Тогай Мурод
Ойдинда юрган одамлар
— Қулоқ сол, момоси, қулоқ сол. Қаердандир одам овози келяпти...
Сайрак адирда ёнбошлаб ётмиш бобомиз, момомизга шундай дедилар.
Бобомиз оғизларини анграйганнамо очдилар. Ўнг қулоқларини еллар елмиш тарафга тутдилар. Еллар, овозларни ёрқин олиб келмадилар. Бобомиз ўнг кафтларини қулоқлари сиртига тутдилар. Елпана қилдилар. Нафас олмадилар. Борвужудларини бериб қулоқ солдилар. Бобомиз шунда-да бир нимани эшитмадилар. Чуқур тин олдилар. Бобомиз ойдинга тикилдилар.
— Манови ёқдан шекилли... — дедилар. — Ўзи, вақтинг хушми, момоси? Эсон-омон юрибсанми?
Тўрт мучалинг бутми?..
Совчилар қадами қизлик эшикка шараф! Совчилар оқшом вақти келди. Уй бекаси дастурхон ёйди. Хўжаси мезбонлик қилди.
— Хуш кўрдик, хуш кўрдик, — деди.
— Хушвақт бўл, қассоб, хушвақт бўл, — деди совчилар. — Қани, илоҳи омин, шу уйда катта-катта тўйлар бўлсин, оллоҳ-акбар!
— Оллоҳ-акбар! Айтганингиз келсин!
Паловдан кейин тарвуз сўйилди. Совчилар одатлари бўйича у ёқ-бу ёқдан гапиришиб ўтирди. Eсон қассобни ҳаминқадар элади. Кейин, мақсадга ўтди.
— Синглингнинг бошига бахт қуши қўниб турибди, қассоб, учириб юбормасанг бўлди, — деди.
— Аслини билмай, сўз демаслар, наслини билмай, қиз бермаслар, — деди қассоб. — Ким экан, у?
Қишлоқда бир бўзбола бўлади. Бўзбола елкадор, пишиқ қоматлик бўлади. Кулча юзларида чуқур-чуқур кулдиргичлари бўлади. Қўй кўзлик, сийрак қошлик бўлади. Бўзбола қоматини ғоз тутади. Жойида тик туради. Қўлларини кўкрагига қовуштиради ё белигатирайди. Бир нуқтага тикилади. Қаерга тикилади, нимага тикилади? Билмаймиз, биз билмаймиз. Инчунин, ўзи-да билмайди. Бўзболани илк бор кўрамиз. Шунда, бу бола ё қаттиқ қайғуда, ё бир нимани ўйлаб ўйига етолмаяпти, деймиз. Юриш-туришидан... кеккаяди, ўзидан ўзгани оёғи билан кўрсатади, деймиз…
Чингиз АЙТМАТОВ
БИРИНЧИ МУАЛЛИМ
Бу суратни ҳали тамом қилганим йўқ. Қандай чиқишини ҳозирча айтиш қийин. Ҳар куни илк саҳарда туриб, хомаки этюдларимни яна икки-уч марта кўздан кечирарканман, тонг сукунатида у ёқ-бу ёққа аста-аста юриб ўйга чўмаман. Йўқ, ҳали кўнглимдагини топганимча йўқ, яна тағин кўп иши бор. Бу сурат ҳали кўнгилдаги бир тилак, қалбимни ҳаяжонга солган орзу-умид, холос... Ҳали тамомланмаган асар тўғрисида олдиндан жар солишни ўзим ҳам азалдан ёқтирмасдим. Бу бахилликдан эмас. Бешикдаги чақалоқнинг ким бўлиб вояга етишини қаёқдан билиб бўлади дейсиз? Лекин бу сафар ўзингиз кўриб турибсиз, шу одатимдан воз кечиб, хом-хатала асаримни ўртага ташлаб, ундан гап очмоқчиман... Индамай юришга ҳеч иложим йўқ. Ростини айтсам, бир ўзим ёлғизлик қилиб қолдим, безовта қилиб, эс-ҳушимни ўзимга банд этган бу воқеа юрагимга сиғмай, қучоғим ҳам етмай турибди. Бўлган воқеани айнан тасвирлаб, халқни ундан баҳраманд қилсам, деган умидим бор. Истар эдимки, кўпчилик ҳам фикр-мулоҳазаларини ўртага ташласа... Бу асар халқ дамидан чиққан оловдек бўлса-ю, унга ўз қонингиздан қон, кучингиздан куч қўшиб берсангиз, шуваждан бу воқеани сизларга баён этишни ўз бурчим деб биламан...
* * *
Овулимиз Оқ-Жар тоғининг этагида, катта сой шарқираб оқиб турган кенг текисликда; ундан пастроқда– Қора тоққача ястанган адир бўйлаб чўзилган темир йўлнинг икки томониқозоқ даласи... Овулимиз устидаги тепаликда икки катта терак бўларди; мен буни болалик чогимданоқбилардим. Бу қўштерак ҳали ҳам бор. Қачон қараманг, овулга қайси томондан кирманг, ҳаммадан бурун тепаликда бир-бири билан ёнма-ён турган ўша баланд тераклар кўзга чалинади. Билмадим, нима учундир, болалигимданми ёки касбим рассомлик бўлганиданми, ҳайтовур, ҳар гал станциядан тушиб, тепаликдан ўтиб, овулимизга қараб йўл олганимда, қўштераклар жойида турганмикин, деб сабрсизлик билан беихтиёр шу томонга қарайман. Тераклар нақадар катта бўлса ҳам, узоқдан шунча даргумону, лекин уларнинг сурати кўз олдимга келиб тураверарди. Тезроқ овулга етиб, эртароқ тепаликка чиқсам, қўштеракка эгилиб салом берсам, уларнинг шовиллашини тўйиб-тўйиб эшитсам, деб юрагим орзиқарди. Кўча-кўйда нима кўп– дарахт кўп, лекин бу тераклар ўзи бошқа бир олам, қандайдир хосиятли, тили бордай. Кун-тун япроқлари дириллаб, чайқалган учлари бир-бири билан ўпишиб, ўзини минг кўйга солиб шовиллайди. Гоҳ соҳилга келиб урилган эрка тўлқиндай эшитилар-эшитилмас гувиллашиб қўяди, гоҳ жим ўйланиб қолиб, соғина-соғина юраги қон бўлгандай, алланималарни эслаб хўрсиниб, юлқинган шамол булут ҳайдаб, ёмғир ҳайдаб, бутоқларини эгиб юборганда, тераклар бир-биридан мадад олиб: синдириб бўпсан, дегандай баттар ўжарлик қилиб, зарда билан тўлғаниб қўйишади. Ҳў анча кейин эсим кириб улғайганимда, мен бу теракларнинг сир-асроридан воқиф 2 бўлдим. Тўрт томони очиқ баланд тепада туришганидан, булар доимо шамол ўқига тўғри келиб ҳавонинг ҳар бир ўйинига жавоб қайтариб туришган. Тинмай шовуллаб, минг оҳангда овоз чиқариб туришлари ҳам шундан…
Миркарим Осим
АЛЖАБРНИНГ ТУҒИЛИШИ
I
— Шаҳри Багғдодга соғ-саломат етиб келганингиздан беҳад хурсандман, яна кўришадиган кун бор экан, — деди уй эгаси— марвлик Холид ибн Абдумалик кенг пешонали ёш меҳмон билан қучоқлашиб кўришар экан. — Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо жаноблари қачон етиб келар эканлар, деб йўлингизга мунтазир эдик. Алҳамдулиллоҳ, яна дийдор кўришар эканмиз, минг қатла шукурки, аввалгидек тетик ва бардам экансиз. Кўпдан буён кўришмаган икки дўст, ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганларидан кейин кўрпачага ўтирдилар. Узун яктакли, қотмадан келган уй хизматкори уларнинг олдига дастурхон ёзиб, баркашда турли ноз-неъматлар ва икки коса шарбат келтириб қўйди. Соч-соқолига оқ оралаб қолган ўрта ёшли мезбон хурсандлигини яшира олмай, "қани, олсинлар" дегандек, томирлари бўртиб чиққан қўли билан дастурхонни кўрсатди.
— Марв шаҳрида менга эмакдош бўлган ёр-дўстларни соғиндим,
— деди ёши ўттиздан ошган, қалин қошли меҳмон нон тишлаб, беҳи шарбатидан ҳўплар экан, — Аҳмад ал-Фарғоний, Аҳмад ибн Абдуллоҳ, Мусо ибн Шокир ва унинг ўғиллари сиҳат-саломат юрибдурларми?
— Алҳамдулиллоҳ, ҳаммалари эсон-омон, сизни кўришга, суҳбатингиздан баҳраманд бўлишга муштоқдурлар. Улар дастурхон устида Хуросонда бирга ўтказган кунларини, бошларидан кечирган воқеаларни эслаб, суҳбатлашиб ўтиришди. Мезбон тилининг учида турган гапни айтиш учун пайт пойлаб турарди.
— Бунинг сабабини сизгагина айта оламан, деди меҳмон ўйланқираб.
— Маъмун Хуросон қўшини билан Бағдодни босиб олганидан сўнг ўз иниси Аминни қатл эттирганини, Озарбайжонда бошланган зардуштийлар қўзғолонини шафқатсизлик билан бостириб, асирларни ўлдираётганини эшитиб, бу ерга келишга оёғим тортмай қолди. Оташпарастсан, деб бегуноҳ одамларни бола-чақаси билан қириб ташлаш— ўта золимлик-ку!
Do'stlaringiz bilan baham: |