Иқтисодий мутаносиблик ва макроиқтисодий барқарорликка эришиш
Миллий иқтисодиётдаги мувозанатлик унинг турли томонлари ва соҳалари ўртасида мутаносиблик бўлишини тақозо қилади. Иқтисодий мутаносиблик – иқтисодиётнинг турли томонлари ва соҳалари ўртасида миқдор ва сифат жиҳатдан маълум мослик бўлишидир. Бунда тенглик бўлиши шарт эмас. Улар мос келувчи нисбатларда (масалан, 2:3, 5:3, 3:1) бўлиши мумкин.
Иқтисодий мутаносибликларнинг барчасини умумлаштириб мутаносибликнинг қуйидаги гуруҳлари таркибига киритиш мумкин.
1. Умумиқтисодий тавсифдаги мутаносибликлар.
2. Тармоқлараро мутаносибликлар.
3. Тармоқ ичидаги мутаносибликлар.
4. Ҳудудий (территориал) мутаносибликлар.
5. Давлатлараро мутаносибликлар.
Қараб чиқилган мутаносибликларга эришиш орқали миллий ишлаб чиқаришнинг мувозанатли ривожини таъминлаб боришдан қуйидагилар кўзда тутилади:
мамлакатда мавжуд бўлган иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда жамиятнинг эҳтиёжларини тўлароқ қондириб бориш;
тўла бандлиликка эришиш, яъни меҳнат қилишга лаёқатли бўлган ва ишлашни хоҳлаганларни тўлиқ ва самарали иш билан таъминлаш;
нарх-навонинг нисбий барқарорлигига эришиш ва уни инфляция таъсиридан холи қилиш;
иқтисодиётнинг бир маромда ўсиб боришини етарли даражада инвестиция билан таъминлаш ва муомаладаги пул массасига боғлаб бориш;
экспорт ва импортни мувофиқлаштириш асосида ташқи савдо балансининг фаоллигига эришиш.
Бу мақсадлар фақатгина уларга интилиш бўлиб, бунга эришиш муқаррар эканлигини билдирмайди. Чунки мутлоқ мувозанатга эришиш мумкин эмас, у бузилиб ва қайтадан тикланиб туриши орқали иқтисодий ўсиш нотекис боради.
Иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш
Иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштиришда, мамлакатимиз иқтисодиёти салоҳиятидан имкон қадар тўлароқ фойдаланиш, унинг рақобатдошлигини ошириш, сифат жиҳатидан такомиллаштиришда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнлари муҳим ўрин тутади. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш – саноат ишлаб чиқаришининг турли босқичларида импорт шаклида харид қилиш орқали қўлланилувчи деталлар, бутловчи қисмлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр маҳсулотларни маҳаллий хом ашё ва материаллар асосида ишлаб чиқаришга ўтказиш жараёнидир. Айни пайтда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар ва уни янада диверсификация қилиш саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2010 йилдаги 24% дан 2015 йилда 28% га, қурилишнинг улушини эса – 6,4% дан 7,6% га ошириш имконини беради. Натижада 2011–2015 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,3 баробар ортгани ҳолда, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 17,5% дан 13,5% га тушади3.
Юқорида қайд этилган стратегик вазифаларни амалга ошириш ўрта муддатда қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:
макроиқтисодий ривожланишни бошқариладиган модели асосида барқарор, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш;
тўхтовсиз иқтисодиётни модернизациялаш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилашни амалга ошириш;
ишлаб чиқариш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини барқарор иқтисодий ўсиш ва аҳолини эҳтиёжларини қондириш талабларига мувофиқ ривожлантириш;
банк-молия тизимини барқарорлигини ошириш ва инвестиция миқёсини кенгайтиришдаги ролини ошириш;
нодавлат секторини биринчи навбатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни иқтисодиётдаги роли ва улушини янада ошириш;
юқори агротехнология асосида замонавий самарали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни яратиш ва қишлоқ аҳолисини даромадларини ошириш;
аҳолини, шу жумладан, ёш авлодни барқамол ривожланишини таъминлайдиган замонавий ижтимоий секторини шакллантириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |