Фалсафа тарихида инсон муаммоси. Антик даврдан бошлаб инсонга бўлган қизиқиш дам кучайиб, дам маълум вақт пасайиб турган, лекин ҳеч қачон йўқолмаган. «Инсон нима?», деган савол бугунги кунда ҳам аввалгидек жаҳон фалсафасидаги ўта муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда, инсониятнинг энг ўткир ақл-заковат соҳиблари эътиборидан тушмай ва айни вақтда ўзининг узил-кесил, умумий эътироф этилган ечимини топмай келмоқда.
Инсон ҳар сафар мутафаккирлар диққат марказидан ўрин олар экан, унинг моҳиятини янги тарихий шароитда ва янгича нуқтаи назардан англаб етишга ҳаракат қилиб, уни қайта ва қайта янгидан кашф этганлар. Пировардида, фалсафа фанида инсондан мураккаброқ ва зиддиятлироқ предмет йўқ, десак, ҳеч муболаға бўлмайди.
Инсон барча яхши фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ўзига хос, бетакрор ва баркамол мавжудот – чексиз микрокосм сифатида ҳам, инсон табиатининг норасолиги ва бузуқлиги туфайли ҳалокатга маҳкум бўлган табиат хатоси сифатида ҳам, Худо яратган банда сифатида ҳам, бошқа одамлар фаолиятининг маҳсули сифатида ҳам талқин қилинади. Хусусан, Шарқ мутафаккири А.Беруний жаҳон фанида биринчи марта инсон ва табиат, одам ва олам ўртасидаги муносабатларни дунёвий фан нуқтаи назаридан ўрганади. У “одамлар тузилишининг ранг, сурат, табита ва ахлоқда турлича бўлиши фақатгина насабларининг турличалигидан эмас, балки тупроқ, сув, ҳаво ва ернинг, одам яшайдиган жойларнинг турличалиги ҳамдир. Тилларнинг турлича бўлишига сабаб одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-биридан узоқ туриши, уларнинг ҳар бирида турли ҳохишларни ифодалаш учун зарур бўлган сўзларга эҳтиёж туғилишидир. Узоқ замонлар ўтиши билан бу иборалар кўпайиб, ёдда сақланган ва такрорланиш натижасида таркиб топиб, тартибга тушган”1, деб ҳисоблайди. Демак, Беруний фикрича, инсоннинг феъл-атвори ва маънавий қарашлари сурати ва сийрати бевосита табиий муҳит таъсирида шаклланади. Зеро, айнан шу табиий муҳит, географик шароит халқлар, миллатлар шаклланишининг муҳим асоси бўла олади. “Инсон ўз табиатига кўра мураккаб танага эгадир. Инсоннинг танаси бир-бирига қарама-қарши қисмлардан иборат бўлиб, бу қисмлар тобелик кучи асосида бирлашган”2. Беруний фикрича, ҳамма одамларда ўзаро бир-бирига ўхшаш ва айни пайтда фарқ қилиб турадиган жиҳатлар мавжуд. Ибн Сино, “Инсон бошқа барча ҳайвонот оламидан сўзи, тили ва ақли, тафаккур қилиши билан фарқ қилади. Инсон ақли турли фанларни ўрганиш ёрдамида бойийди”3, деб ҳисоблайди. Форобий фикрича, инсон ўз табиатига кўра ҳаётини тартибга келтириш, мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш учун бошқа инсонларга муҳтож бўлади. Якка ҳолда ҳеч ким бунниг уддасидан чиқа олмайди. “Инсон шундай махлуқотки, у фақат жамиятда ўз эҳтиёжларини қондириши ва олий маънавий даражага кўтарилиши мумкин”4. Инсон ўз ҳаётининг меъмори, ижодкори бўлмоғи, ўзида фозила хислатлар, истеъдодларни тарбиялаши лозим. Бунга эса у жамиятда яшаб фаолият кўрсатгандагина эришади. Инсон ижтимоий мавжудод. Ёлғизлик узлат уни қашшоқлаштиради, инсоний қиёфасини ва бахтга олиб борадиган истеъдодини йўқотади. Ибн Халдун инсонга ижтимоий воқелик сифатида қарайди. Ундан ижтимоий моҳият излайди. Инсон жонзот сифатида эзгулик ва ёвузлик оламидир. Шунга кўра, у умрининг ҳар дақиқасида ёвузликдан кўра эзгуликка, ёмонликдан кўра яхшиликка, нафратдан кўра муҳаббатга интилиб яшашга маҳкум этилган ақл соҳиби, бебаҳо неъматдир.
Инсон барча ижтимоий муносабатлар мажмуидир, деган фикр инсонга механистик нуқтаи назардан ёндашган Маърифат даври мутафаккирлари, хусусан «Инсон-машина» деб номланган асар муаллифи француз Ж.Ламетри (1709-1751) илгари сурган ғоялар билан тўқнашади.
Бошқа бир машҳур француз файласуфи – Р.Декарт (1596-1650) асарларида инсон моҳияти масаласига нисбатан бутунлай ўзгача ёндашувга дуч келамиз. У «инсон фикрловчи нарсадир», деб ҳисоблайди.
«Инсон, у узоқ вақт ўйлаганидек, дунёнинг статик маркази эмас, балки эволюциянинг ўзига ва чўққиси бўлиб, бу анча гўзалроқдир»5, деб қайд этади атоқли француз файласуфи ва теологи П.Т. де Шарден (1881-1955).
Унга зид ўлароқ, А.Шопенгауэр (1788-1860) инсон нуқсонли мавжудот эканлигини таъкидлайди, уни «табиат халтураси» деб атайди.
Француз ёзувчиси ва файласуфи Ж.П.Сартр (1905-1980) бу фикрни бутунлай рад этади. Унинг фикрича, инсон келажакка қараб интилади ва шу тариқа ўзини ўзи яратади. У «Инсон – одамзот келажагидир», деб таъкидлайди.
Шундай қилиб, фалсафанинг икки ярим минг йиллик тарихи мобайнида инсонга жуда кўп таърифлар ва тавсифлар берилди, у кўп сонли синонимлар орттирдики, фалсафий таҳлилнинг бошқа бирон-бир объектида бундай ҳолга дуч келиш мушкул. Зеро, фалсафа тарихида инсон:
«ақлли мавжудот»;
«сиёсий ҳайвон»;
«табиат гултожи»;
«ҳаётнинг боши берк кўчаси»;
«ҳаётнинг сохта қадами»;
«меҳнат қуроллари ясовчи ҳайвон»;
«ўзликни англаш қобилиятига эга мавжудот»;
«маънавий ва эркин мавжудот» ва ҳоказолар сифатида талқин қилинган.
Фикрларнинг бундай ранг-баранглиги сабабини, аввало, инсоннинг ўз табиатидан излаш лозим. Инсон табиатининг сири, ҳеч шубҳасиз, «боқий муаммолар»дан бири бўлиб, фалсафа ўз предметининг моҳияти ва хусусиятига кўра унга қайта-қайта мурожаат этган ва шундай бўлиб қолади. Бу ерда мазкур соҳадаги барча фикр-мулоҳазаларга мўлжал берувчи инсоннинг келиб чиқиши ҳақидаги масала айниқса муҳим аҳамият касб этади. Инсон қаердан ва қандай пайдо бўлгани ҳақидаги кўп сонли ғоялар орасидан энг муҳимларини ажратиб олсак, уларнинг барчасини маълум даражада шартлилик билан икки асосий концепция – инсоннинг табиий ва ғайритабиий келиб чиқиши ҳақидаги концепциялар доирасида бирлаштириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |