Маъруза 9. ЎЗБЕКИСТОНДА АРХЕОЛОГИК ВА ХАЛҚАРО АРХЕОЛОГИК ТАДҚИҚОТЛАР ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар ўтказиш тартиби
Ўзбекистонда халқаро археологик тадқиқотлар ўтказиш тартиби
Қонун, қоидалар, модда, археологик тадқиқотлар,. “Рухсатнома” (Открытый лист) ва ҳ. к.
Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаши “Ўзбекистонда тарихий - археологик ёдгорликларни сақлаш” бўйича қонуннинг қабул қилиниши. Қонуннинг моддалари билан талабаларни таништириш. Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар ўтказиш қоидалари. “Рухсатнома” (Открытый лист) олиш тартиби. Археологик тадқиқот ўтказиш тартиб ва қоидалари.
1. ЎЗБЕКИСТОНДА АРХЕОЛОГИК ТАДҚИҚОТЛАР ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
Ўзбекистон ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликни ўрганиш учун биринчи навбатда илмий муассаса Ўзбекистон ФА Археология институти қошидаги Археологик дала қўмитасига мурожаат қилади. Археологик дала қўмитасига хат билан бирга археологик тадқиқот ўтказишнинг илмий асосномаси илова қилинади. Асосномада археологик тадқиқот ўтказишнинг мақсади, қазишма тури, иш кўлами, отряднинг илмий таркиби, финанс масалалари, археологик тадқиқотнинг иш бошлаш ва тугаллаш вақти аниқ кўрсатилган бўлиши керак.
Ижобий хулоса (Рухсатнома) олингандан сўнг, профессионал археолог раҳбарлигида отряд шакллантирилади. Отрядга археологлардан ташқари палеоботаник, палеозоолог, антрополог, нумизмат, ўлкашунос каби мутахассисларнинг жалб этилиши мақсадга муофиқдир.
Тадқиқот бошлаётган илмий муассасанинг археологик шароити (инструментлар билан таминланганлик даражаси) қуйидагича бўлиши керак: отряд хўжалиги бўйича - археологик база, автомашина, отряд аъзоларининг овқатланиши, дам олиши, ишлаши учун шароит (стол, стул), археологик тадқиқот учун - нивелир, теодолит, JPS, компьютер жамланмаси, фотоаппарат, рулеткалар (1м, 2м, 5м, 10м, 50м), компаслар, миллиметровка қоғозлари, археологик пичоқлар, тешалар, рейкалар, қозиқлар, бел, чўт, чёткалар, ёзув ва чизув жиҳозлари ва бошқалар.
Археологик экспедиция – Бир тарихий ҳудудда археологик илмий тадқиқот олиб борадиган, бир неча археологик отрядларни ўз таркибига бирлаштирган илмий жамланма. Масалан: Қадимги Хоразм Экспедицияси. Бошлиғи С.П. Толстов бўлган. Экспедициянинг таркибида ҳар хил давр ёдгорликларини тадқиқ этган отрядлар бўлган.
Ҳозир кўп холларда отряд ва экспедиция анъанасига амал қилинмайди. Иккита археолог ҳам бир экспедиция бўлиб ишлашмоқда. Бу илмий жиҳатдан ноқулайликларга олиб келмоқда. Отрядларнинг илмий тадқиқотларини координация қилиш, мутахассисларни таҳсимлаш, илмий ҳисоботлар тайёрлаш борасида камчилликлар сезилмоқда. Масалан, экспедицияда бир нафар антрополог ёки палеозоолог мутахассиси бўлса, унинг иш тартибини экспедиция раҳбари тасдиқламаси, қайси вақтда қайси отрядда ишлашини режалаштиролмаслиги мумкин.
Археологик тадқиқотларга “Рухсатнома” масаласида ҳам англашилмовчилик бўлмайди. “Рухсатнома” экспедиция раҳбари номига олинса ташкилий ишлар камайган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |