Р ухсатнома наъмуна
2. ЎЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚАРО АРХЕОЛОГИК ТАДҚИҚОТЛАР ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
Ўзбекистонда халқаро археологик тадқиқотлар ўтказиш ЮНЕСКО томонидан ишлаб чиқилган қоидалар асосида олиб борилади. Ўзбекистонда археология халқаро фанлар даражасига чиққан. Бу ерда жаҳоннинг энг ривожланган археология марказлари илмий тадқиқотлар олиб боришади. Бунинг асосий сабаби ўзбек археологларининг профессионаллик даражасининг юқорилиги бўлса, иккинчидан бу ҳудудда нафақат бир миллат ёки халқ балки умуминсоният тарихини ўрганиш учун манбаларнинг кўплигидан. Инсониятнинг шаклланиш тарихини ўрганиш учун палеолит даври ёдгорликлари, илк цивилизациялар тарихини ўрганиш учун бронза даври ёдгорликлари, Зардуштийлик диний қарашларнинг шаклланиши ва ривожланиши масаласини ечиш учун жуда кўплаб манбаларнинг борлиги, эллинизмнинг Ўрта Осиёдаги кўриниши, буддизмнинг Узоқ Шарқ мамлакатларига тарқалишида Ўрта Осиёнинг роли каби масалалар Ўзбекистонда жойлашган ёдгорликларни ўрганиш асосида ўз ечимини топади. Мазкур сабаблар жаҳон олимларининг эътиборини тортиб келмоқда.
Ўзбекистонда давлат илмий муассасаларида ишлайдиган, профессионал археолог халқаро илмий шартнома тузиш ва археологик тадқиқотлар олиб бориш ҳуқуқига эга. Бу илмий муассасалар қаторига ЎзР ФА таркибидаги тарихий муаммолар билан шуғулланувчи илмий тадқиқот институтлари (археология, санъатшунослик), таркибида археология кафедралари мавжуд бўлган Олий таълим муассасалари (ЎзМУ, СамДУ, НукусДУ, ТерДУ), археология фанига мутахассислашган музейлар (Термиз археология музейи, Самарқанддаги Афросиёб музейи, Бухоро ўлкашунослик музейи, Темурийлар Давлат музейи, Ўзбекистон халқлари тарихи музейи ва бошқалар).
Халқаро археологик шартнома тузишнинг илмий асоси. Шартнома тузаётган иккита муассаса ечимини кутаётган илмий муаммони асослаб беришлари ва бу асосномани Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар ўтказиш дала қўмитасига беришлари керак. Дала қўмитаси рухсатидан сўнг халқаро шартнома тузишга рухсат этилади.
Халқаро илмий шартноманинг асосий бандлари.
- Халқаро археологик илмий шартнома бандлари ЮНЕСКОнинг халқаро илмий шартномалар талабларига тўлиқ жавоб бериши шарт. Жумладан, археологик топилмаларнинг тадқиқот ўтказилаётган мамлакат ҳудудида қолиши, илмий мақолаларнинг уч тилда (шартнома тузаётган икки давлат тили ва инглиз тили) чоп этилиши, экспедиция сўнггида халқаро конференция (семинар, коллоквиум) ўтказилиши ва экспедициянинг асосий илмий ютуқларини жаҳон оммасига етказиш.
- Халқаро илмий шартнома иккита муассаса раҳбарлари томонидан тасдиқланади ва маълум муддатга тузилади.
- Халқаро илмий шартноманинг кириш қисми. Бу бандда шартнома тузишнинг мақсади, илмий асоси, илмий мавзуси, археологик тадқиқот тури, археологик ёдгорлик ҳақида маълумот, халқаро археологик отряд (экспедиция) бошлиқлари, шартномани тўхтатиш шартлари, шартнома муддати каби масалалар кўрсатилади.
- Шартноманинг асосий қисмида иккита илмий муассасанинг мажбуриятлари белгиланади.
– Ўзбекистон илмий муассасаси чет эллик мутахассисларни виза асосида таклиф этиш, Ўзбекистонга келганда уларнинг паспортларини меҳмонхоналарда ёки ОВиРда қайд эттириш, экспедиция шароитига мос келадиган турар жой, автомашини билан таъминлаш.
- Чет эллик муассаса аъзоларининг мажбуриятлари Ўзбекистон давлатининг ички тартиб қоидаларига бўйсиниш.
- Иккита халқаро илмий муассасаларнинг биргаликдаги мажбуриятлари. Археологик тадқиқот учун зарур бўладиган анжомларни олиш (нивелир, теодолит, JPS, компьютер жамланмаси, фотоаппарат, рулеткалар (1м, 2м, 5м, 10м, 50м), компаслар, миллиметровка қоғозлари, археологик пичоқлар, тешалар, рейкалар, қозиқлар, бел, чўт, чёткалар, ёзув ва чизув жиҳозлари ва бошқалар). Ишчи кучига ойлик маош тўлаш.
- Шартнома сўнггида халқаро шартномани бекор қилиш ёки узайтириш тўғрисидаги банд ёритилади. Шартнома муддатидан олдин ҳам тўхтатилиши мумкин. Бунда шартнома тузувчиларидан бирининг истаги кифоя қилади.
Халқаро археологик шартнома қуйидаги ҳолатларда ЎзР ФА ёки ЎзР Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан бекор қилинади:
Экспедиция аъзолари археологик тадқиқотлар ўтказиш бўйича халқаро нормаларни бажармаса ёки бузса;
Ўзбекистоннинг ички қонунларини бажармаса;
Дала қўмитаси томонидан археологик тадқиқот усуллари ноилмий деб топилса;
Илмий ҳисоботларнинг даражаси паст бўлса;
Илмий ҳисоботлар ўз вақтида топширилмаси;
Экспедиция аъзолари ўртасида ўзаро тушунмовчиликлар ва хурматсизлик содир этилганда.
Do'stlaringiz bilan baham: |