Иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари
Иқтисодий ўсишга тарихий жиҳатдан ёндошилганда, у бир хил суръатларда ва бир текис бормайди. Тарихда иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашиш, жиддий пасайиш ва ҳатто қисқаришдаврлари маълум. Агар катта тарихий босқичлар олиб қараладиган бўлса, жаҳон ва миллий иқтисодиётда барқарор иқтисодий ўсиш, ишлаб чиқаришнинг ҳар томонлама тараққиёт манзараси ҳосил бўлади. Шу билан бирга иқтисодий ўсиш нафақат миқдор, балки муайян сифат ўзгаришлари шаклида ҳам намоён бўлади. Шундай экан, иқтисодий ўсиш бевосита ялпи ички маҳсулот миқдорининг мутлоқ ва аҳоли жон бошига ҳамда иқтисодий ресурс харажатлари бирлиги ҳисобига кўпайиши ҳамда сифатининг яхшиланишида ва таркибининг такомиллашувида ифодаланади.
Иқтисодий ўсишни ЯИМ мутлоқ ҳажмининг ортиши орқали ёки аҳоли жон бошига реал ЯИМ миқдорининг ортиши орқали ўлчаш бунинг қандай мақсадда амалга оширилаётганига боғлиқ бўлади. Одатда бирон-бир мамлакат иқтисодий ўсишини ЯИМ мутлоқ ҳажмининг ортиши орқали ўлчаш унинг иқтисодий салоҳиятини баҳолашда, аҳоли жон бошига реал ЯИМ миқдорининг ортиши орқали ўлчаш эса мамлакатдаги турмуш даражасини таққослашда қўлланилади.
Илмий-техник тараққиётнинг ривожланиш даражаси
Иқтисодиётнинг модернизация қилинишида мамлакатнинг илм-фан салоҳияти, илм фан ютуқларини, янгиликларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, илмий муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзаро ҳамкорлиги катта рол ўйнайди. ХХ асрнинг 50 йилларида АҚШда бошланган илмий техника инқилоби илмий муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳамкорлиги ва боғланиши натижасида вужудга келган эди ҳозиргача давом этмоқда.
Бугунги кунда жаҳонда бир неча миллион киши илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланади. АҚШ, Япония, Франция, Германия ва Буюк Британия улкан илмий салоҳиятга эга, бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Шуларнинг ичида АҚШ жуда катта илмий салоҳиятга эгалиги билан кескин ажралиб туради. Мазкур мамлакатда 300 млн.га яқин ялпи аҳолининг ҳар 10 мингтасига ҳисоблаганда 113 киши илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқда. Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига (ИТТКИ) ажратилган харажатларнинг ҳажми бўйича (140 млрд. доллар атрофида) АҚШ дунёда биринчи ўринни эгаллайди. АҚШ ва Ғарбий Европанинг етакчи мамлакатларида ИТТКИга ажратилган харажатлар ички маҳсулотининг 1,5-3,0 фоизини ташкил этади. Ривожланаётган мамлакатларда ушбу кўрсаткич 0,4 фоиздан ошмайди. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ИТТКИ харажатлари ўртача ривожланган мамлакатларда 110 долларга, ривожланаётган мамлакатларда эса атиги 1 долларга тенг.
Ҳозирги кунда илм фан соҳасида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик марказлардан бири ҳисобланади. Бу марказ тадқиқот учун зарур бўлган ривожланган моддий асосга, кенг илмий фондига, малакали илмий кадрларига эга. Уларнинг илмий ютуқлари бутун дунёда эътироф этилган. Республиканинг илмий-текшириш мажмуаси академик, олий таълим мажмуалари ва турли соҳадаги 362 та муасассаларни ўз ичига олади, шу жумладан: 101 илмий-тадқиқот институтлари, 55 ўқув юртлардаги илмий- тадқиқот бўлинмалари, 65 лойиҳа-конструкторлик ташкилотлар, 32 илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари ва тажриба корхоналари, 30 ахборот хисоблаш марказлари.
Ҳозирги Ўзбекистондаги модернизация жараёнлари жаҳонда юз бераётган фан техника инқилобининг узвий бир қисми. Шу билан биргаликда фан техника инқилобининг ҳозирги даражасига етиш учун интилишнинг бир кўриниши деса бўлади. Йирик олим ва мутахассислар Фан техника инқилобинини (ФТИ) бир-бири билан узвий алоқадор тўрт таркибий қисмлар:
1) илм-фан;
2) техника ва технология;
3) ишлаб чиқариш;
4) бошқарувдан иборат бўлган ягона (яхлит) мураккаб тизим деб тан олмоқдалар. Модернизация жараёнларида мана шу мураккаб тизимни яхлит ҳолича замонавийлаштириш талаб этилади. Яъни бу мураккаб тизимга янгиликларни доимий равишда жорий қилиш механизмлари шаклланиши муҳим аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |