Инсон томонидан яратилган манбалар: меҳнат қуроллари, қурол-аслаҳалар, кулолчилик буюмлари, санъат ва зеб-зийнат буюмлари, қоятош расмлари, ёзма манбалар ва ҳ.к. Ёзма манбаларни ўрганиш билан асосан тарихчилар шуғуллансаларда, археологлар кишилик ўтмишини ўрганишда моддий манбалар билан биргаликда ёзма манбаларга ҳам таяниб иш кўрадилар. Юқорида келтириб ўтилган археологик манбаларнинг бари инсон макон тутган манзилгоҳу макон ва ёдгорликлардан топилади ва тадқид этилади. Бу манзилгоҳларни археология фанида археология ёдгорликлари деб аталади.
Демак, Археология ёдгорликлари – археологик тадқикотларнинг объекти бўлиб хизмат қилувчи, ернинг усти ва остида сақланиб қолган қадимги иншоотлар ва буюмлардир. Археология ёдгорликлари моддий тарихий манбалар бўлиб, уларни ўрганиш билан кишилик жамиятининг ўтмиши ёритилади. Археология ёдгорликлари кишилик тарихининг ёзма тарихгача бўлган энг қадимги даврини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Археологик даврлар бўйича Археология ёдгорликлари қуйидаги турларга бўлинади:
1) тош даври ёдгорликлари;
2) жез даври ёдгорликлари;
3) антик давр ёдгорликлари;
4) қадимги мудофаа иншоотлари;
5) қадимги сув иншоотлари;
6) қадимги мозор-мўла ва ўралар;
7) қадимги меъморлик ёдгорликлари;
8) қадимги ҳужжатлар;
9) ўрта аср шаҳар ва работларнинг харобалари;
10) заргарлик буюмлари ва қадимги пулларнинг хазинаси;
11) қадимги ва ўрта аср пуллари, турли археологик топилмалар.
Тош даври — инсоният тараққиётидаги энг қадимги давр. Бу даврда меҳнат қуроллари ҳамда қурол-яроғлар, асосан, тош, ёғоч ва суякдан ясалган. Тош даври қадимги {палеолит), ўрта (мезолит) ва янги (неолит) даврларга бўлинади. Тош даври бундан тахминан 2 млн. йил оддинроқ бошланиб, Ўзбекистонда 4 минг йил бурун тугаган (айрим ҳудудларда узоқроқ давом этган). Тош даври одамлари теримчилик, овчилик, балиқ овлаш билан шуғулланган; неолит даврида мотига билан деҳқончилик қилиш ва чорвачилик пайдо бўлган. Ижтимоий муносабатлар «ибтидоий одамлар тўдаси»га, сўнгра ибтидоий уругдошлик тузумига хос бўлган.
Тош даври инсониятнинг энг узоқ давом этган асри бўлиб, бугунги кунда бу даврдан қолган археологик ёдгорликлар тури хилма-хилликни ташкил этади. Маълумки, тош даврининг дастлабки даврларида инсоният табиий тош чайлалар, ғорларни макон тутган. Бунинг асосий сабаблари иқлимнинг совуқлиги(музлик асри), овчилик ва термачилик машғулоти ва инсониятнинг антропогенез жараёни даври бўлганлигидир. Археологияда макон — тош ва жез даврида яшаган ибтидоий одамларнинг мавсумий, вақтинчалик бошпанаси ёки даврий турар жойи тушунилади. Кадимги тош даври маконлари ғор ва унгурларда (Тешиктош, Обираҳмат ва б.) булоқ бўйларида (Кўлбулоқ ва б.) жойлашган бўлиб, улар аждодларимизнинг узок, муддатли бошпанаси ҳисобланади. Археология фанида қадимги тош даври маконлари очиқ ва ёпиқ турларга бўлиб ўрганилади. Очиқ турдаги маконлар табиий тош чайлалар ва унгурлар мисол бўлса, ёпиқ турдаги маконлар ғорлар ҳисобланади.
Мезолит давридан бошлаб табиий-географик щароитни ўзгариши билан (буюк музликлар давридан сўнг) аждодларимизнинг маконлари дарё ва кўл ёқаларида қад кўтаради ва кўпроқ мавсумий характер касб этади, археологияда энди ушбу масканлар манзилгоҳ(Аяккакетма) деб аталади. Ишлаб чиқарувчи хўжалик, биринчи навбатда, деҳқончилик кашф этилиши билан манзилгоҳлар ўтроқ қабилаларнинг доимий турар жойига айланган ва улар асосида кейинроқ қишлоқ ва шахарлар таркиб топган.
Қадимги тош даврининг яна бир характерли масканларидан бири бу тош қурол ясаш устахоналаридир(Учтут). Устахоналар тош турига қараб турланади (масалан, чақмоқтош, кремний ва ҳ.к. тош ясаш устахоналари). Устахонлар асосан меҳнат ва ов куроллари ясашда ишлатиладиган тош конлари атрофида жойлашган. Тош даврининг асосий меҳнат ва ов қуроли асосан тошдан ясалганлиги боис устахоналардан узоқ даврлар фойдаланилган. Шунинг учун кўплаб тош ясаш устахоналар турли хил даврга эга маданий қатламлардан иборат.
Тош даврининг муҳим ёдгорликларидан яна бир тури бу қоятош расмлардир. Айрим адабиётларда қоятош суратлари деб юритилади. Тош даврига хос бўлган қоятош расмлар тарих фанида ибтидоий қоятош расмлари дейилади. Қоятош расмлар - ғорлар (девор ва шиплари), қоятошлар ва алоҳида тошларга ишланган қадимги тасвирлар ҳисобланади. Расмлар ишланиш хусусиятларига кўра 2 гуруҳга бўлинади: қаттиқ жисм ёки бошқа қаттиқ буюм билан уриб чўкичлаш, чизиш, тирнаш, ишқалаш йўли билан яратилган расмлар (улар фанда петроглифлар деб аталади) ҳамда табиий бўёқ — охра ва бўёқлар билан чизиб ишланган оқ, қора, сариқ, кўк, қизил, жигарранг расмлар. Рангли расмларнинг ишланиш усули у қадар мураккаб эмас, лекин, петроглифларнинг ишланиши анча мураккабдир. Қоятош расмлар ишланиш услубига кўра хилмахилдир: соя, оддий чизиқдор, тарҳли, нақшдор безакли ва бошқа услуб хусусиятларига эга. Қоятош расмлар дунёнинг барча жойларида маълум бўлиб, палеолитдан то ўрта асрларгача бўлган даврда яратилган. Африка (Саҳрои Кабир ва жан. тоғларда), Америка (Аляска, Анд ва б. тоғлар), Европа ва Австралиянинг тоғлиқ ҳудудларида кўп учрайди; Россия (Амур, Лена, Енисей, Об, Иртиш, Байкал кўли соҳиллари), Козоғистон, Ўрта Осиё (Қоратоғ, Бўкантоғ, Томдитоғ, Тяньшан, Помир, Нурота ва б.)дан топилган петроглиф қоятош расмлар диққатга сазовордир. Франция, Испания, Италия, Ҳиндистон, Россия (Лена, Амур, Байкал кўли соҳиллари, Урал, Доғистон), Ўзбекистон (масалан, Зараутсой расмлари, Сангижумон, Оқсоқолотасой расмлари)да рангли қоятош расмлар топиб ўрганилган. Қоятош расмлар аввало санъат обидаси сифатида санъат тарихини ўрганса, археологик ва тарихий манба сифатида ибтидоий ва қадимги қабилаларнинг ижтимоий ҳаёти ва руҳий оламини ўрганишда катта аҳамиятга эга. (Сармишсой расмлари, Суратлисой расмлари, Такатош расмлари, Хўжакент расмлари).
Do'stlaringiz bilan baham: |