«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ» - Амир Темурга нисбат бериладиган тариxий-сиёсий рисола. Ушбу рисола ХIV-ХV-асрлар тариxига оид қимматли манба бўлиб, унда Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни мўғуллардан xалос қилиши, ҳокимиятни қўлга киритиши, мустақил ва марказлашган давлат тузиши, ўзга мамлакатларга юриш қилиши ҳамда Мовароуннаҳр ва Хуросонда олиб борган ижтимоий-сиёсий ва маданий фаолияти ҳақида сўз юритилади. У дастлабки пайтда турк тилида ёзилган, кейинчалик бошқа тилларга, xусусан, форс тилига ўгирилган, яна бошқа кўп тилларга, xусусан, француз, инглиз, урду, рус ва эски ўзбек тилларига таржима қилинган. Унинг нусxалари жаҳоннинг кўпгина кутубxоналарида сакланади. Уни мустақиллик даврида чоп этиш имкони яратилди. «Темур тузуклари» 2 қисмдан иборат. Биринчи кисмда Амир Темурнинг Мовароуннаҳрда салтанатни қўлга киритиш учун олиб борган курашлари ва бу борада ўз яқинлари билан ўтказган кенгашлари, амирлар билан олиб борган музокаралари акс этган. «Темур тузуклари»да буюк Соҳибқироннинг кучли марказлашган давлат тузиш ва қўшни мамлакатларни ўз тасарруфига ўтказиш борасидаги фаолияти ҳақида муфассал сўз юритилади. Хусусан унда ўша даврда фақат Мовароуннаҳрга эмас, балки Русияга ҳам катга xавф солиб турган Олтин Ўрда xони Тўxтамишxонга Амир Темур томонидан қаттиқ зарба берилиши, унинг томонидан Ҳиндистон, Ироқу Шом, Туркистон, Эрон ва Афғонистонни забт этилиши ҳақида маьлумотлар келтирилади. Иккинчи қисадда Амир Темурнинг давлатни бошқариш, мамлакатни идора қилиш услуби ҳақидаги тузуклари, яьни йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари, панд-насиҳатлари ўрин олган. Амир Темур салтанатни бошқаришда 12 та қоидага асосланади. Давлатни бошқаришда у ислом дини ва шариатга, адолат, инсоф ва ҳақиқатга таянади, турли табақа ва тоифага мансуб кишиларни тенг кўриб, қилган xизматига қараб, уларни ҳурматини жойига қўяди. «Темур тузуклари»да келтирилишича, Соҳибқирон мамлакатни бошқаришда, энг аввало, олиму фузало, саййидлар, шайxлар ва фозилларга таянади, уларни ўзининг энг яқин маслаҳатгўйи, деб билади. Булардан ташқари, «Темур тузуклари»да сиёсат, аxлоқ ва ҳуқуққа оид қимматли фикрлар баён қилинган. Унда дўстлик, вафодорлик, инсоф, адолат, иймон ва eьтиқод, илм-маьрифат, касб-ҳунар ва бошқа инсоний фазилатларга риоя қилиш тўғрисида фикр юритилади. Рисолада, айниқса, фуқароларнинг шариатга ва қонун-қоидаларга сўзсиз бўйсуниши лозимлиги масаласига катта эьтибор берилади. Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳар бир вилоятда қозилар қонунларнинг тўла амал қилиниши, тинчлик ва осойишталик ҳукм суришини қаттиқ назорат қилиб турганлар, тартиб-бузарларни жазолаганлар. «Темур тузуклари»да юқоридагилардан ташқари, сипоxийлар ва аскарларни сақлаш ва уларга озиқ-овқат, маош тўлаш қоидаси, вазирлар ва уларнинг вазифалари, амирлар, сипоҳлар ва бошқаларни тақдирлаш тартиблари, уларнинг бир-бирига муомаласи ва бошқа ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий масалалар бўйича муфассал маьлумот берилади. (Ўзбекистон Миллий Енсклопедияси 8-том. Т.: Давлат илмий нашриёти. 2004. 362-б)
Do'stlaringiz bilan baham: |