ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ (12-мақола)
Саломатлик ва хавфсизлик (3-қоида)
Биз бу асарда асримизнинг имкониятларидан бири бўлган интернетдан қандай фойдаланиш ҳақида мутолаа қилар эканмиз, олдинроқ ҳам таъкидлаганимиздек, интернетга батамом қаршимиз, деган даъвода эмасмиз. Буни ташвиқ қилишга эҳтиёж ҳам йўқ. Бўлган тақдирда ҳам, интернетнинг маълум бир доираси билан алоқада бўлмаслик жиҳатидан бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар қачон кузатилишини ҳам тартиблаб келаяпмиз. Интернет оловдир. Овқатни у билан қилишимиз, у билан исинишимиз ҳақиқат бўлганидек, шу билан бирга ушбу олов бизни ёқиб юбориши мумкинлиги ҳам айни ҳақиқатдир.
3 - Мусулмон инсон ибодат қилаётганида жони ва моли хавф-хатардан холи эканлигини таъминлашга мукаллафдир. «Мен ибодат қиляпман, нима бўлса бўлар!» демайди.
Ҳажга йўл олган бир мўмин йўл хавфсизлиги борасида аниқ маълумотга эга бўлмагунича, агар йўлга чиққанида бирор нохуш ҳол юз беришини билса, ўша сафарини кечиктириб туради. Ҳаж Исломнинг беш рукнидан бири бўлишига қарамайди. Яна беш рукнидан бири бўлмиш рўза тутганда саломатликка зарари тегадиган бўлса ва бу шифокор томонидан огоҳлантирилса, рўза тутиш у учун узрли ҳисобланади ва рўза тутмаслиги керак бўлади, кези келганда ҳаттоки тутмагани афзал бўлади.
Мусулмон ибодатларида ҳам жонини, ҳам молини омонда сақлаши керак экан, ибодат саналмаган интернетини ҳам – жони, моли, иймон ва ахлоқи хавфсизилигини таъминламасдан ишлатмаслиги керак.
Мисол учун, оилавий муаммо юзага келиши аниқ бўлса, интернетнинг маълум бир қисмларидан фойдаланиш жоиз бўлмайди. Бундай эҳтимол оиланинг давомийлигигига путур етказиши, эр-хотин орасига совуқчилик тушириши мумкин. Бу ҳолатда эр-хотин бир-бирларини эмас, интернетни фидо қиладилар.
Яъни, агар ажралиб кетадиган ёки совуқчилик тушадиган хавф бўлса, бир-бирларини фидо қилмайдилар, бунга сабаб бўлаётган интернетдан воз кечадилар.
Юқоридаги ҳукм интернет фойдаланувчисининг саломатлиги учун ҳам айни ҳукмда бўлади. Бугун ҳеч қандай мутахассис бўлмаган инсонлар томонидан интернет ва қўл телефонидан фойдаланишнинг соғлиққа таъсири (қулоқ саломатлиги, мияга таъсири) жиҳатидан тинмай айтилиши бу интернетни чеклаб қўйишимизга асос бўлолмайди. Лекин, неврологлар (ўз ишининг аҳли) бирлашиб, ҳамиттифоқликда ва буни бошқа бир мақсадда (тижорий ёки пиар сабабли) айтмай, мисол учун, интернет блогерларининг обуначилари орасида уч ёшдаги болаларда маълум бир касаллик юқиши кузатилаётгани маълум бўлса ва шифокорлар бу борада огоҳлантиришса, динимиз ўша уч ёшли болаларни интернетга яқинлашишларини тақиқлаб қўяди.
Саломатлик борасида берилган мисолни юқоридагидек таъкид қилиб олишимиз лозим. Кейин Google орқали излаб топилган маълумотлардан бундай ҳукмлар чиқарилмайди. Инсонлар орасидаги миш-миш гаплардан ҳам диний ҳукм чиқарилмайди.
Мисол учун, сигарет ҳақидаги ҳукм ҳеч қандай миш-миш орқали юзага келмаган. Сигаретнинг ҳаромлиги борасидаги ҳукм Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотидаги бир шифокорнинг ғайрати ва изланишлари асосида берилган. Мазкур шифокор чекиш умрни қисқартиришини, қисқартирмаса ҳам ўпкани заҳарлашини исботлаб берган. Шундай экан, сигарет борасида гаплашганимизда тараддуд қилмаймиз ва мавҳум (ёпиқ, тушунарсиз) гапирмаймиз. Сигарет инсонни ўлдиради. Бу маълумотга тиббиёт мутахассисларининг умумий фикри орқали эга бўлдик ва энди бунинг учун мужтаҳид бўлишимиз биздан талаб этилмайди.
Мазкур қоидани интернет учун ҳам ишлатишимиз мумкин. Интернет (wireless) ёхуд қўл телефони маълум бир ерда ишлатилганида, ундан тарқайдиган микротўлқин инсон саломатлигига таъсир ўтказса ва бундан ёш чақалоқлар таъсирлансалар, ўн ёшидан кейин асорати қолиб касалликка дучор бўладиган бўлсалар, ота-оналари Аллоҳ таолонинг ҳузурида итобга учрамасликлари учун мазкур қоидага амал қилишлари шартдир.
Яна бошқа жиҳатдан интернет бир фитнага сабаб бўлиши ҳам мумкин. Оила тотувлигига рахна солиши ёхуд юрт тинчлигига хавф туғдириши ҳам мумкин. Қандай муҳитда ва қандай одамлар орасида бўлмасин, бундай фитнага айланадиган бўлса интернет биз учун йўқ бўлади. Яъни интернетнинг ўша давраларидан парҳез қиламиз. Қачонгача? Фитна босилгунича. А нуқта билан Б нуқта орасида интернет туфайли фитна бўлаётган бўлса, бу иккиси орасида яшаётганлар учун интернетдан фитналарга аралашиб юриш учун фойдаланиш мутлақо мумкин эмас ҳукмида бўлади. Бунга бошқача мисол қилиб шуни айтишимиз мумкин: дастурхонимизга ароқ қўйилган бўлса ва биз у дастурхонда ўтирмаслигимиз қанчалик матлуб (талаб этилган) бўлса, бу ҳам шундай бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |