2. Ёнғин хавфсизлиги хизмати гарнизонининг куч ва воситалари, ҳамда улардан фойдаланиш тартиби /1/
Ёнғин хавфсизлиги гарнизонининг кучларини - ИИВ ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари, маҳкамаларга қарашли ёнғин хавфсизлиги хизматлари, кўнгилли ёнғин ўчирувчилар гуруҳи ва бошқа ёнғинга қарши тузилмалар ташкил қилади. Ёнғин хавфсизлиги хизмати гарнизонининг воситаларини - ИИВнинг ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларига тегишли ёнғин ўчириш техникалари, алоқа воситалари, ёнғин ўчирувчи моддалар, шунингдек белгиланган тартибда фойдаланиладиган маҳкамалар ёнғин хавфсизлиги хизматига ва масканларни ёнғиндан муҳофаза қилувчи ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларига тегишли ёнғин ўчиришга мослаштирилган ва ёрдамчи техникалар ташкил этади. Мураккаб ёнғинларни ўчиришда ёнғин ўчириш воситаларининг самарадорлигини ошириш, етарли миқдорда сув узатиш, махсус ёнғин ўчириш техникаларидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида гарнизонларда ҳарбийлаштирилган ва касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмлари базасида мураккаб ва катта ёнғинларни ўчириш таянч масканлари тузилади. Таянч масканларининг ишларига раҳбарлик қилиш, улар ташкил қилинган туман (шаҳар) ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиқларига, отряд командирлари ҳамда қисм бошлиқларига юклатилади. Республика, вилоят (шаҳар) таянч масканларининг умумий сонини, жойлаштирилишини барча аҳоли турар жойлари, халқ хўжалиги корхоналарини ёнғиндан муҳофаза қилиш учун куч ва воситаларини тенг миқдорда жойлаштирилишини инобатга олиб, жойларнинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ИИВ, ИИББ ЁХБ бошлиқлари белгилайди. Таянч масканининг катта ёнғинларни ўчиришга хизмат кўрсатиш майдони радиуси энг узоқ жойга ёнғин ўчиришга керакли куч ва воситаларни тўплаш учун 1,5 соатдан ошмайдиган ҳисобдан олиниши керак. Таянч масканларининг ҳужжатлари жойларнинг шароитини ҳисобга олган холда ишлаб чиқилади. Ёнғин хавфсизлиги марказий диспетчерлик хизмати (МДХ) да:
-таянч масканлари ва хизмат кўрсатиш майдонлари жойлаштирилган вилоят харитаси, харитада таянч масканининг даражаси, ёнғин ўчириш техникасининг тури ва сони, ёнғин ўчириш воситаларининг эҳтиёт миқдори кўрсатилган бўлиши керак.
Қисм диспетчерлик хизмати (ҚДХ) да:
-гарнизон ёнғин хавфсизлиги қисмларининг чиқиш жадвали, туман (шаҳар) куч ва воситаларини жалб қилиш режаси;
-таянч маскани хизмат кўрсатадиган аҳоли турар жойларининг сув билан таъминлаш манбалари, ўта муҳим масканлар ва уларга бориш йўллари кўрсатилган харита;
-таянч маскани хизмат кўрсатадиган майдонга кирадиган шаҳар ва аҳоли турар жойларининг сув манбалари тўғрисида маълумот; -таянч маскани хизмат кўрсатадиган майдонига кирадиган ёнғин хавфсизлиги экипажларининг, радиотармоқларнинг чақириш рақамлари рўйхати, радио ва симли алоқани ташкил қилиш чизмаси, қўшни таянч маскани алоқа жойларининг рўйхати; -таянч маскани хизмат майдонига кирувчи шаҳар ва аҳоли турар жойларининг АТТ (АТС) телефон маълумотлари;
-шахсий таркибга хабар бериш ва йиғиш чизмаси бўлиши керак.
Катта ва мураккаб ёнғинлар, авария ва табиий офат юз берганда қутқарув ишларини ўтказишни таъминлаш мақсадида авария–қутқарув ишларини ўтказиш бўйича махсус ёнғин ўчириш бўлинмалари тузилади. Ёнғин хавфсизлиги гарнизони таркибига кирувчи куч ва воситалардан фойдаланиш тартиби ёнғин хавфсизлиги қисмларининг чиқиш жадвали (1-илова) да белгиланади, қишлоқ жойларда эса куч ва воситаларни жалб қилиш режаси (2-илова) да белгиланади. Куч ва воситаларнинг чиқиш жадвали, режаси гарнизон бошлиғи томонидан ишлаб чиқилади ва маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланади ҳамда ички ишлар идоралари бошлиқларининг буйруғи билан эълон қилинади. Ички ишлар идоралари бошлиқларининг буйруғида қуйидагилар кўрсатилади:
-гарнизон хизмати ташкил қилинган майдон чегараси, отрядлар, ёнғин хавфсизлиги қисмлари, ёнғин-техник лабораторияси, алоҳида постлар, катта ёнғинларни ўчириш бўйича таянч масканлари ҳамда ёнғин ўчириш автомобиллари бор бўлган масканларни муҳофаза қилувчи ёнғин хавфсизлиги қисмлари чиқадиган туман чегаралари; -ёнғин, авария ва табиий офатларда ёнғин ўчириш штабининг навбатчилик гуруҳи, гарнизон бошлиқлар таркиби, ёнғин хавфсизлиги отряд ва қисмлари, тезкор тергов гуруҳлари ҳамда асосий, махсус ва ёрдамчи ёнғин ўчириш автомобилларининг чиқиш тартиби; -масканларни муҳофаза қилаётган ёнғин хавфсизлиги қисмларининг навбатчи сменалари маскан атрофидаги ёнғинлар, авария ва табиий офатларга чиқиш тартиби; -шахсий таркиб ҳаракати ва ёнғин ўчириш техникасининг алоҳида шароитларда қўлланилиш тартиби; -ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолат ҳақида ҳамда юқори чақириқ тўғрисида маълумот олинганда куч ва воситалар юборилиши керак бўлган масканлар рўйхати; ёнғин хавфсизлиги МДХ навбатчи ходимларига юклатилган вазифалар рўйхати ва уларнинг ёнғинлар, авария, табиий офатларга асосий, махсус ва ёрдамчи ёнғин ўчириш автомобилларини юбориш, самолётлар (учиш мосламалари)нинг мажбурий қўниши ва портлаши ёки ёнғин хавфи бўлган ҳолда ҳамда ёнғинга алоқаси бўлмаган бошқа ҳолларда одамларни қутқариш ишлари бўйича ҳаракатлари; -захира техникаларни жанговар ҳисобга киритиш тартиби.
Ҳар бир гарнизон учун чақириқ рақами ва рақам бўйича юбориладиган ёнғин ўчириш техникаларининг сони ёнғин хавфсизлиги гарнизони бошлиғи томонидан қўл остидаги куч ва воситаларни ҳамда уларнинг гарнизонда жойлашишини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Гарнизон бўлинмаларида жанговар вазифаларни бажариш учун штат ҳисобида кўзда тутилган барча захира ёнғин ўчириш автомобиллари доимо жанговар ҳолатда бўлиши керак. ИИВ, ИИБларда махсус белгиланган режалардан ташқари ёнғин хавфсизлиги хизмати куч ва воситаларини ўз вазифаларидан бошқа ишларга жалб қилиниши қатъиян тақиқланади. Вилоятлараро қўшни бўлган ёнғин хавфсизлиги гарнизонларига ёнғин ўчиришда ўзаро ёрдам бериш тартиби Ички ишлар идоралари бошлиқлари тасдиқлаган куч ва воситаларни биргаликда жалб қилиш режасига асосан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги хизматининг махсус отрядларини фалокат-қутқарув ишларини бажариш учун қўшни бўлган суверен республикаларга жалб қилиш, республика ички ишлар вазирларининг ўзаро келишувига асосан ҳал қилинади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари вақтинча хизмат кўрсатиш чегарасидан ташқарига ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларига чиқиши Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ бошлиғининг қарорига асосан амалга оширилади.