Гипоталамо - гипофизар тизим
Гипоталамусда АДГ ва окситоцин ишлаб чиқарувчи йирик нейросекретор ҳужайралардан ташқари майда асаб ҳужайраларидан иборат гипофизотроп соҳа ҳам мавжуд.
Бу соҳадаги кичик нейросекретор ҳужайралар аденогипофиздан гормонларнинг синтезланиши ва қонга ўтишини тезлаштирадиган рилизинг гормонлар (либеринлар) ни ва бу жараёнларни тормозлайдиган ингибитор омиллар (статинлар) ни ишлаб чиқаради. Либерин ва статинларни портал томирлардаги қон етказади.
Аденогипофиз фаолиятини бошқарадиган олти рилизинг гормон: соматолиберин, тиролиберин, пролактолиберин, меланолиберин, кортиқолиберин, люлиберин (гонадолиберин) ва уч статин: соматостатин, пролактостатин, меланостатин мавжуд. Бу гормонларнинг номи қонга ўтишини бошқариб турадиган гипофизар гормонга боғлиқ. Масалан: гипофиздан тиреотроп гормоннинг қонга ўтишини тезлаштиридаган гормон тиреотроп - рилизинг - гормон ёки тиролиберин дейилади.
Гипофизотроп гормонлар секрецияси четдаги эндокрин безлар гормонларининг қондаги миқдорига боғлиқ. Масалан, қонда кортизон миқдори ортса, гипоталамусдан қонга кортиқолиберин оз миқдорда ўта бошлайди. Натижада гипофиздан АКТГ нинг қонга ўтиши камаяди, бу ўз навбатида буйрак усти безида кортизон секрециясини секинлаштиради ва кортизоннинг қондаги миқдори меъерига тушади. Шундай қилиб, аксарият гормонлар секрецияси периферик безлар, гипофиз ва гипоталамус иштирокида юзага чиқадиган қайтар алоқа тамойилида бошқарилади. Табиий шароитда МНТ бу бошқарилишни организмнинг ўзгариб турувчи ички ва ташқи эҳтиёжларига мослаштиради. Масалан, стресс ҳолатида мия пўстлоғи ва лимбик тизимдан келган импульслар таъсирида медиал гипоталамусдан кортиқолиберин гипофизга кўпроқ ўтиб, аденогипофиздан АКТГ секрециясини кучайтиради. АКТГ буйрак усти безини рағбатлантиради ва қонга кўпроқ глюкокортиқоидлар чиқарилади.
Гипофиз олдинги бўлаги функциясининг бошқарилишида гипофизнинг қон билан таъминланиш муҳим ўрин тутади. Гипоталамик соҳадаги капиллярлардан оқиб кетадиган қон гипофиздаги дарвоза томирларига келиб, ундаги ҳужайраларни ювиб ўтади. Гипоталамик соҳада бу капиллярлар атрофида нерв тури мавжуд бўлиб, у нерв ҳужайралари ўсимталаридан ташкил топган. Бу тузилмалар орқали гипоталамусдаги ҳужайралар нейросекрецияси маҳсулотлари қонга ўтиб, қон оқими билан гипофиз олдинги бўлагининг ҳужайраларига етказилади ва уларнинг функциясини ўзгартиради.
Гормонлар ишлаб чиқарувчи гипоталамус нейронларига бир вақтнинг ўзида секретор ва нерв ҳужайралари функциялари хосдир. Бу хусусият шундан иборатки, гормонлар секрецияси жараёнида нерв ҳужайраларида қўзғалиш туфайли юзага келадиган ҳаракат потенциали каби биотоклар пайдо бўлади. Без ҳужайраларидаги секреция эса хеч қачон потенциалларни юзага келтирмайди.
Нейросекретор ҳужайра бошқаришни на фақат бошқа нейронларга одатдаги нерв импульсларини узатиш орқали, балки махсус моддалар- нейрогормонлар ишлаб чиқариш орқали ҳам амалга оширади. Нерв ва гуморал бошқарилиш жараёнлари бу ерда бир ҳужайрада бирлашган.
Умуман гипоталамус икки турдаги, яъни асаб ва гуморал бошқарилишларни ўзаро боғлаб туради. Ундаги нейронлар эндокрин ҳужайра сифатида гормонларни синтезлайди ва бундан ташқари уларнинг аксонлари миянинг қўл қисмларига импульслар етказади.
Do'stlaringiz bilan baham: |