3.2.Мотив ва мотивация. Мотивлар – шахснинг англангалик эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлган ва шахсни аниқ бир фаолиятга ундовчи ички кучлардир. Улар бирор бир нарсанинг йўқлигида пайдо бўлиб, психик ва физиологик фаолликнинг дастлабки босқичида акс этади. Мотивация – мотив орқали маълум бир фаолиятга ундаш. Ҳаракатларнинг махсус йўналганлиги асосларини танлаш жараёнидир. Мотивация маълум бир психик ҳолат, ижобий ёки салбий эмоциялар (харсандчилик, қониқиш, қўрқув, хаяжон ва ҳ.к) билан биргаликда кечадиган жараён. Мотивлар қуйи (биологик) ва юқори (ижтимоий)ларга ажратилади. Биологик мотивлар асосини физиологик эҳтиёжлар ташкил этади. Ижтимоий мотивлар инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган қизиқишлар, идеаллар ва ишончларни ўз ичига олади.
3.3. Мотив ва эҳтиёж. Шахс эҳтиёжлари – деганда шахс томонидан нимагадир эҳтиёжи тушунилади. Ҳар қандай тирик организм яшаши учун ташқи оламдан етказиладиган маълум бир шароит ва воситаларга эҳтиёж сезади. Масалан, ўсимликнинг нормал ривожланиши учун қуёш нури, иссиқлик, намлик ва озиқ моддалар керак. Инсон эса ташқи олам билан мулоқотга киришишга, озиқа олишга, китоб ўқишга, ижод қилишга ва бошқа кўплаб нарсаларга эҳтиёж сезади.
Ҳайвонлар эҳтиёжлари асосан турғун бўлиб, биологик эҳтиёжлар билан чекланади. Инсоннинг эҳтиёжлари эса кундан кунга кўпайиб, ҳаёт давомида ўзгариб боради: жамият ўз аъзолари учун олдинги авлодларда бўлмаган янги эҳтиёжларни ишлаб чиқаради.
Эҳтиёжларда инсоннинг маълум бир шароитга боғланиб қолиш даражаси ва характери акс этади.
Эҳтиёжларнинг ўзига хос жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади:
− ҳар қандай эҳтиёж ўз мазмунига эга бўлишида. Инсон маълум бир нарсага ёки фаолиятга (масалан, ўзи ёқтирган иш билан шуғулланиш, ўйин, ўқиш ва ҳ.к.) эга бўлиш эҳтиёжини сезади. Бунда эҳтиёжнинг аниқ мазмунли характери акс этади;
−маълум бир эҳтиёжнинг англаниш даражаси турли ҳил эмоционал ҳолатлар билан кечишида (эҳтиёж сезиладан нарса кўзга яхши кўриниши, эҳтиёжнинг қондирилмаслиги ёмон кайфиятга олиб келиши ёки аксинча);
− аниқ англанмайдиган эмоционал-иродавий ҳолатнинг мавжудлигида. Бу ҳолат инсонни ўз эҳтиёжини қондириш учун ҳар хил йўлларни топишга ундайди.
− бу ҳолатларнинг сусайиши ёки бутунлай йўқолиб кетишида (масалан, ҳаддан ташқари тўйиб овқатланганимиздан сўнг, таомларга қарагимиз келмайди).
− эҳтиёжнинг такрорланишида (ҳар қандай эҳтиёж маълум бир вақтдан кейин яна пайдо бўлиши мумкин).
Шахс эҳтиёжлари ранг-барангдир. Эҳтиёжларни моддий ва маънавий эҳтиёжларга ажратишимиз мумкин.
Моддий (овқатга, кийимга, турар жойга, иссиқликка ва ҳ.к.) эҳтиёжлар.
Маънавий эҳтиёжлар инсоннинг ижтимоий борлиғи билан боғлиқ бўлган эҳтиёжлардир. Инсон ижтимоий фаолиятга, меҳнатга бўлган эҳтиёжларни сезади, чунки у ўз моддий эҳтиёжларини инстинктив эмас, балки меҳнат орқали амалга оширади. Шунингдек, инсон бошқа инсонлар билан мулоқот қилиш (бошқа инсонлар билан мулоқот қилмасдан инсон яшолмайди), билимларни эгаллаш, ижод қилишга эҳтиёж сезади.