шу маънода, бугунги энг бош вазифамиз мавжуд ёдгорликларни сақлаб қолиш, ўрганиш ва улардан оқилона фойдаланишдан иборатдир. Йиллар ўтган сайин кишиликнинг эҳтиёжи ортиб бораверади. Шаҳарлашув жараёни натижасида бунёд этилаётган янги шаҳар ва қишлоқлар, улар томон олиб борувчи йўллар, сув иншоотлари кўплаб археологик ва меъморий ёдгорликларга жиддий путур етказиши турган гап. Бунга оид мисоллар ҳам етарлидир.
Маданият вазирлигининг ахборотига кўра, XX асрнинг 80-йилларида Ўзбекистонда 7000 га яқин археология ёдгорлиги бўлган. 2019 йилдаги маълумотга кўра, уларнинг сони 4308 тани ташкил этмоқда.
Сўнгги йилларда бошқа соҳаларда бўлгани сингари сўз кетаётган йўналишда ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Президентимиз Ш. М. Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган бир қатор ҳужжатлар тарихий-маданий меросимизни сақлаб, улардан оқилона фойдаланишга кенг йўл очиб берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |