Фожеавийлик ва кулгилилик тушунчалари
Фожеавийлик муаммоси ҳар доим фалсафий-эстетик тафаккур соҳибларининг эътиборини жалб қилиб келган. Деярли барча буюк ижодкорлар яратган асарларда фожеали оҳанглар мавжуд. Масалан, ўзбек адиби Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» ва «Мирзо Улуғбек» асарларида фожеали оҳанглар бошдан охирига қадар сезилиб туради. Мазкур драмалар махсус фожеа асари сифатида яратилмаган бўлса ҳам, аслида, фожеали оҳанглар уларда устивор даражада ифодаланган. Шайхзода каби ижодкор фожеалилик руҳида воқеликни идрок этишга мойилдир. Санъатнинг тури намоён бўладиган фожеали тўқнашувлар, қиёфалар, вазиятларни энг тўла ва чуқур бадиий инъикос этиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Софоклнинг фожеий асарлари, Шекспирникидан қанчалик фарқланмасин, улар ўртасида умумийлик бари–бир мавжуддир. Ҳар қандай фожеа заминида алоҳида фожиали тўқнашув ётади ва унинг энг муҳим томони кўламлилик ва ижтимоий аҳамиятга моликлигидир.
Хегел фожеалиликни моҳиятли кучлар тўқнашувининг натижаси, деб билади. Чунки, бу тўқнашувлар курашининг қандай тугалланиши пировардида инсоният истиқболи, тақдири билан боғланиб кетади. Бу ҳол фожиа санъатининг фалсафий жиҳатдан энг ҳажмли турига айлантирадики, унда ижодкорга ҳаётнинг инсониятни бутун тарихи давомида ҳаяжонлантирадиган туб масалаларни ўз олдига қўйиб, ҳал қилиш имконини беради. Фожеа қаҳрамони кўпинча ижобий тусда тасвирланади, у ўз даврининг ижобий орзу-умидлари, у ёки бу қирраларини ўзида мужассамлаштирган кучли, ёрқин, улуғвор шахсни намоён этади. Лекин фожеа тўқимасида бошқа турдаги қаҳрамонлар кам акс эттирилган бўлиб, ўз тақдирлари билан томошабинда ўта зиддиятли ҳис–туйғулар қўзғайди. Уларнинг мудҳиш кирдикорлари, содир этаётган ёвузликлари инсонда қатъий норозилик, ҳатто нафратланишни вужудга келтириши билан бир қаторда уларнинг қилмишларига ачинасан, қабиҳ, жирканч шароит таъсирига тушиб, улар ўзларидаги гўзал инсоний фазилатлардан бегоналашганлигини англайсан.
Фожеавийликнинг санъатдаги равнақи Уйғониш давридан кўзга ташлана борди. Бу вақтда абадий кўринган феодал муносабатлар замини емирила бошлаган эди. Бу даврга келиб, инсонга муносабат тубдан ўзгарди, хиссиётли воқеа–ҳодисаларга нисбатан эътибор билан назар ташлайдиган, инсонни улуғлайдиган, унинг чексиз имкониятларини куйлайдиган инсонпарварлик эстетикаси қарор топди... Уйғониш даврига келиб фожеий асарлар янги тарихий вазиятни, қадимгига нисбатан бошқа шахс мавқеини ифодалайди. Агар авваллари фожеада шахс ҳали ўзини жамиятдан ажратмаган ва шунинг учун у ёки бу ахлоқий ғоя–идеал намоёндаси сифатида амал қилган бўлса, Уйғониш даври фожеасида шахсий эҳтирос ва ирода бош оҳанг сифатида жаранглайди: тарки дунё азобидан, ўрта аср табақавий чекланганлигидан озод бўлган инсон ўз иродасини, ўзлигини ўрнатишга унга ҳали ҳам қарши турган воқелик билан тўқнашади, бошқа одамларнинг орзу ва интилишлари билан муқаррар курашга киришади. Бу ерда қисмат ва тақдирга энди ўрин қолмайди, фожеа манбаи–инсоннинг ўзи, унинг ер куррасидаги ҳаёти, ўз мақсади сари интилаётган одамлар тўқнашуви, улар бошқаларга ва ўзларига нисбатан содир қиладиган ёвузликлардир. Шундай зиддиятли қарама–қаршиликларга бой Уйғониш даври фожеасининг энг тўла, бадиий қудратли ифодаси Шекспир ижодида ўз аксини топган...
Санъатда фожеа ва фожеий қаҳрамон образини ифодалаш қўйидаги жиҳатлар билан белгиланади:
– фожеий асар ҳаёт ва ижтимоий алоқаларни қамраб олиши ва реал тасвирлаши;
– инсон шахсини тўлақонли равишда ифодалаши;
– даврининг ёрқин инсонпарвар орзулари билан ахлоқ қоидалари ўртасидаги тўқнашувнинг натижасини ёритиши;
– маънавий жасорат, ғурурли, эркпарвар инсон тимсолини яратиши;
– инсоний идеалга интилиш ва унга бўлган ишончнинг мустаҳкамлиги.
Санъатдаги фожеавийлик инсоният ва жамиятнинг доимий ҳамроҳи ва умр йўлдоши бўлиши мумкин деган илмий тахминлар анчагина. Чунки у ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун интилиши, кураши доимо объектив тарихий зарурият билан тўқнашади. Инсоният тараққиётининг у ёки бу босқичда унинг муқаррар тарзда имкониятлари тарихий чекланганлиги санъатда фожеали оҳанглар туғилишига битмас–туганмас замин вазифасини ўтайди.
Шунинг учун ҳам илғор тафаккур доим ҳаётни ўзлаштириш, ўлим ҳавфини қисқартириш ҳақида ўйлаб келган. Ўлим қайғусидан фарқли ўлароқ фожиий қайғу–изтиробнинг махсус бўлиб, улуғворликнинг барбод бўлиши билан боғлиқ: у–ҳаётнинг йўқолиши ёки ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеликнинг барбод бўлишидир. Эстетик қайғуриш эса бу ерда йўқотишнинг ўзига хос тури сифатида намоён бўлиб, у изтиробли қайғунинг конкретлашувидир.
Фожиавийлик эстетика категориялари орасида улуғворлик билан қатор яқинликка эга. Ҳақиқий улуғворлик фожиавийликнинг давоми, десак муболаға қилмаган бўламиз. Шу боис эстетикасида фожиавийлик категориясининг улуғворлик категориясидан кейин ўрганилиши бежиз эмас. Улуғворликнинг барча хусусиятлари фожиавийликнинг ҳам у ёки бу кўриниши орқали намоён бўлади. Фожиавийлик мезоний тушунчасининг эстетикасидаги марказий муаммоси–инсоннинг имкониятларини ҳар томонлама кенгайтириш (санъат, бадиий адабиёт, жамият ва табатга нисбатан муносабатда), қаҳрамонлик, буюклик тушунчаларининг қатъий ва ўзгармас чегараларини бузиб, унинг моҳиятини янада яқинлашиш, ташаббускор ва бунёдкорликни рағбатлантириш, ҳаётда умидворлик ва унга муҳаббат туйғуларини ривожлантиришдан иборатдир. Фожеий қаҳрамон келажакка йўл ташлайди, у эскирган чегараларни даф этади. У доимо инсоният курашининг олдида юради.
Фожеавийликнинг яна бир хусусияти шундаки, у инсонга борлиқнинг мазмунини очиб беришда яқиндан кўмак беради. Шахс ривожи жамият ва инсоният ўртасидаги муносабатга боғлиқ эканлигини, жамият тараққиёти инсон ҳисобига эмас, балки инсон ва инсон орқали ривожланиши зарурлиги бевосита фожиавийлик тушунчаси орқали янада конкретлаштирилади. Бу эса пировардида инсон ва инсоният муаммоларини инсонпарварлик йўли билан хал этишга олиб келади. Фожиавийликда жамият ва инсониятнинг эзгулигини ҳимоя қилувчи хусусият мужассам. Маҳмуд Торобий қўзғалони натижасиз тугаши, унинг ўзи эса фитна қурбони бўлиши аждодларимиз қисматидаги фожиадир. Маҳмуд Торобий ғаним қўлида эмас, ўз қавмидан чиққан–нурга эмас, зулматга талпинган калтабин жоҳил Оловхон Юсуф қўлида ҳалок бўлади. Бироқ, Торобий тимсолидаги фожиа хиёнат, сотқинлик,диёнатсизлик, зулм ва зўравонлик бошидан кечирган ва унга қарши курашган миллат, халқ ва Ватан фожиасидир. Ёки истиқлол муқаддас тутган, ўлканинг миллий, диний заминидаги тараққиёт учун курашган ва халқ орасидаги ғоят катта мавқега эга бўлган жадид маърифатчиларининг фожиаси ҳам жамиятни тўқимтабиат «муҳаббат»дан халос этишнинг натижаси эди.
Фожиавийлик категориясининг фалсафийлиги шундаки, у:
– инсоний фазилатлардаги йўқотилган нарсаларнинг ўрнини қоплаб бўлмаслигини кўрсатиб беради;
– абадиятга дахлдор шахсларни тавсифлайди ва бахолайди;
– содир бўлган воқеа–ҳодисанинг якунига қараб қаҳрамон характерининг очиб беради;
– дунё манзараси ва инсон ҳаётининг мазмуни бўйича фалсафий мушоҳада қилишга ундайди;
– ман этилган тарихий зиддитларни фош этади;
– тушкунлик холати ва қайғу туйғуларини пайдо қилса–да, Айни пайтда тантана ва қувонч, ҳаётдан умидворлик, ҳаётга муҳаббат хисларини ҳам юзага келтиради.
– одамларни ёвузлик, қабоҳат ва маънавиятсизликдан фориғ қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |