Биринчи гуруҳ билимларни мустаҳкамлаш, ўзлаштирилган нарсаларни эсга тушириш ва малакаларни шакллантиришга доир савол ва топшириқлар киради.
Иккинчи гуруҳ тафаккурни ўстирадиган (мустақил ишлашни тақсимлаш, умумлаштириш, баҳолаш, хулоса чиқариш, билимлар тизимини мустаҳкамлаш, аниқлаш ва тажрибага солишни талаб қиладиган) савол ва топшириқлардан иборатдир.
Учинчи гуруҳ ўзлаштирилган билимларни амалда қўллашга (мустақил ишларни бажариш ва малакаларни эгаллашга) доир савол ва топшириқларни ўз ичига олади.
Дарсликда ўқув дастурининг барча талаблари акс этиши ва асосий ғоялар, хулосалар яққол ифодаланиши лозим.
Дарсликларни яратишда ва мазмунини ўқувчиларга мослаштиришда қуйидаги дидактик талабларни алоҳида эътиборга олиш керак:
– материалларни дарсликларга тўғри тақсимлаш;
дарсликда акс этган илмий билимлар ўқувчиларнинг ёш хусусиятига мос келиши керак;
дарсликда баён қилинган илмий билимларнинг назарий асоси, ғоялари тизимли, мантиқий жиҳатдан аниқ ва қисқа, изчил бўлиши кутилади. Улар ҳаётдан олинган, ишонарли бўлиши талабчанликка асосланиши лозим;
дарсликдаги назарий билимлар ишлаб чиқариш амалиёти билан боғланган бўлиши керак;
дарслик тилининг соддалиги, равонлиги, таълим олувчилар нутқини ўстириш учун тегишли қоида ва таърифлар берилиши керак;
дарслик ичидаги ва муқовасидаги расмлар ва безатилиши ўқувчиларнинг ёшига мос, фаннинг характерига монанд бўлиши керак;
ўқувчиларга бериладиган вазифаларни аста-секин қийинлаштириб бориш (тизимга солиш);
ўқувчиларга табақали ёндашишни назарда тутиш (топшириқларни қийин ёки осонлигига қараб танлаш;
дарсда, уй вазифаларини ва мустақил таълим билан боғлиқ савол топшириқларни бажаришда, такрорлашда асосий ва қўшимча материалларни ажратиш;
дарсликдаги савол-топшириқларнинг мўлжалланган вақтга мослиги ва ўқувчиларни қийнаб қўймаслиги;
дарсликнинг мазмуни (ўқувчиларни қизиқтириш, мавзу-матнларининг ғоявий-эстетик жиҳатлари) уни ўргатишнинг методик тизимига мувофиқ бўлиши ва ҳоказолар.
Дарсликнинг асосий компоненти унинг матнидир. Матнлар асосида ва қўшимча материаллардан (мурожаат, ҳужжат, хрестоматия ва ҳакозолардан) ҳамда тушунтиришлардан иборат бўлади. Дарсликни таҳлил қилишда унинг тузилиши, мавзуларнинг ўрни, иллюстрацияларга бойлиги ва энг муҳим ўқувчиларга таъсири ҳисобга олиниши керак. Мана шу дидактика талаблари амалга оширилиши учун ҳар бир янги дарсликни яратишнинг ўзига хос муаммоларини тўғри ҳал қилиш, дарслик ўқув-методик ишларининг асоси бўлиши кераклигини назарда тутиш шарт.
Шундай қилиб, дарсликда ҳар бир фаннинг мазмуни ва шу фанга оид илмий билим асослари ўқув дастурига ва дидактика талабларига мувофиқ равишда баён қилинади. Дарсликлар билан бир қаторда айрим фанлардан ўқув қўлланмалар ҳам яратилади. Масалалар, машқлар ва тестлар тўплами, хрестоматиялар, атласлар, луғат китоблар кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Умуман, дарслик ва ўқув қўлланмаларидаги материаллар катта таълимий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, у билан ишлаш ўқувчиларнинг ақлий тарбиясига, уларда илмий дунёқарашнинг, аҳлоқ-одоб, тафаккур, нутқ ва ижодий мустақилликнинг ривожланишига ёрдам беради.
Дидактикада таълим-тарбия жараёнида амал қилиниши шарт бўлган қонун-қоидалар ва тамойиллар ишлаб чиқилган. Шундай экан, “қонуният”, “қонун”, “қоида”, “тамойил” деган тушунчаларнинг том маъносини аниқроқ билиб олишимиз лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |