Эшитув анализаторининг ўтказувчи йуллари ва марказлари
Тукчали ҳужайраларда вужудга келган нерв импульслари чиғаноқдаги спирал тугуннинг биполяр нерв ҳужайралари (биринчи нейрон) га ўтказилади. Биполяр ҳужайраларнинг марказий ўсимталари эшитув ёки чиғаноқ нерви (VIII жуфт бош мия нерви) ни ҳосил қилган. Чиғаноқ нерви узунчоқ мияга кириб, ундаги чиғаноқ ядроларида (иккинчи нейрон) тугайди. Чиғаноқ ядролардан чиккан нерв толалари латерал илгак таркибида юқориги оливага (учинчи нейрон) келади. Латерал илгак толаларининг бир қисми ўрта мияга турт тепаликнинг пастки думбоғларига, иккинчи қисми медиал тиззасимон танага боради. Кўрув думбоғларининг медиал тиззасимон танасида эшитув йўлларининг туртинчи нейрони жойлашган. Шундан сўнг толалар эшитув нурланиши таркибида катта ярим шарлар юқориги чакка пуштасининг пўстлоғига, яъни эшитув анализаторининг марказий қисмига боради.
Эшитув анализатори ўтказувчи тизими алоҳида қисмларининг функциялари қуйидагилардан иборат. Спирал тугунда товушнинг паст ва юқори частоталари тахлил қилиниши емириш ва қирқиш усуллари билан исботланган. Чунончи, эшитув нервининг толалари қисман қирқилса, юқори частотали товушлар эшитилмайди. Эшитув нерви тўла қирқилса паст частотали товушларни эшитиш қобилияти йўқолади. Тўрт тепаликнинг пастки думбоқчалари эшитиб чамалаш рефлекси (товуш манбаи томонга бошни айлантириш) ни бошқариб туради. Эшитув пўстлоқ маркази товушларда ифодаланган информацияни қайта ишлашни, товушларни тафовутлашни амалга оширади ва биноурал (икки қулоқ билан ) эшитишга жавобгар.
Товуш кучи қўзғалган нейронлар сони ва улар импульсацияси частотасида кодлаштирилади. Баландроқ товушлар таъсир этиши билан қўзғалган нейронлар сонининг ошиши эшитув анализатори нейронлари қўзғалувчанлигининг бир-бировидан кескин фарқ қилиши билан боғлиқ. Бундан ташкари спирал аъзонинг ички ва ташқи рецептор ҳужайралари қўзғалиш бўсағаси бир хил эмас. Ички тукчали ҳужайралар товуш кучи катта бўлганда қўзғалади. Шунинг учун товуш баландлигига қараб, қўзғалган ички ва ташқи тукчали ҳужайралар сонларининг нисбати ўзгаради.
Товуш сезгилари. Одам қулоғи частотаси 16 дан 20000 гц гача бўлган тўлқинлар тебранишларини қабул қилади, бу диапазон 10-11 октавага мосдир. 16 гц дан пасти инфратовушни ва 20000гц дан юқориси ультратовушни одам эшитмайди. Болалар 22000 гц частотали товушни ҳам эшита олади. Эшитиш қобилияти 14-19 ешда айникса яхши, ёш ўтиши билан пасаяди, баъзан 15000 гц гача. Кортий аъзосининг қўзғалувчанлиги 1000-4000гц товушга айниқса яхши. 1000 гц дан паст ва 4000 гц дан баланд товушларга сезувчанлик кескин пасаяди. Эшиттирилган ҳолатларнинг ярмида эшитиладиган товушнинг минимал кучига мутлақ эшитиш сезувчанлиги дейилади. Эшитиш бўсағаси товуш частотасига қараб кескин ўзгаради.
Товушнинг туюлаятган баландлиги, одатда унинг физик кучидан фарқ қилади. Товуш баландлигининг бирлиги сифатида бел, амалда децибел (дБ),яъни 0,1 белдан фойдаланадилар.
Товуш кучайиши билан унинг баландлигини сезишнинг кучайиши товуш частотасига қараб турлича бўлади. Эшитиладиган частоталар ўртача диапазонида (1000 гц) одам товуш баландлигининг 0,59 дБ га ўзгаришини сезади, диапазон четларида бу рақам 3дБ гача ошади. Шундай қилиб, товуш баландлигининг сезилиши, тўлқиннинг кучи ва частотаси орасидаги мураккаб муносабатлар билан аниқланади.
У ёки бу товуш қулоқка узок муддат таъсир этса, эшитиш сезувчанлиги пасаяди. Сезувчанлик пасайиши (адаптация)нинг даражаси таъсир этиш вақти, товуш кучи ва унинг частотасига боғлиқ. Эшитиш анализаторида адаптация механизми хали тўла ўрганилган эмас.
Товуш йўналишини, яъни товуш манбаи қайси томонда жойлашганлигини аниқлашда иккала қулоқ билан (бинаурал) эшитиш иштирок этади, у қуйидаги физиологик механизмлар асосида аниқланади:
1) товуш кучининг иккала қулоқда аникланадиган фарқи асосида, товуш қайси томондан келаётган бўлса, ўша қулоқ баландроқ товушни эшитади,
2) товушни эшитиш вақти орасидаги фарқ асосида, иккала қулоқ орасидаги масофани товуш тўлқини босиб ўтишига 0,063 мс вақт керак,
3) товуш фазалари орасидаги фарқни сезиш қобилияти.
Do'stlaringiz bilan baham: |