Ер-сув ресурслари қишлоқ хўжалиги шаклланиши ва ривожланишининг асоси ҳисобланади. Айниқса, уларнинг ўзаро миқдор ва сифат кўрсаткичлари аграр тармоқлар жойлашуви ва ихтисослашувини белгилаб беради. Масалан, ер ресурслари мўл, сув ресурслари тақчил ҳудудларда асосан экстенсив йўналишдаги (чўл-яйлов чорвачилиги), ҳам ер, ҳам сув ресурслари билан яхши таъминланган ёки ер ресурслари нисбатан камроқ ҳудудларда кўпроқ интенсив қишлоқ хўжалиги таркиб топади. Шу билан бирга, мазкур ресурслар қишлоқ хўжалиги ихтисослашувини такомиллаштиришда ҳам жуда муҳим. Хусусан, сув ресурслари шоличилик ва балиқчилик соҳалари тараққий этишининг бирламчи омилидир. Ер эса, қишлоқ хўжалигида бир вақтнинг ўзида ҳам меҳнат предмети, ҳам меҳнат воситаси ҳисобланади.
Агроиқлимий ресурслар – намлик, ҳарорат ва тупроқ қоплами хусусиятлари қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорва молларининг ўсиб ривожланиши ва ҳосилдорлиги учун зарурдир. Намлик, яъни ёғин-сочин миқдори, айни вақтда, етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми ва сифатини белгилайди. Бинобарин, табиий намликдан фойдаланиб аграр маҳсулот тайёрлашда, яъни баҳорикор (лалмикор) ерларда қишлоқ хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантиришда намгарчиликнинг аҳамияти катта. Бунда ёғин миқдори йилига 200 мм.дан юқори бўлиши ва у, асосан, баҳор ойларига тўғри келиши лозим. Акс ҳолда, бундай ҳудудларда чўл-яйлов чорвачилиги шаклланади. Шундай экан, экинларни экиш ва чорваларни боқишда қор ва ёмғир ёғиш даври ва миқдори ҳамда тупроқ намлиги алоҳида аҳамият касб этади. Бунда дастлаб экилаётган экинлардан самарали ҳосил олиш ва боқилаётган ҳайвонлар маҳсулдорлигини ошириш учун қулай намлик миқдори муҳимдир.
Ҳарорат ҳам намлик каби қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорва молларининг ўсиши ва ривожланиши учун зарур саналади. Масалан, стратегик аҳамиятга эга бўлган экин тури – ғўза учун фойдали ҳарорат (йиғиндиси йил давомида сутка ҳароратининг +100 С дан юқориси) 20000 С, ижобий ҳарорат (эрта баҳордан кеч кузгача мусбат ҳароратнинг йиғиндиси) эса ундан икки баробар кўп яъни 40000 С бўлиши мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон Республикасининг жануби (Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари) билан шимолий (Қорақалпоғистон Республикаси ва б.) ҳудудларига қуёш радиацияси бир хил тушмайди. Бу жараён жойнинг рельефига боғлиқ ҳолда ҳам ўзгаради. Демак, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ҳудудий ташкил этишда, уларнинг самарадорлигини оширишда жойнинг ҳарорат кўрсаткичларини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Бунда ҳам, албатта, экинлар ва чорваларнинг қайси ҳароратда яхши ривожланишини ўрганиш талаб этилади.
Тупроқ унумдорлиги ёки унинг намлик сиғими, таркиби (механик, физик, биологик ва кимёвий), сув ўтказувчанлиги, ундаги озуқа моддаларининг умумий захираси жойларда табиий ва антропоген таъсирлар натижасида турлича шаклланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги ва ихтисослашуви белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |