3. ҚАБР – ҚЎРҒОНЛАР ВА УЛАРНИНГ ТУРЛАРИ
Қабр, гўр — марҳумни дафн этиш учун тайёрланган махсус жой. Қабр ҳар бир халқнинг урф-одати, яшайдиган географик муҳити, кишиларнинг табиий-илмий тасаввурлари, диний эътиқодларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Ўликларни кўмадиган халқларда, жумладан, ўзбекларда ҳам қабрнинг лаҳад, камин, тик чуқур ва сатана типлари бор.
Лаҳад. Аксарият ер ости сувлари чуқур бўлган қурғоқ жойларда лаҳад қазилади. Лаҳад типидаги қабрлар Ўзбекистонда бундан 3500 йил илгариги жез даври қабристонларида ҳам учрайди. Қабр тайёрлаш учун ердан бир метр чамаси тик чуқур — «айвонча» қазиб, унинг бир бурчагидан ўлик бўйи баравар горизонтал кавак — «лаҳад» кавланади, тупроғи ташқарига олинади. Ўлик кўйилаётганда гўрков лаҳад ичига тушиб, ўликнинг бош томонини қибла (ғарб)га қаратиб ётқизади. Лаҳаднинг тешигига ғишт, тош, гувала, чим қалаб бекитилади, сўнгра «айвонча» тупроқ билан тўлдирилади. Ортиб қолган тупроқ қабр устига тепа қилиб қўйилади.
Камин (ёки камгоҳ) типидаги қабрда ер бир метрдан ортиқ тик ва чўзинчоқ ўра қилиб қазилади. Ўра девори остки ёнидан учбурчак шаклида ўйилади. Ўлик шу камин (камгоҳ)га қўйилади. Камгоҳ оғзи ғишт, гувала ва билан билан бекитилади, сўнгра қабр тупроқ билан тўлдирилади.
Тик чуқур шаклидаги қабрда ер ўлик бўйига тенг қилиб кавланади, ўлик чуқурга чалқанча ётқизилади. Қабр оғзига катта ясси тошлар зичлаб терилади, сўнгра устига тупроқ тортилади.
Сағана, асосан, ер ости сувлари юза бўлган жойларда — Бухоро, Самарканд, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида тарқалган. Сағанада ер қазилмайди. Улик ер юзасига қўйилади, унинг устига пишиқ ғиштдан гумбазсимон сағана бино қилинади. Қабрларга қайта-қайта ўлик қўйиш, баъзан бир оиланинг эркакларини бир қабрга (олдин ўлганларнинг суякларини бир четга суриб, ўрнига янги ўликни сағанага) қўйиш одати бўлган. Хотинлар ҳам шундай тартиб билан қўйилган. Баъзи туркий халқларда, жумладан, ўзбекларда бой табақалар сағана қурдириб қўйиш одати бўлган.
Қабристон, мозор — марҳумлар дафн этиладиган махсус жой. Қабристон турлари ва уларни муҳофаза қилиш тартиби дафн маросими, муайяи халқ, дин, мазҳаб, ижтимоий гуруҳ ва бошқалар билан белгиланади. Дафн этиш жойлари антик даврда ва Қадимги Шарқда некрополь деб аталган. Ўзбекистонда қабритонларга қадимдан алоҳида эътибор берилган. Қабристонлар учун кўпинча тепалик жойлар танланган, атрофи девор ёки панжаралар билан ўралган. Машҳур кишилар учун эса мақбаралар қурилган.
Қўрғон қадимги қабристон тури (мозорқўрғон), Жанубий-Шарқий Осиёда жасадни куйдириш расм бўлган халқларда марҳумнинг хоки устига тупроқ ташланган, шу тарзда тупроқ ташланавериб, қўрғон ҳосил бўлган. Америка, Европа, Шимолий Осиёда ёғоч, тош, лой-тупроқдан махсус иншоотлар қуриб дафн этиладиган жойлар тайёрланган, бу иншоотлар устига тупроқ ётқизилган, гоҳ гумбаз билан ёпилган. Қўрғонларнинг баландлиги 3-6 м, диаметри 3-4 м Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидаги 1-5 асрларга мансуб Гўримирон қўрғони (баландлиги 1-2 м, диаметри 4-6 м)да марҳумлар сопол идишлар, темир қуроллар биланн дафн этилган. Бундай қўрғонлар Тўйтепа, Чирчиқ, Самарканд вилоятидан ҳамда Лавандак қабристонидан топилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |