Табиий ресурсларни иқтисодий баҳолаш. Инсон омилининг атроф муҳитга бўлган таъсири тобора кучайпб бораётганлигини эътиборга олиб, табиий ресурсларни иқтисодий баҳолаш имкониятини берувчи махсус кузатиш тизимини ташкил қилиш зарурати пайдо бўлди. Мазкур кузатиш натижасида тўпланган маълумотлар табиий муҳитда юз бераётган ўзгаришларни баҳолаш ва тегишли хулосалар чиқаришга имкон беради. Шунга йўналтирилган мониторинг тизимини ташкил қилиш таклифи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1972 йилда Стокгольмда бўлиб ўтган табиий муҳит муҳофазасига бағишланган конференцияси арафасида ўртага ташланди. У «СКОПЕ» (атроф-муҳит муаммолари бўйича илмий қўмита) томонидан ишлаб чиқилган. «Мониторинг» инглизча сўз бўлиб, кузатиш, назорат маъносини билдиради. Академик И.П.Герасимовнинг фикрича, уни қуйидагича таърифлаш мумкин: Мониторинг - кузатиш, назорат қилиш ва атроф муҳит ҳолатини бошқариш демакдир. Албатта, ушбу атама ўз навбатида табиий муҳитнинг ҳолатини башоратлаштириш ва башорат функциясини ҳам ўз ичига олади (Рафиқов, 1997).
Демак, мониторинг - бу кўп мақсадли ахборотли тизим, унинг асосий мақсади табиий муҳитнинг (ёки алоҳида олинган табиий ресурснинг) инсон таъсирида ўзгаришини кузатиш, олинган маълумотлар асосида баҳолаш ва тегишли бошқарув аппаратини ишга солишдир. Мақсадни амалга оширишнинг асосий вазифаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) табиий муҳитнинг инсон таъсирида ўзгаришини кенг миқёсда кузатишни ташкил этиш;
2) таъсир манбаларини аниқлаш ҳамда ўзгаришнинг сабабларини белгилаш;
3) кузатилаётган ўзгаришларни баҳолаш, таъсирининг самарадорлигини аниқлаш;
4) атроф муҳит ўзгаришининг башоратини ишлаб чиқиш ҳамда ўзгариш йўналишиларини белгилаш;
5) табиатда вужудга келган хатарли ўзгаришларнинг олдини олиш чора тадбирларини ишлаб чиқиш.
Мониторинг ишларининг мунтазам ҳамда мураккаблигини эътиборга олиб, уни Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология Бош бошқармаси, қишлок ва сув хўжалиги вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ва бошқа нуфузли ташкилотлар амалга оширадилар. Мониторинг асосида атмосфера ҳавоси, сув ҳавзалари, ер ости сувлари, тупроқ, ўсимлик қопламларининг турли чиқиндилар, зарарли кимёвий ашёлар, радиоактив элементлар билан ифлосланиши кузатилади. Атроф-муҳитнинг ифлосланишини баҳолашда аввал ифлосланишдан олдинги табиий шароит қандай бўлганлиги ёки бутун ҳудуд қандай хусусиятга эгалиги аниқланади. Бундай кузатиш ишлари инсоннинг қандай экологик шароитларда яшашини аниқлашга, ишлаб чиқаришнинг истиқболдаги тараққиёт йўналишларини илмий асослаш мақсадида олиб борилади. Мониторингнинг қуйидаги уч тури ажратилади: биоэкологик (санитария-гигиена), геоэкологик (геотизимли) ҳамда биосферали.
XX асрнинг 60-70 йилларидан эътиборан йирик хўжалик корхоналарини қуришда, табиий ресурс салохиятини атрофлича баҳолашга ҳамда корхонанинг атроф-муҳитга таъсири масалаларини олдиндан атрофлича ўрганиш ва баҳолашга алоҳида аҳамият берила бошланди. Бу жараён умумий маънода экспертиза деб аталади. «Эксперт» лотин тилида тажрибали деган маънони билдиради. У бирор соҳада экспертиза ўтказувчи мутахассисдир. Экспертиза асосан лойиҳаланаётган корхона (объект)нинг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш юзасидан ўтказилади. Географик экспертиза деганда лойихаланаётган корхонанинг ёки тадбирнинг атроф-муҳит талабларига мос келиш-келмаслигини аниқлаш ёки иқтисодий тараққиёт режалари асосида табиат муҳофазаси дастурларининг табиий муҳитни асрашни таъминлаш мақсадида мувофиқлаштириш тушунилади. Экологик экспертиза - бу географик муҳитнинг биологик қисмига таъсирини баҳолашдир. Экспертиза турли даражаларда амалга оширилади: давлат экспертизаси, илмий ва жамоатчилик экспертизаси, вазирликлар экспертизаси, Давлат фан ва техника қўмитаси экспертизаси ва бошқалар. Экспертиза Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан белгиланади. Мазкур қўмитада экологик-географик экспертиза бошқармаси фаолият кўрсатади.
Таклиф қилинаётган лойиҳанинг мазмуни, қандай тадбирлар амалга оширилишига қараб, шу соҳанинг етакчи мутахассислари у билан танишиб чиқиб, ўз мулоҳазаларини билдирадилар. Масалан, тоғ дарёларида йирик сув омбори қурилиши лойиҳаси экспертизага топширилган бўлса, у ҳолда муҳандис-гидротехниклар, гидрологлар. гидробиологлар, экологлар, географлар, ўрмончилар, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослардан иборат гуруҳ ташкил қилинади ва улар лойиҳа бўйича ўзларининг таклифларинн тайёрлайдилар. Бу эса атроф-муҳит ҳолатини муҳофаза қилишга ва иқтисодий самарадорликка хизмат қилувчи иқтисодий механизмни яратишда муҳим таянч бўлиб хизмат қилади. Иқтисодий механизм қуйидагиларни ўз ичига олади - режалаштириш, бошқариш, қийматни баҳолаш.
Жамият манфаатини кўзлаган ҳолда режали иқтисодий ишларни амалга оширишда ва табиат бойликларидан оқилона фойдаланишда иқтисодий ҳисоб алоҳида ўрин тутади. Иқтисодий ҳисобни амалга оширишда табиат бойликларини турлари тўғрисида аниқ маълумот талаб этилади. Бундай маълумотда ресурс, яъни бойликиинг қанчалиги ёки ҳажми, сони ва сифати, жойлашиши, ўзлаштиришга қулайлиги ва бошқалар бўлади. Шунингдек, иқтисодий ҳисобга табиий ресурсларни сони, сифатини фақатгина натурал, физик маълумотлари кирмасдан, унга ресурсларнинг баҳоси ҳам киради. Айни пайтда табиатдан ва унинг ресурсларпдан фойдаланишда атроф-муҳитнп ифлосланиши, зарарини йўқотишга кетган маблағлар ҳам иқтисодий механизм таркибида бўлади.
Демак, иқтисодий механизм инсон хўжалик фаолияти натижасида содир бўлувчи жараёнларнинг миқдорий ва сифат кўрсаткичларини ўзида намоён этади. Бу эса мониторинг ва экологик экспертизасиз мутлақо ҳал этиб бўлмайдиган масаладир.
Табиатдан фойдаланиш жараёни натижасида кўриладиган иқтисодий ва ижтимоий зарар. Уларни олдини олиш тадбирлари. Табиатнинг инсон фаолият таъсирида ўзгариши ҳар доим ҳам ижобий натижаларга олиб келавермайди. Маълумки, табиий муҳитнинг ўзгариши асосан бирор компонент, чунончи, ўсимлик, тупроқ, ҳайвонот дунёси, қазилма бойлик ва бошқалардан меъёридан ошириб фойдаланиш натижасида юз беради. Бу ҳол табиат компонентлари орасидаги аввалги турғун экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келади. Табиий компонентлар 'орасидаги ўзаро боғлиқликнинг бузилиши салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Масалан, яйлов чорвачилигининг ҳудуд ўсимлик қопламига таъсири, дарахт ва буталарнинг турли мақсадларда тартибсиз кесиб олиниши ҳудуд табиий шароитида жиддий ўзгаришларга олиб келади. Ўсимлик ландшафтларнинг маҳсулдорлиги ва бойлиги ўсимлик оламининг хилма-хиллиги, зичлиги, ўт, бута ва дарахтларнинг ўзаро тенг нисбатда алмашиб келишига боғлиқ. Табиий муҳитда аниқ бир ўзгаришнинг юз бериши яйловлар, тупроқ маҳсулдорлигининг пасайишига, сувнинг ифлосланишига, маълум тур ҳайвонларнинг ушбу жойларни тарк этишига, улар ўрнида бошқа турларининг кенг тарқалишига, инсон саломатлигининг ёмонлашувига, рельеф ўзгаришларига, оқибатда турли табиий офатларни тез-тез қайтарилиб туришига сабаб бўлади. Табиат ўзгаришларининг ижтимоий жиҳати шундаки, тоғ ёнбағирларида сел, қор кўчкиси, сурилма тоғ қулашининг қисқа муддатларда қайтарилиб туриши аҳоли тинчлигини бузади, уларни бошқа жойларга кўчириш, қўшимча уй-жой курилиши муаммосини келтирпб чиқаради.
Таъкидлаб ўтганимиздек, табиатда барча нарса, шу жумладан, табиий бойликлар, ресурслар ҳисобсиз эмас. Шундай экан, улардан эҳтиёжга қараб, оқилона фойдаланиш айниқса бугунги кунда катта аҳамият касб этади. Бу вазифани имконият даражасида бажаришга ҳаракат қилсак, атроф-муҳитда ижобий ўзгаришлар бўлишига, яъни ресурсларнинг қайта тикланишига, табиий маҳсулдорликнинг ошиши, сув ва ҳавонинг тозаланиши, ер сифатининг ортишига эришамиз. Бу ўз навбатида табиий муҳит потенциал маҳсулдорлигининг юқори бўлишига имкон беради.
Ўзбекистонда табиий муҳит тупроқ, дарёлар сувининг ифлосланиши, атмосфера ҳавосининг саноат корхоналари ва автотранспорт чиқиндилари таъсирида булғаниши, воҳаларда тупроқнинг шўрланишига, заҳарли кимёвий ашёлар ва минерал ўғитлар билан бойиши, эрозияга берилиши, яйловларнинг шамол ва эрозия таъсирида деградацияга учраши натижасида азият чекади. Саноат корхоналари, фермалар, маиший хўжалик корхоналарининг оқавалари, коллектор-зовурларнинг заҳкаш сувлари оқар сувларни ифлослаб келмоқда, шўрлигини оширмоқда. XX асрнинг 50-60 йилларига қадар Ўзбекистонда барча дарё сувларидан ичимлик суви сифатида фойдаланилар эди. Эндиликда дарё сувлари нафақат ичимлик, балки суғориш учун ҳам хавфли бўлиб бормоқда, чунки шўр сув билан суғориш тупроқда шўрланишга сабаб бўлмоқда, сувдаги пестицидлар суғориш жараёнида мева-полиз экинлар, узум ва бошқаларнинг таркибига кириб бормоқда.
Энг муҳим вазифа оқава ва зовур сувларини рухсат этилган кўрсаткичга қадар технологик жиҳатдан тозалаш ва шўрсизлантиришдан иборатдир. Бу эса Ўзбекистонда 25 куб км.гача сувни тежаш имкониятини беради, дарёлар суви тозаланади, тупроқнинг шўрланиши бирмунча камаяди. Шу билан бирга суғориладиган ерларда сувдан, ердан фойдаланиш коэффициентини энг юқори даражада бўлишлигини таъминлаш, суғориш тармоқлари, коллектор-зовур тизимларининг фойдали иш коэффициенти 85-90%ни ташкил қилишига эришиш зарур бўлади. Экинларга уларнинг сувга бўлган биологик талабига кўра сув берилишини амалда қўллаш лозим. Ихота дарахтзорларини ҳар гектар майдонда тегишли зичликда ташкил қилиш экинзорларни шамол, гармселлардан сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, табиий муҳит хусусиятларига қараб барча ресурслардан оқилона фойдаланилгандагина ва тадбиркорлик билан хўжаликни бошқаришга эришилгандагина, мўлжалланган миқдор ва сифат кўрсаткичига эришилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |