Aim.uz
Газлама ва қоғоздан гуллар ясаш технологияси
Ҳар бир байрамда совға сифатида барча аёлларга гул совға қилинади. Аёл киши гулларнинг хушбўйлиги, ёқимли ранглари, ҳидларини севадилар. Гулларни табиий ва сунъий гулларга ажратилади.
Табиий гуллар - кишидан меҳнатни, парваришни талаб қилади.
Сунъий гулларни эса мато ва юмшоқ эгулувчан симлардан, пластмассалардан ясаш мумкин. Газламадан гуллар ясаш учун керакли жиҳозлар асосан қуйидагилар: қайчи, рангли иплар, рангли атлас, чит, шойи матолар, ҳар хил ҳажмли ленталар, гулларни безаш учун ялтироқ пистончалар, мунчоқлар, тугмачалар‚ игна ип, дазмол, крахмал, юмшоқ симлар.
Қоғоздан ясаладиган гуллар учун керакли жихозлар: қайчи, қоғоз турлари (конфет, гафрили қоғоз, зар қоғоз, рангли қоғоз, юмшоқ фальга қоғози, ғижим креп қоғоз)‚ ПВА елими, сим, картон, қора қалам.
Бажариш усули. Газлама орқали бажариладиган гулларни ясашда атлас мато олдиндан крахмаллаб олинади. Бир литр сувга бир қошиқ крахмал аралаштирилади‚ унга матони солиб қайнатилади. Сўнгра мато суви селгиб қуритилади. Дазмолда дазмолланади. Матони 4, 6, 9, 12 марта буклаш орқали хоҳлаган гулнинг андозасини картон қоғоздан тайёрлаб бичилади. Бичилган гул парчалари бир бирига бириктирилиб симга ўралади. Устидан лентачалар ўралади. Унга мунчоқлар орқали безак бериш мумкин.
Қоғоздан гул ясашни бажариш усули. Қоғозни ҳам 4,6,9.12,16 буклаш орқали гул шакллари қирқиб олинади. Мойчечак, гулсафсар‚ атиргул, хризонтема гуллари кўринишини тасвирлаш мумкин. Уларни кесиб олингач юмшоқ симга ўралади ва сим билан мустахкамланади, барглари ҳам алохида қирқилиб‚ ПВА елимида ёпиштирилади. Бажаришда эҳтиёткорлик, сабр, дид фаросат талаб қилинади.
Гулларни яна қоғозни буклаш орқали ҳам бажариш мумкин.
Газлама ва қоғоздан гул ясаш машғулоти намуналари.
«Настарин» гулини ясаш.
Машғулот вазифаси: болаларга қоғозни бир неча бор буклаб қирқиш асосида гул баргларини қирқиш ва уни новдага елимлаб, чиройли гуллаган настарин гулини ясашни ўргатиш.
Машғулотга тайёргарлик. Болалар билан ҳовли ёки кўчадаги настарин дарахтини гуллаган вақтида кузатиш. Настарин гулининг тузилишига, рангига, новдада жойлашишига болаларнинг эътиборларини жалб қилиш.
Машғулотни жиҳозлаш. Болаларга етарли миқдорда новдачалар, бинафша рангдаги ғижим қоғози, ПВА елими, елимлаш учун мўйқалам.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар мана ўлкамизга гўзал баҳор фасли кириб келди. Баҳор фаслида табиатда жуда катта ўзгаришлар содир бўлади. Дарахтлар куртак чиқариб, барг ёза бошлайди. Баҳор фаслида ўлкамиз кўм-кўк майсаларга ва гулларга бурканади. Болалар, мана бу гулнинг номи нима ва уни қаерда кўргансиз? Тўғри, менинг қўлимдаги гулнинг номи настарин гули. Бу гул ҳар йили илк баҳорда гуллайди. Унинг гулларига қаранг‚ оқ ва тўқ бинафша рангли бўлади. Барглари эса яшил рангда. Бу ҳақида ҳатто шоирлар шеър ҳам битганлар эшитиб кўринг:
Боғимда настарин бор,
Гуллайди ҳар илк баҳор,
Настарин гули майда
Бундай гул бордир қайда?
Шеър ёқдими болалар? Бугун сизлар билан настарин гулини ясашни
ўрганамиз. Бунинг учун стол устидаги ашёлардан фойдаланамиз. Бинафша
рангдаги ғижим қоғоздан квадрат шакллар кесиб оламиз‚ сўнг уни иккига
ва тўртга буклаб, кичик квадратча шаклини ҳосил қиламиз. Квадратнинг бир учини ушлаб‚ очиқ учларини қайчи билан доира кўринишида қирқиб
оламиз. Букланган қоғозни очиб, ўртасига бармоғимизни қўйиб, гул баргларининг четини қирқамиз, кейин орқасига мўйқаламда озгина елим суртиб, новдага ёпиштирамиз.
Гулларни елимлаш жараёнида тарбиячи болаларнинг эътиборини настарин гулига қаратмоғи лозим. Бунда уларга ишни озода, тартиб билан, қайчи ва новдадан эҳтиёткорлик билан фойдаланиб, бажариш ўргатилади. Машғулот давомида болаларнинг ишлари баҳоланиб, рағбатлантирилиб борилади. Ҳар бир столга болаларнинг ўзлари ясаган гулдонлар қўйилади ва тайёр бўлган гуллар унга солиб қўйилади.
Машғулотни якунлаш:
Болалар, қаранглар, сиз ясаган гуллар қандай чиройли, хонамизни безатаяпти. Болалар ўзлари ясаган настарин гулларни кўриб, қилган ишларидан завқ олишга йўналтирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |