Таянч термин ва тушунчалар: пасттекислик, денудацион текислик, тизмаларининг тармоқлари, чўққи, чинк, дельта.
Географик номлар: Тяншан, Олой тизма, Ҳазрати Султон, Султонувайс, Бўкантоғ, Қулжуқтоғ, Томдитоғ, Моргузар, Тошкент-Мирзачўл, Сангзор.
Савол ва топшириқлар:
1. Ўзбекистон орографияси деганда нима тушунасиз?
2. Ўзбекистон рельефининг асосий хусусиятлари нималардан иборат?
3. Ўзбекистоннинг шарқий ва жануби-шарқий қисмларини эгаллаган тоғ тизмалари ҳақида маълумот беринг.
Тексликлар рельефи. Ўзбекистоннинг ғарбий текислик қисми рельефининг хусусиятига кўра Устюрт платоси, Қизилқум ва улар орасида жойлашган Орол-Сариқамиш сойлигига бўлинади.
Устюрт-тўлқинсимон баланд текислик (плато). Унинг майдони (Ўзбекистонда) 40 минг км2 , ер юзасининг мутлақ баландлиги қирларида 160-250 метрни, улар орасидаги қум ва шўрхоклар билан банд пастликларда 50-80 метрни ташкил этади. Энг баланд нуқтаси Қорабовур қирларида 292 метрга етади. Устюртнинг чеккалари тик жарликлар «чинк» лар билан тугайди. Чинклар учламчи даврнинг оҳактош, мергел ва гилларидан иборат горизонтал қатламлар ҳосил қилган ётқизиқлардан тузилган. Бу ётқизиқлар очилиб қолиб, емирилиб тик ёнбағирлар ҳосил қилган. Чинклар Устюрт платосининг табиий чегараси ҳисобланади. Орол денгизи ғарбий қирғоғи бўйлаб чўзилган шарқий чинкнинг мутлақ баландлиги 180-200 м. Чинкнинг кенглиги бир неча юз метрдан 1,5 км. гача боради.
Устюрт платоси сармат оҳактоши, гипси, неоген мергеллари ва палеоген гилларидан ташкил топганлиги учун унда карст рельеф шакллари кўплаб учрайди. Сармат ётқизиқларининг усти 1-1,5 метр қалинликда шағал, қум, чағиртошлар билан қопланган.
Устюрт билан Қизилқум оралигида Амударёнинг аллювиал-дельта ётқизиқлари билан тўлган Орол-Сариқамиш ботиғи жойлашган. У Турон пасттекислигининг катта қисмини эгаллаган плиоцен текислиги ўрнида ҳосил бўлган. Қуйи Амударёда ёши ҳар хил бўлган учта аллювиал-дельта текисликлари ажратилади. Булар Сариқамиш, Оқчадарё ва ҳозирги замон дельталаридир.
Амударёнинг ҳозирги замон ва ҳаракатдаги дельтаси ва шаклланаётган, яъни Орол бўйи дельтаси қия текислик бўлиб, унинг мутлақ баландлиги юқори қисмида (Нукус яқинида) 73 метр бўлса, Мўйноқ яқинида 53 метр бўлган. Ер юзаси ўзанлар, кўл ўрни ботиқлари, ўзанлараро пастликлар, қум тепалар, канал ва коллекторлар билан парчаланган. Шаклланаётган дельта рельефи ҳозирги замон дельтасидан фарқ қилади, у дельтанинг ғарбий ва марказий қисмини эгаллайди (чегара Қизилжар- Қўшканатоғ- Белтоғ йўналиши бўйлаб ўтади), у ерда 1960 йилларгача бўлган сув тошқинларининг излари сақланиб қолган. Булар ёш ётқизиқлар ва ўзанлар, ўзанлараро пастликлардан иборат. Ҳозирги кунда бу ерда денгизнинг чекиниши ва дельтадаги гидрографик режим ўзгариши билан чўллашиш авж олмоқда, рельефнинг шаклланишида дефляция кучайиб бормоқда. Амударё ҳозирги замон дельтасининг шарқий қисмини кўп йиллардан бери сув босмаган. Шунинг учун бу ер рельефининг шаклланишида шамол ишининг таъсири катта. Шамол бу ердаги пастликларни тўлдириб, анча текислаб юборган, бу ерда қум рельефи шакллари кенг тарқалган.
Do'stlaringiz bilan baham: |