Маънавий қадриятлар ва гўзаллик. Ватанимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг миллий–маънавий қадриятларга янгича муносабат билдирилди, халқона, илғор анъаналар шаклланди, миллий ифтихорни юксалтиришга кенг жамоатчилик фикри жалб қилинди. Ана шуларнинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда амалга оширилган эзгу ишларнинг кўлами кенгайди. Эндиликда бунёдкорлик ғояси гўзаллик тушунчаси билан ҳамоханг олиб борилганлигини билиш, англаш ва тасаввур қилиш қийин эмас. Буни ўзбек санъатида амалга оширилган ишлар орқали яққол кўришимиз мумкин.
Маълумки, санъат борлиқни тўғридан–тўғри кўчириб олиб тасвирламайди, аксинча уни бадиий қиёфалар воситасида ифодалайди. Шунга кўра, санъат асари инсонни фақат воқеликдаги гўзалликлар билан чекланмасликка, айни пайтда мавжуд гўзалликларни онгли тарзда мушоҳада қилишга, баҳолашга ундайди. Рассомлик санъати гўзалликни бизга шу тариқа намоён этади. Бу борада Рўзи Чориевнинг «Болалик хотиралари», «Замондошларим» портретлар туркуми, «Фарғона водийси» каби рангтасвир асарлари фикримизнинг ёрқин ифодасидир. Шу боис унинг картиналарини ўзбек эстрадасининг юлдузи Ботир Зокиров «қўшиқ деб аташ мумкин» деган эди. «Унинг «Бешик» деб номланган картинасида қизил гиламда ўтирган она бешик устига энгашган, гиламнинг миллий нақшлари, қадимий ўзбек бешиги, она кўйлагининг ёрқин ранги, унинг орқасига ташланган узун соч ўрими – буларнинг барчаси ўзбек халқ қўшиғи – «Қора сочим»ни ёдга солади. Рассомнинг «Анор пишганда» картинаси ҳам ҳайрат, қувончга тўла ёшлик қўшиғидай таассурот қолдиради.
Етук рассомлар ҳаётнинг барча ҳодисаларини рангтасвир орқали кўради, уларга ижод манбаи сифатида қарайди, санъатнинг ҳамма учун зарур эканлигига қатьий ишонади. Шу боис уларнинг асарларидаги гўзаллик рухи инсонларни рангтасвирни севишга даъват этади, тасвирий санъатни хис қилиш ва уни идрок этишга чақиради. Бундай хусусиятлар Ўрол Тансиқбоев, Чингиз Аҳмаров, Баҳодир Жалолов, Жавлон Умарбеков, Алишер Мирзаев, Дилёр Имомов каби атоқли рассомлар ҳамда Акмал Нуриддинов, Сергей Алибеков, Ортиқали Қозоқов сингари мусаввирларнинг реалистик йўналишдаги асарларида ўз аксини топган. Уларнинг асарларида гўзаллик нафақат рассомнинг шахсий идеали, балки ўзида халқ ҳаётининг муҳим бўлагини мужассам этганлиги, инсонларнинг тафаккури ва қалбига таъсир кўрсатиши билан белгиланади. Гўзалликни яратишда рассомнинг зиммасига юкланадиган масъулият юксаклиги ва муқаддаслиги ҳам ана шунда. Бу хусусда нафосатшунос олим Тилаб Маҳмудов шундай дейди: «Қачонки санъат асарлари муҳим ҳаётий муаммоларни акс эттирса ёки халқ кайфияти ва ғояларини ифодаласа, улар миллионлаб меҳнаткашларнинг эзгу ҳамроҳига айланади. Бундай асарлар ҳеч қачон халқдан, амалиётдан ажралган эмас. Рассомнинг миллат ҳаёти билан алоқасигина янги ва асл санъат асарларининг пайдо бўлишида муҳим манба бўлиб хизмат қилади».
Маълумки, ҳар бир халқда бошқа халқларда учрамайдиган, бошқалар учун ўрнак бўладиган хусусиятлар мавжуд. Гўзалликни идрок этиши, ундан завқланиши, бадиий тафаккур қобилиятининг қандайлигига қараб ҳам халққа, миллатга баҳо берилади. Шундай холатлар бўладики, ўзга миллат вакилининг гўзалликдан завқ олиш савияси иккинчи бир миллат эстетик идеалига мос келмайди. Бу холат гоҳида ижобий, гоҳида эса эстетик идрок кўламини торайтириб, миллий ўзига хослик ҳақида нотўғри тасаввурларни пайдо қилишга олиб келади. Бу айниқса, санъатга бўлган муносабатда кўпроқ кўзга ташланади. Бироқ, ҳар икки холатда ҳам қиёслаш, бирининг илғор қадриятларини иккинчиси томонидан онгли тарзда ўзлаштириш, ўзидаги камчиликларни бартараф қилиш жамият ҳаётида гўзалликнинг равнақ топишига кўмаклашади.
Ҳар қандай маънавий, сиёсий, ижтимоий ҳодиса даврлар ўтиши билан такрорланади. Аммо, бу такрорланишлар аввалгилари билан бир хил бўлмайди, у муайян янгиликлар, янгича муносабатлар орқали ривожланиб боради. Инсоннинг тарихий тафаккури ўзликни англашга қаратилган муайян жараёнлар орқали белгиланиб, зарурийлик нуқтаи–назаридан олам тажрибаларини ўзлаштиришга қаратилган бўлади. Инсон томонидан қадриятлардаги гўзалликни ўзлаштириш, идрок этиш ана шундай тажрибалар сирасига киради. Зотан, инсон ҳаётини, яшаш тарзини, фаолиятини белгилаш вазифасини ўз зиммасига олган интеграция жараёнларида бу масаланинг ижобий ҳал этилиши ғоятда зарур.
Умуман олганда, маънавий қадриятлар тизимида гўзалликни барқарор этиш қўйидагилар билан белгиланади:
– санъатда соғлом руҳият ва ҳаёт ҳақидаги тасаввурларни вужудга келтириш;
– реал ҳаёт ҳақиқатини инъикос эттириш;
– жонли инсоний тафаккур ва дунёқараш манбаини яратиш;
– асарга онгли дунёқарашга асосланган ижод эркинлигини, мустақил фикрлаш ҳамда замон билан ҳамнафаслик руҳини сингдириш;
– янгиланаётган ҳаёт жараёнларига яқинлашиш ва унинг илғор томонларини ёритиш, уларни мазмунан бойитиш;
– янгича услуб ва бадиий усуллардан фойдаланиш, санъат асарида шаклий гўзалликка эришиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |