Хид билиш анализатори
Хид билиш анализатори ёрдамида хидли моддалар, ташқи муҳит кимёвий таъсирлагичлари, шунингдек истеъмол қилинадиган овқат хидлари қабул ва тахлил қилинади. Хид билув анализатори функциялари туфайли одам ўраб олган фазони чамалайди, овқатнинг истеъмол қилишга яроклилигини аниқлайди, хавф-хатардан қочади, ўзи учун зарарли моддаларни инкор этади, ҳайвонлар жинсий чамалашни амалга оширади.
Хид билиш сенсор тизимининг рецепторлари юқориги бурун йўллари шиллиқ пардасида жойлашган. Улар 10 млн га яқин бўлиб, таянч ҳужайралари орасида жойлашган. Ҳар бир хидлов ҳужайранинг юзасида сферик шаклдаги йуғонлашган жойи-хидлов тукмоғи бор, ундан 6-12 гача ингичка тукчалар чикиб туради. Хидлов тукчалари боумен безлари ишлаб чиқарган суюқлик ичида жойлашган. Тукчаларнинг мавжудлиги рецепторнинг хидли моддалар билан контакт юзасини ўнлаб мартага кўпайтиради. Тукмоқ хидлов ҳужайрасининг муҳим цитокимевий марказидир, шу ерда рецептор потенциали генерация қилинади деб тахмин қиладилар. Хидлов рецепторлари бирламчи сезувчи рецепторлардир.
Бурун йўлларига кирган хидли модданинг молекуласи рецептор мембранасидаги ихтисослашган оқсилга таъсир этади. Оқсил молекуласининг конфигурацияси ўзгариб, натрий ион каналлари очилади, натижада рецептор потенциали ва қўзғалиш импульси пайдо бўлиб, хидлов нерви толаларидан хидлов пиезбошчасига етказилади. Хидлов эпителийси юзасига қўйилган электродлар ёрдамида ёзиб олинадиган суммар электр фаолликнинг ўзгариши электроольфактограмма дейилади. Бу бир неча секунд давом этадиган, амплитудаси 10 мв гача бир фазали негатив тўлқиндир. Негатив тўлқиндан олдин аксарият позитив тўлқин ҳам учрайди.
Ҳар бир хид билиш рецептори бир эмас, бир неча моддаларга сезувчан, аммо улардан баъзи хид таратувчи моддаларга сезувчанлиги энг юксак. Хидлар тўғрисидаги ахборотни кодлаштириш масалалари ҳам тўла ўрганилган эмас.
Хид билиш анализаторининг узига хос хусусияти шундан иборатки, унинг афферент толалари таламусдан ўтмайди. Хидлов пиезбошчасидан чиқадиган толалар бир неча тутамлардан иборат бўлиб, улар олдинги хидлов ядроси, хидлов думбоғи, бодом яқинидаги пўстлоқ ва бодомсимон ядрога боради. Аммо хидни таниб олишда хидлов миясининг барча қисмлари иштирок этиши шарт эмас. Уларнинг кўпчилиги бошқа сенсор тизимлар билан алоқа боғлаб, овқатга оид, ҳимоявий, жинсий в.б. хулқларни шакллантиришда иштирок этади.
Одам хид билиш анализаторининг сезувчанлиги жуда юксак: бир рецепторни бир молекула хидли модда қўзғатиши мумкин, бир неча рецепторлар қўзғалганда эса хид сезгиси пайдо бўлади. Аммо фарқлаш бўсағаси анча катта бўлиб, хид кучининг ўзгаришини аниқлаш учун бошлангич миқдор 30-60%га ўзгариши зарур. Итларда бу кўрсаткичлар 3-6 маротаба кичик.
Хид билиш анализаторининг адаптацияси нисбатан секин (ўнлаб секунлар ёки минутлар давомида )содир бўлади ва хаво оқимининг тезлиги хамда хидли модданинг концентрациясига боғлиқ.
Хид билиш анализаторининг марказий қисми катта ярим шарлар ноксимон бўлагининг олдинги қисмида денгиз оти пуштаси (гиппокамп) да жойлашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |