Археология харитаграфияси– тарихий харитаграфиянинг махсус тармоғи; археология маълумотлари асосида турли хилдаги тарихий воқеа ва ҳодисаларни графика асосида харитага тушириш. Археология харитаграфияни тузишда: а) археологик маданиятларнинг жойлашувини кўрсатиш; б) археологик маданиятларнинг ва этник гуруҳларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирига таъсири ва бир жойдан иккинчи жойга кўчишини ўрганиб, харитада белгилаш; в) қишлоқ хўжалик экинлари жойлашган ва тарқалган туманлар, қадимги суғорилган ерлар ва ирригация иншоотлари ва бошқаларни аниқлаб бериш; г) кадимги савдо йўлларини, мамлакат ёки халқлар ўртасидаги ижодий алоқаларни ўрганиб, харитага тушириш; д) ўтмишдаги ижтимоий ҳодисаларнинг географик фактлар билан алоқасини ўрганиш ва харитада кўрсатиш. Археология харитаграфия 19-аср ўрталарида пайдо бўлди. 20-асрда эса Археология харитаграфия кенгайиб, қадимги халқларнинг маданияти, яшаган жойлари тўғрисида баён этувчи тематик ва типологик хариталар, бошқа археологик, палеоэтнографик маълумотларни ўз ичига олган хариталар пайдо бўдди. Археология харитаграфияда археология ёдгорликларининг географик жиҳатдан жойланишини аниқлаш ва харитага тушириш бу объектларни муҳофаза этиш ва тадқиқ қилиш имконини беради.
Археология экспедициялари— моддий маданият ёдгорликларини дала-тадқиқот йўли билан ўрганиш учун ташкил қилинадиган экспедициялар. Уларни и.т. институтлари, олий ўқув юртлари, музейлар ва улкашунослик тўгараклари ташкил этади. Кўпинча, комплекс равишда тузилиб, таркибига археологлардан ташқари этнограф,антрополог, географ, тупроқшунос, биолог, ботаник ва б. олимлар киритилади. Узоқ йиллар ишлашга мўлжалланиб, мустақил ишлайдиган отряд ва гуруҳлардан иборат қилиб тузилади. Ҳар бир экспедициянинг ўзига хос низоми, илмий кенгаши, махсус базаси булади.
Археология– юнонча “архео” – қадимги, “логос” - фан, қадимшунослик — қадимги моддий маданият ёдгорликларига асосланиб кишилик жамияти ўтмишини ўрганувчи фан.
Археологиянинг иш услуби — моддий маданият ёдгорликлари мавжуд жойнинг табиий географик тузилишига ва улардаги тарихий-маиший ҳолатга қараб тадқиқот ишларини белгилаш: 1) археологик ахтариш (рекогносцировка)дан иборат бўлиб, унда маълум жойда қайси турдаги ёдгорликлар: шаҳар харобалари, қад. қабристонлар, масканлар ва ҳ.к. борлигини, уларнинг тахминий даврларини белгилаб чи кади; 2) археологик синов (разведка)да ҳар бир ёдгорликни синов тариқасида қисман қазиб кўриб, унинг бунёдга келган замони, умри, хусусияти каби томонларини аниқлаб олади; 3) муқим (стационар) археологик қазиш турли археологик текширишнинг якунловчи босқичи бўлиб, унда синаб кўрилган ёдгорлик бошдан-оёқ батамом қазиб текширилади, тугалланган тарихий хулосалар чиқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |