Улуғворлик ва тубанлик тушунчасининг моҳияти
Инглиз нафосатшуноси Э.Бёрк гўзалликни улуғворлик билан қиёслайди ва уларни алоҳида тушунчалар сифатида тадқиқ этади. И.Кант эса гўзаллик ва улуғворликни уйғунликда ривожланувчи тушунчалар деб ҳисоблайди. Улардан фарқли ўлароқ, Хегел, улуғворликни гўзалликнинг бир кўриниши, улуғворлик – зоҳирий гўзалликнинг ботиний гўзалликка айланиши, деб тушунтиради.
Улуғворлик – инсоннинг нарса ҳодисларга эстетик ва ахлоқий мезонлар билан ёндашиши ва улардан юксак ҳайратланиш туйғусини ҳосил қилувчи эстетик ҳиссиёт мажмуидир. Улуғворликнинг кўлами гўзаллик кўлами каби чексиздир. Улуғворлик ўзида ҳажм, миқдор, кўлам ва буюкликни мужассам этади. Шиллер улуғворлик тушунчасини драматиклаштиради: у қайғу ва қўркувни енгиш инсонни қанчалик улуғлаши ва чирой бахш этишини кўратиб беради. Бу ерда у «ахлоқий хавфсизлик» тушунчасини киритади. Қўрқув ва даҳшатга қарши бориш учун ҳам хавфдан холи бўлиш лозим. Жисмоний хавфсизлик бевосита шахснинг ўзига тегишли бўлиб, инсондаги қатьий ишонч боис хотиржам, хавфсиз. Бироқ, даҳшатли йўқотишлар ва мудҳиш қотилликлар қаршисида инсоннинг хотиржамлиги йўқолади. Агар хавф инсоннинг ўзигагина яқинлашса-ю, у ўзини ҳотиржам хис қилса, демакки, унинг виждони хавфдан холи; унга ҳеч қандай ҳавф тахдид солмайди. Шу боис Шиллер «ахлоқий ҳавфсизлик»ни дин, эътиқод ва абадийлик билан боғлайди. «Ахлоқий хавфсизлик»нинг заминий хусусиятини ҳаёт ва ўлим масалалари билан изоҳлаш мумкин. Улуғворлик муҳокамаси юксак даражада маданиятни талаб қиладики, бу муҳокама гўзаллик муҳокамасидан устуворроқдир.
Табиатдаги улуғворлик чексиз осмон, пурвиқор тоғлар, юксак чўққилар, мовий денгизлар, минг йиллик чинорлар, шунингдек, вулқон ва чақмоқ сингари табиат ҳодисаларида намоён бўлади. Улар узоқдан кишиларда ҳеч қандай ҳаяжонли таассурот қолдирмайди. Бироқ, уларга яқинлашганимиз сари руҳиятимизни ҳаяжон, жўшқинлик эгаллай бошлайди, уларни бутунлигича кўз билан қамраб ололмаслик даражсига етганда эса бу ҳаяжон янада ортади. Табиатдаги улуғворлик математик ва динамик хусусиятга эга. Математик хусусиятида хажм, динамик хусусиятида куч устувор аҳамиятга касб этади. Бироқ, иккала хусусият ҳам инсонда кучли ҳайрат ва ҳайратланиш туйғуларини пайдо қилади. Тоғлар инсонни юксак фикрлашга, буюк ғояларга ундайди: Эверестга Ўзбекистон байроғини тикиб қайтишган алпинистларимизнинг таассуротлари ниҳоятда ҳаяжонлидир.
Жамиятдаги улуғворлик умуминсоний қадриятлар, қаҳрамонлик, жасорат, халқпарварлик, бунёдкорлик тушунчалари билан уйғунлашади. Давлатда барқарорлик, жамиятда адолат устуворлиги, шахснинг эркин ва ҳурфикрлилик асосида фаолият олиб бориши ижтимоий тизимнинг улуғворлигини акс эттиради.
Санъатдаги улуғворлик ўзининг ҳар томонлама ижодий ифодасини топади; санъатнинг барча турлари учун улуғворлик асосий мезон бўлиб ҳизмат қилади. Бадииий адабиёт ва ифодали санъат турлари улуғворликни тасвирлашда хилма–хил воситалардан фойдаланиб ҳамда улуғворлик мавзусини бадиий ўзлаштириб, қаҳрамонлик эпосларини лиро–эпик достонларни, қаҳрамонлик фожиаларини, мардонавор мусиқа асарларини (симфония, оратория)ни вужудга келтирди. Санъатдаги улуғворлик театр, кино, бадиий адабиёт фожиавийлик билан ёнма–ён туради: эстетиканинг бу икки мезоний тушунчаси ўртасида ўзига хос диалектик алоқадорлик мавжуд бўлиб, улар миллийлик ва умуминсонийлик хусусиятларига кўра фарқланадилар. Масалан, Шекспир ва Шайхзода асарлари бир вақтнинг ўзида ҳам улуғворликни ҳам фожиавийликни намоён этади. Фарқ, Улуғбекнинг ўлими билан Оттелонинг қисматида, холос... Санъатдаги улуғворлик бадиий мазмун ва шаклнинг барча имкониятлари воситасида ифодаланади, лекин бунда ҳал қилувчи ролни ғоя ўйнайди. Муҳим аҳамиятли ғоя юксак руҳланган, муукаммал шаклнинг зарурлигини юзага келтириб, санъат асари даражасининг юксаклиги белгилаб беради. Бу ҳолат ҳаётий ҳақиқатдан қочишга эмас, унга хизмат қилишга даъват этади.
Меъморчиликдаги улуғворлик юксак аҳамият касб этади: Самарқанддаги Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Имом Бухорий мажмуи, Бухородаги Минораи Калон, Хивадаги Калта Минор, Шаҳрисабздаги Бибихоним, Оқсарой, Тошкентдаги Европа ва Осиё меъморчилигининг янги анъаларини уйғунлаштирган Миллий Банк биноси, Олий Мажлис биноси, Темурийлар тарихи Давлат музейи, Мисрдаги эҳромлар, юнонларнинг Парфенони, римликларнинг Колизейи, ўрта аср готик бош черковлари шулар жумласидандир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улуғворлик тушунчасига фақат миқёс, кўлам ва ўлчовининг катталиги билан ёндашиш унинг қамровини чегаралаб қўяди. Бобил минораси, Минораи Калон, Миср эҳромлари ўзининг кенг миқёслилиги билан кишиларни ҳайратга солса, Гўри амир, Шоҳизинда, Ичан қалъа, Регистон майдони, Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Минор, Боло ҳовуз мачити инсонда юксак даражада нафосат ва гўзаллик туйғуларни шаклантиради.
Тубанлик – инсонда кучли нафратланиш туйғуларини ҳосил қилувчи эстетик категориядир. Нафосатшунослик категориялари орасида хунуклик сингари кишиларда салбий ҳис–туйғу пайдо қиладиган бошқа тушунчалар ҳам мавжуд. Тубанлик ана шундай тушунча: уни хунуклик билан айнанлаштириб бўлмайди. Чунки, хунуклик кишиларда енгил нохушлик туйғусини пайдо қилса, тубанлик эса кучли нафратланиш ҳиссини уйғотади. Табиат, ҳайвонот ва наботот оламидаги хунуклик тубанликка айланмайди. Инсондаги хунуклик эса тубанлик даражасига бориб етади. Дарёнинг суви лойқалангани, кўкаламзорларга тўкилган ахлат, қурбақа, илон хунук кўрингани билан ундан одамлар нафратланмайдилар. Гоҳида муҳтожлик инсон табиатидаги ёвуз майлни қўзғатиб юбориши натижасида инсонни тубанлаштиради. Айниқса, мамлакат бошига оғир кулфат тушганда ундан ўз моддий манфаатлари йўлида фойдаланувчи кимсалар (2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир бўлган фожеа сабаб ўғри «тадбиркорлар» магазинларни талашган эди–Ҳ.Б.) тубанликка мисол бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |