1.Саноат частотасидаги синов кучланиши — синовдан ўтказишнинг маълум шароитларида 1 дақиқа (ёки 5 дақиқа) давомида электр ускунанинг ички ва ташқи изоляцияси бардош бериши керак бўлган, амалий жиҳатдан синусоидал, 50 Гц частотали кучланишнинг амалдаги қиймати.
2.Нормал изоляцияли электр ускуна - яшиндан ҳимоя бўйича оддий чораларда атмосферанинг ўта кучланиши таъсир этадиган ва электр қурилмаларда қўллашга мўлжалланган электр ускуна.
3.Енгиллаштирилган изоляцияли электр ускуна — атмосферанинг ўта кучланишлари таъсирида бўлмайдиган ёки атмосферанинг ўта кучланишини амплитуда қийматини саноат частотасидаги синов кучланишининг амплитуда қийматигача махсус яшиндан ҳимояловчи қурилмалар билан чекловчи маҳсус тузилмалар билан жиҳозланган, электр қурилмаларда қўллашга мўлжалланган электр ускуна.
4.Аппаратлар — кучланишнинг барча классидаги ўчиргичлар, ажратгичлар, бўлгичлар, қисқа туташтиргичлар, сақлагичлар, разрядлагичлар, токни чекловчи реакторлар, конденсаторлар, экранланган комплект ток ўтказгичлар.
5.Меъёрланмаган ўлчанаётган катталик — абсолют қиймати меъёрий кўрсатмалар билан қатъий белгиланмаган катталик. Бу ҳолда ускунанинг ҳолати, бир хил турдаги, олдиндан яхши тавсифларга эга бўлган ускунанинг ўхшаш ўлчов кўрсатгичлари ёки бошқа синовларнинг натижалари билан солиштириш асосида баҳоланади.
6.Электр ускунанинг кучланиш класси — ушбу электр ускуна ишлаши учун мўлжалланган электр тизимнинг номинал кучланиши.
Синхрон генераторлар ва компенсаторлар
1.8.13. Қуввати 1 МВт дан ортиқ кучланиши 1000 В дан юқори бўлган синхрон генераторлар, шунингдек синхрон компенсаторлар Қоидаларнинг мазкур бандида кўрсатилган тўла ҳажмда синовлардан ўтказилиши керак.
Қуввати 1 МВт гача бўлган, кучланиши 1000 В дан юқори генераторлар Қоидаларнинг мазкур бандини 1-5 ва 7-15 кичик бандлари бўйича синовлардан ўтказилиши керак.
Қувватидан қатъий назар кучланиши 1000 В гача бўлган генераторлар Қоидаларнинг мазкур бандининг 2, 4, 5, 8, 10— 14 кичик бандлари бўйича синовлардан ўтказилиши керак.
1. Кучланиши 1000 В дан юқори бўлган генераторларни қуритмасдан ишга тушириш имкониятини аниқлаш. Синхрон генератор ёки синхрон компенсаторнинг статор чулғамини компаундланган, термореактивли ва гильзали изоляциясини қуритиш лозимлиги тўғрисидаги масалани хал этишда «Электротехник қурилмалар» ҚМҚ 3.05.06-97 нинг кўрсатмаларига амал қилиш лозим.
2. Изоляция қаршилигини ўлчаш. Изоляция қаршилиги 1.8.1- жадвалда (мазкур Қоидаларнинг 4-иловаси) келтирилган қийматдан кичик бўлмаслиги шарт.
3. Статор чулғами изоляциясини тўғриланган юқори кучланиш билан, фазалар бўйича сирқиш токини ўлчаб, синаш. Ҳар бир фаза ёки шаҳобча алоҳида, бошқа фазалар ва шаҳобчалар корпусга уланган ҳолатда, синовдан ўтказилади.
Статори сув билан совитилувчи генераторларда синаш, бунинг имконияти генератор контрукциясида назарда тутилган бўлган тақдирда ўтказилади.
Синов кучланиши қийматлари 1.8.2–жадвалда (мазкур Қоидаларнинг 4-иловаси) келтирилган.
ТГВ-200 турдаги генераторлар учун тўғриланган синов кучланишини ушбу генераторларни эксплуатация қилиш бўйича йўриқномага мувофиқ қабул қилиш керак.
Сирқиш токининг кучланишга боғлиқлик эгри чизиғини чизиш учун сирқиш токини ўлчаш, тўғриланган кучланишнинг 0,2 Umax дан Umax гача бўлган 5 тадан кам бўлмаган тенг поғоналарда олинган қийматларда ўтказилади. Ҳар бир поғонада кучланиш 1 дақиқа давомида ушлаб турилади. Бунда сирқиш токлари ҳар 15 ва 60 с да қайд этилади.
Олинган тавсифларни баҳолаш «Электротехник қурилмалар» ҚМҚ 3.05.06—97 га мувофиқ амалга оширилади.
4. Изоляцияни саноат частотасидаги юқори кучланиши билан синаш.
Синов 1.8.3–жадвалда (мазкур Қоидаларнинг4-иловаси) келтирилган меъёрлар бўйича амалга оширилади.
Синовдан ҳар бир фаза ёки шахобча алоҳида, бошқа фазалар ва шахобчалар корпусга уланган ҳолда, ўтказилади.
Меъёрланган синов кучланишини бериб туриш вақтининг давомийлиги 1 дақиқа.
Саноат частотасидаги юқори кучланиши билан изоляция синовларини ўтказишда қуйидагиларни назарда тутиш лозим:
а) генераторнинг статор чулғами изоляциясини синашни, роторни статорга киритилмасидан аввал ўтказиш тавсия этилади.
Агар гидрогенератор статорини бириктириш ва йиғиш монтаж майдонида амалга оширилиб, сўнгра йиғилган ҳолда шахтага ўрнатилса, унинг изоляцияси 2 маротаба: монтаж майдонида йиғилгандан кейин ва статор шахтага ўрнатилгандан кейин, ротор статорга киритилишидан олдин, синовдан ўтказилади.
Синов жараёнида машинанинг олд қисмлари: турбогенераторларда – ён шчитлар олинган ҳолатида, гидрогенераторларда - вентиляцион люклар очиқ ҳолатида кузатилиб борилади;
б) сув билан совитиладиган машиналар учун статор чулғами изоляциясини синашни совитиш тизимида қаршилиги 75 кОм/см дан кичик бўлмаган дистилланган сув циркуляцияланганида ва унинг сарфи номинал бўлганида амалга ошириш лозим;
в) статор чулғами юқори кучланиш билан 1 дақиқа давомида синалгандан кейин 10 кВ ва ундан юқори кучланишли генераторларда синов кучланиши генераторнинг номинал кучланишигача пасайтирилади ва статор чулғамининг олд қисмлари тожланишини кузатиш учун 5 дақиқа давомида ушлаб турилади. Бунда маълум нуқталарда йиғилган сариқ ёки қизил рангли нурланиш, тутун пайдо бўлиш, бандажларнинг туташи каби ва бошқа шунга ўхшаш ҳодисалар бўлмаслиги керак. Ҳаво ранг ва оқ ранг нурланишга руҳсат берилади;
г) турбогенераторлар ротори чулғами изоляциясини синаш роторнинг номинал частота билан айланишида бажарилади.
5. Ўзгармас токга қаршиликни ўлчаш. Ўзгармас токга қаршиликнинг рухсат этилгандан четга чиқишлар меъёрлари 1.8.4-жадвалда (мазкур Қоидаларнинг 4-иловаси) келтирилган.
6. Ротор чулғамини саноат частотасидаги ўзгарувчан токига қаршилигини ўлчаш. Қуввати 1 МВт дан катта бўлган генератор учун ўтказилади. Ўлчаш 220 В дан юқори бўлмаган кучланишда, айланиш частотасининг уч-тўрт поғоналарида, шу жумладан номинал айланиш ва қўзғалмас ҳолатларда ўтказилиши лозим. Уланган жойлари изоляцияланмаган қўзғалмаган ҳолатдаги аён қутбли машиналар учун ўлчовлар ҳар бир қутб учун алоҳида ёки жуфт ҳолда ўтказилади. Ўлчанган қийматларнинг ишлаб чиқарган завод кўрсатгичларидан ёки қутбларнинг ўртача қаршилигидан оғишлари ўлчов аниқлиги чегараларида бўлиши керак.
Ўлчанган натижаларни илгари ўлчанган маълумотлар билан таққослаш учун ноаён қутбли роторлардаги ўлчашлар, генераторнинг аналогик ҳолатида (ротор ўрнатилган ёки чиқариб олинган, статор чулғами узилган ёки қисқа туташтирилган) ва кучланиш ёки токнинг олдинги билан бир хил қийматларида бажарилиши керак.
Бунда ўлчашлар бўлувчи трансформатордан амалга оширилиши керак.
7. Генератор статори ва ротори оралиғидаги хаво бўшлиғини ўлчаш. Агар алоҳида турдаги генераторлар учун йўриқномалар билан қаттиқроқ меъёрлар белгиланмаган бўлса, у ҳолда диаметрал қарама-қарши нуқталардаги оралиқлар бир-биридан қуйидагидан ортиқ бўлмаган фарқ қилишлари мумкин:
- ўртача қийматидан (улар йиғиндисининг ярмидан) 5% га—ўтказгичлари бевосита совитиладиган қуввати 150 МВт ва ундан юқори бўлган турбогенераторлар учун;
- 10% га— қолган турбогенераторлар учун;
- 20% га — гидрогенераторлар учун.
Аён қутбли машиналарда оралиқни ўлчаш барча қутблар ости учун ўтказилади.
8. Қўзғатиш тизимини текшириш ва синаш. Электр машинали қўзғатгичларни текшириш ва синаш мазкур Қоидаларнинг 1.8.14 - бандига биноан ўтказилиши лозим. Юқори частотали, ярим ўтказгичли ва тиристорли қўзғатгичларни текшириш ва синаш ишлаб чиқарган завод йўриқномасига мувофиқ ўтказилади.
9. Генератор тавсифларини аниқлаш:
а) уч фазали ҚТ. Тавсиф токни номинал қийматигача ўзгаришида олинади. Ишлаб чиқарган завод тавсифидан оғиши ўлчов аниқлиги оралиғида бўлиши керак.
Ўлчанган тавсифнинг пасайишини аниқлик даражасидан юқорилиги, ротор чулғамидаги ўрамларнинг туташувлари мавжудлигидан дарак беради.
Трансформатор билан блокида ишловчи генераторларда тўлиқ блок учун умумий ҚТ тавсифи олинади (трансформатордан сўнг қисқа туташтиргич ўрнатиш билан). Трансформатор билан блокда ишловчи генераторнинг ўзини тавсифини аниқламасликка рухсат этилади, агар ишлаб чиқарган завод стендида тегишли синовлар ҳақида баённомалар мавжуд бўлса.
Тезлатувчи двигатели бўлмаган синхрон компенсаторларда уч фазали ҚТ тавсифларининг олиниши, ҳаракатини секинланишида, шу жумладан ишлаб чиқарган заводда олинган тавсифлар бўлмаган ҳолларда амалга оширилади;
б) салт юриш. Салт юришда номинал частота кучланишини турбогенератор ва синхрон компенсаторлар учун номинал кучланишнинг 130% игача, гидрогенераторлар учун эса номинал кучланишнинг 150% игача кўтариб амалга оширилади. Турбогенератор ва гидрогенераторларда генераторнинг пасайтирилган айланиш частотасида қўзғатиш токининг номинал қийматигача салт ишлаш тавсифларини олишга руҳсат этилади, агар бунда статор чулғамидаги кучланиш номиналнинг 1,3 дан ортмаса. Синхрон компенсаторларда тавсифни ҳаракат секинлашаётганда олишга руҳсат этилади. Трансформаторлар билан блокда ишловчи генераторларда блокнинг салт ишлаш тавсифи олинади; бунда генератор номинал кучланишининг 1,15 гача қўзғатилади (трансформатор билан чекланади). Трансформатор блокидан узилган генераторнинг ўзи учун салт ишлаш тавсифини олмасликка рухсат этилади, агар ишлаб чиқарган заводда тегишли синовлар ўтказилганлиги баённомалари мавжуд бўлса. Ўлчанган салт ишлаш тавсифини ишлаб чиқарган заводникидан оғиши меъёрланмайди, лекин ўлчов аниқлиги оралиғида бўлиши керак.
10. Ўрамлараро изоляцияни синаш. Синашни генераторнинг салт ишлашида номинал частотали кучланишни гидрогенераторларда статор номинал кучланишини 150% игача, турбогенераторлар ва синхрон компенсаторларда эса 130% игача кўтариб амалга ошириш керак. Трансформатор билан блокда ишлаётган генераторлар учун,-мазкур банднинг 9-кичик банди кўрсатмаларига қаранг. Бунда фазалар бўйича кучланишлар симметрияси текширилиши лозим. Энг юқори кучланишда синов давомийлиги–5 дақиқа. Ўрамлараро изоляцияни синашни салт ишлаш тавсифини олиш билан бир вақтда ўтказиш тавсия этилади.
11. Титрашни ўлчаш. Синхрон генератор ва компенсаторлар подшипникларидаги уч йўналишда (тик ўрнатилган гидрогенераторларда титрашни крестовинада, унга ўрнатилган йўналтирувчи подшипниклар билан бирга ўлчов ўтказилади) ва уларни қўзғатувчиларида ўлчанган титраш (тебраниш амплитудасини иккиланиши) 1.8.5-жадвалда (мазкур Қоидаларнинг 4-иловаси) келтирилган қийматлардан ошмаслиги керак.
12. Совитиш тизимини текшириш ва синаш. Ишлаб чиқарган завод йўриқномаларига мувофиқ ўтказилади.
13. Мой таъминоти тизимини текшириш ва синаш. Ишлаб чиқарган завод йўриқномасига мувофиқ ўтказилади.
14. Генератор (компенсатор) ишлашида подшипник изоляциясини текшириш. Вал охирлари, шунингдек пойдевор плита ва изоляцияланган подшипникнинг корпуси оралиғидаги кучланишни ўлчаш билан бажарилади. Бунда пойдевор плита ва подшипник орасидаги кучланиш вал охирлари орасидаги кучланишдан ошмаслиги шарт. Кучланишлар орасидаги фарқнинг 10% дан ошганлиги изоляцияни шикастланганлигини билдиради.
15. Генератор (компенсатор) ни юклама остида синаш. Қабул қилиш-топшириш синовлари давридаги амалдаги имкониятлардан келиб чиқиб юклама аниқланади. Берилган юкламада статорни қизиши паспортда белгилаган миқдорларга мувофиқ бўлиши керак.
16. Генераторнинг қолдиқ кучланишини ротор занжиридаги МСА ўчирилганда ўлчаш. Қолдиқ кучланиш қиймати меъёрланмайди.
17. Генераторнинг индуктив қаршиликларини ва вақт доимийликларини аниқлаш. Индуктив қаршиликлар ва вақт доимийликлари меъёрланмайдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |