Ўзбекистоннинг географик ўрни ва Қуёш радиацияси. Ўзбекистон Евросиё материгининг марказида, океанлардан узоқда (Тинч океандан 5500 км, Атлантикадан-4000 км, Шимолий Муз океанидан 2500 км, Ҳинд океанидан 2000 км), берк ҳавзада, шимолий кенгликлар 370111-450331 ва 560001-730101 шарқий узунликлар орасида жойлашган. Унинг бундай географик ўрни Қуёшдан кўпроқ радиация келишини таъминлайди.
Қуёш нурининг ер юзасига кўп ёки кам келиши ва унинг тақсимланиши энг аввало нурнинг қандай бурчак остида тушишига ва куннинг узун-қисқалигига боғлиқ. Булар эса ўз навбатида жойнинг географик кенглигига ва йил фаслларига боғлиқ равишда ўзгаради. Ўзбекистоннинг чекка шимолида 22 июнда пешинда Қуёш нури ер юзига 680, Тошкентда 720 , мамлакатнинг жанубида-Термизда эса 760ли бурчак остида тушади. Қишда эса бу бурчаклар шимолида 210, жанубида эса 290га тенг бўлади. Ёзда Ўзбекистонда кундуз куннинг узунлиги 15 соатдан кўпроқ давом этса, қишда 9 соатдан кам эмас. Бинобарин, Ўзбекистонда Қуёш баланд кўтарилганлиги, куннинг узунлиги, булутлик кунларнинг камлигидан Қуёш узоқ вақт нур сочиб туради. 350 шимолий кенгликда йил давомида Қуёш нур сочиб туриши мумкин бўлган вақт 4447 соатни ташкил қилса, 400 шимолий кенгликда 4455 соатга тенг. Бироқ Ўзбекистоннинг рельефи ва булутлилик даражаси бу кўрсаткичларга маълум даражада ўзгартиришлар киритади ва Қуёш нур сочиб турадиган соатлар миқдори Қуёш уфқдан юқорида турган соатлар миқдорига нисбатан камроқ бўлади. Шунинг учун Ўзбекистоннинг текислик қисми олиши мумкин бўлган Қуёш энергиясининг 65-70%ини олади. Шу сабабли Қуёш нур сочиб турадиган вақт Термизда 3095, Тошкентда 2870, республикамиз шимолида эса 2000 соатни ташкил этади.
Тоғларда Қуёш нур сочиб турадиган вақт уфқнинг очиқлиги, ёнбағирларнинг ҳолати (экспозициясига) ва булутликка қараб текисликдагига нисбатан бироз камаяди. Масалан, Ангрен платосида 2124 метр мутлақ баландликда у 2692 соатни ташкил этади.
Таққослаш шуни кўрсатадики, шимолий яримшарда мўътадил минтақадаги ўлкалар ичида Ўзбекистоннинг текислик қисми Қуёшнинг нур сочиб турадиган вақт энг кўп бўлган ҳудуд ҳисобланади. Бу жиҳатдан АҚШнинг жануби-ғарбида жойлашган Юта, Калифорния, Нью-Мексика штатлари мамлакатимизга тенглаша олади. Бинобарин, Ўзбекистон ҳудуди Ер юзида шу кенгликдаги энг серқуёш ўлка. Бу эса ҳудудимиз иқлимининг ўзига хос хусусиятларидан биридир.
Ўзбекистонда Қуёшнинг уфқдан баланд кўтарилганлиги ва офтобли кунлар кўп бўлганлиги сабабли бу ер Қуёш радиациясини, яъни ундан ер юзасига тушадиган иссиқликни кўп олади. Ялпи Қуёш радиациясидан олаётган иссиқлик миқдори Тахиатошда 147,1, Томдида 153,1, Тошкентда 139,4, Қизилчада 160,8, Фарғонада 144,7, Самарқандда 143,9 ва Термизда 159,8 ккалсм2 га тенг. Табиийки, ёзда қишдагига нисбатан ҳудудимиз 4-5 марта кўпроқ иссиқлик олади. Қишда эса Қуёш радиацияси сусайгани учун Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ҳар бир ҳаво массаси ҳаво ҳароратини ва умуман об-ҳавони тез ўзгартира олади.
Ўзбекистон учун хос хусусият-бу унинг ҳудудида йиллик радиация балансининг унча катта эмаслигидир. У Томдида 43,0, Фарғонада 47,8, Тошкентда 53,1, Термизда 67,1 ккалсм2 ни ташкил этади. Тоғларда эса баландликка боғлиқ равишда қишнинг узоқ давом этиши ва қор альбедосининг катталиги (60-80%) сабабли радиация баланси камайиб боради. Масалан, Қизилчада 2075 м мутлақ баландликда у 32,5 ккалсм2га тенг, қиш ойларида Ўзбекистоннинг шимолида у айрим йиллари манфий кўрсатгичга эга.
Қуёшдан келаётган иссиқлик ҳудуд иқлимининг таркиб топишида муҳим омил бўлиши билан бирга, республиканинг табиий бойликларидан бири ҳисобланади ва Ўзбекистонда қимматли иссиқсевар ўсимликларни етиштиришга имкон беради. Қуёш радиациясидан саноатда, маиший хизматда, тиббиётда ҳам кенг фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |