Тери анализатори
Тери сезувчанлиги ва проприорецепция (ҳаракат анализатори) биргаликда соматосенсор анализатор дейилади. Тери анализатори орқали организмнинг ташқи муҳит билан алоқаси амалга оширилади.
Тери сезувчанлигини таъминлайдиган рецепторлар 1,4-2,1 м кв гача майдонда жойлашган. Терида босим, тегиш, вибрация, иссиқ, совуқ ва оғриқни сезувчи жуда кўп асаб учлари йиғилган. Улар ўз тузилиши буйича турли хил, терининг турли чуқурлигида ва тери юзасида нотекис жойлашган. Сезувчи асаб учлари энг кўп қўл бармоқлари, қўл кафти, оёқ панжаси, лаблар ва жинсий аъзоларда учрайди.
Одам терисининг тукли қисмида (тери юзасининг 90%) майда томирлар бўйлаб ва сочлар ҳамда тукчалар илдизи атрофида кўплаб тармоқланган асаб толаларининг эркин кучлари жойлашган. Бу асаб учлари тегишни сезади. Сезувчан менисклар (Меркел дисклари) ҳам тегишни сезади, улар айниқса қўл бармоқларида кўп.
Терининг туксиз қисмида: қўл ва оёқ бармоқлари дермасининг сургичли қатламида, қўл ва оёқ панжаси кафтида, лаблар, тил, жинсий аъзолар, сут безлари сўрғичларида Мейснер таначалари топилган. Пачини таначалари босим ва вибрацияни сезади, уларни пайлар, боғламалар ва ичак тўтқичида ҳам учратиш мумкин.
Тери сезгиларининг 4 хил махсус рецепторлари мавжуд: тактил, совуқни сезувчи, иссиқни сезувчи, оғриқ рецепторлари.
Ҳозирги вақтда энг кўп тарқалган назария бўйича турли сезгиларнинг пайдо бўлиши импульсларнинг афферент толаларда фазода ва вақтда фарқланишига боғлиқ. Электр фаолликни текшириш йўли билан аникланишича асаб учларининг кўпчилиги механик ва ҳаракат стимулларига сезувчандир.
Механик таъсирот рецептор мембранасини деформациялайди, натижада мембрананинг электр қаршилиги пасайиб, натрий ионлари учун ўтказувчанлиги ошади. Ион оқими пайдо бўлади ва бу оқим рецептор потенциалини генерация қилади. Тери рецепторлари шундай килиб қўзғалади. Рецептор потенциали деполяризация критик даражасига етганда тола бўйича МНТга тарқалиб борувчи импульс вужудга келади.
Таъсирловчи катта муддат таъсир этганда адаптацияланиш тезлиги буйича тери рецепторлари тез ва секин адаптацияланадиганга бўлинади. Энг тез тактил рецепторлар адаптацияланади. Тери механорецепторларининг адаптацияланиши натижасида тор кийимнинг доимий босимини сезмаймиз ёки масалан, кўздаги контакт линзаларга ўрганиб қоламиз.
Теридаги тегиш ва босим сезгиси аниқ локализацияланади, яъни терининг қаердалиги аниқланади. Бу локализация онтогенезда кўрув ва проприорецепция иштирокида мустахкамланади. Мутлақ тактил сезувчанлик терининг турли жойларида ҳар хил бўлиб, 50 мг дан 10 г гачадир. Терида масофани ажратиш, яъни икки нуктага текканда уларни алоҳида-алоҳида сезиш ҳам турлича. Тил шиллиқ пардасида масофа бўсағаси 0,5 мм, орканинг терисида 60 мм дан каттароқ. Бу фарқ асосан теридаги рецептив майдонлар катталиги ва уларнинг устма-уст тушиш даражасига боғлиқ. Масофани (фазони) фарқлаш бўсағасини эстезиометрия усули билан аниқлайдилар. Тегиш (тактил) сезгисининг бўсағасини, яъни тактил сезгини келтириб чиқариш учун керак бўлган тактил таъсирловчининг минимал кучини, Фрей асбоби билан аниклайдилар. Фрей асбоби тукчаларнинг махсус йиғиндисидан иборат.
Тактил анализаторнинг ўтказувчи йуллари. Теридаги кўпчилик механорецепторлар импульсларни орқа мияга А типдаги нерв толалари орқали, китиклашни сезувчи рецепторлар эса С типдаги толалар орқали юборади. Мазкур ўтказувчи йўлларнинг биринчи нейронлари орқа мия тугунларида жойлашган. Импульслар орқа миянинг орқа устунларидаги нозик ва понасимон (Голль ва Бурдах) тутамлар орқали узунчоқ мияга (иккинчи нейрон) етказилади. Импульслар узунчоқ миядан медиал илгак орқали кўрув думбоқчаларининг махсус ядроларига (учинчи нейрон) ўтади ва у ердан қарама-қарши томондаги катта яримшарларнинг орканги марказий пуштаси пўстлоғига етказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |