Азот элементининг табиатда айланиши. Азот элементининг табиатда айланиши анча мураккабдир. Атмосферадаги эркин ҳолдаги азотнинг миқдори 70 % дан ортиқ бўлса ҳам ундан фойдаланиш учун бирикма ҳолга ўтказиш керак. Бирикма ҳолга ўтишнинг турли йўллари мавжуд бўлиб, улардан табиатда кузатиладиган момақалдироқ вақтида чақмоқ чақиши ва ионланиш жараёнлари, метеоритларнинг куйиб кетиши кабиларни кўрсатиш мумкин. Аммо эркин азотни бирикма ҳолга ўтказишда тирик организмларнинг роли каттадир. Бактериялар фаолияти натижасида 1 га майдонда 2-3 кг дан 5-6 кг гача азот бирикма ҳолга ўтказилади. Дуккакли ўсимликларнинг илдизида яшовчи тугунак бактериялар эса йилига 350 кг/га азот бирикмасини тўплайди. Азотни бирикма ҳолга ўтказиш учун маълум энергия талаб этилади. Тупроқда нитрификацияловчи бактериялар томонидан аммоний нитрит ва нитратларгача оксидланади ҳамда денитрификацияловчи бактериялар томонидан эса улар газ ҳолидаги азот ва ёки азот оксиди тарзида қайтарилади. Аммоний ионларининг нитрит ва нитратларгача оксидланишн энергия ажралиши билан боради. Денитрификацияловчи бактериялар нитрит ва нитратлардан нафас олиш учун кислород манбаи сифатида фойдаланилади. Аммоний бирикмалари, нитрит ва нитратлар эритмалар тарзида организм томонидан ўзлаштирилади. Кейинчалик улардан органик моддалар, биринчи навбатда, аминокислоталар ва улардан мураккаб оқсиллар синтезланади. Ҳосил бўлган оқсиллар ўсимликни истеъмол қиладиган консументларда қайта ишланади. Модда алмашинишининг маҳсулотлари, ўсимлик ва ҳайвонларнинг қолдиқлари сифатида тупроққа ўтган органик моддалар минерал моддаларга парчаланади. Бунда аммонификацияловчи бактериялар гуруҳи органик моддалардаги азотни аммоний тузларига айлантиради. Азот бирикмаларининг бир қисми дарёларга бориб тушади ва ундан денгизларга қуйилади. Океан ва денгизларда азот аммоний тузлари шаклида учрайди. Сувнинг юза қатламларида азот миқдори қуруқликдан келиб қўшилган азот миқдори ҳисобига бир оз кўпроқ бўлади. Шунингдек, атмосферадаги аммиакнинг эриб тушиши океандаги ўсимлик ва ҳайвон қолдиқларининг парчаланиши ҳисобига ортади.
Биосферада сувнинг айланиши энг муҳим механизмлардан бири ҳисобланади. Қуёш энергияси ҳам ҳаво массасининг бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юриши вақтида сайёрани турли даражада қиздиради. Атмосферада муҳим даврий жараёнлар вужудга келиб, улар мавсумий маром характерига эга. Ер юзидаги барча жараёнлар бир-бирлари билан чамбарчас боғланиб кетган бўлиб, кенг (глобал) доирадаги моддалар айланишини вужудга келтиради. Биологик доирада моддаларнинг айланиши ҳажм ва тезлик каби кўрсаткичлар билан тавсифланади. Биологик доирадаги айланишнинг ҳажми экосистемадаги тирик моддалар таркибида учраётган кимёвий элемент-ларнинг миқдорини ифодалайди. Унинг тезлиги эса тирик модданинг вақт бирлигида ҳосил бўлаётган ва парчаланаётган мвқдорларидир. Ҳар қандай ландшафтлар учун биологик доирадаги айланиш тезлигини биомассанинг йиллик мутлақ ва нисбий ўсишлари ҳамда ўсимликларнинг мутлақ қолдиқларини ҳисобга олиш усули билан аниқлаш мумкин. Қуруқликда биологик доирада айланиш тезлиги бир неча йил ва ўн йилларга тенг бўлса, сувдаги экосистемалар учун бир неча кун ва ҳафталарга тенг.
Ҳар бир кимёвий элемент учун катта ва кичик доираларда кўчиб юриш тезлиги характерли. Атмосферада мавжуд бўлган кислород тирик моддалар орқали 2000 йилда, карбонат ангидрид 300 йилда ўтади. Биосферанинг барқарорлик ҳолати биринчи навбатда тирик моддаларнинг Қуёш энергиясини маълум тезликда қабул қилиши ва атомларнинг биоген кўчиб юришига боғлиқ. Шундай қилиб, Ердаги ҳаёт тирик организмлар томонидан мувозанатда ушлаб турилади ва у чексиз ривожланиш имкониятларига эга. Ҳозирги даврда инсон билан табиат ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари Биосферанинг инсон ҳаёти учун зарур бўлган барча компонентларига ниҳоятда ҳушёрлик билан қараш ва ҳозирги босқичда инсоннинг уларга бўлган таъсири қандай даражада намоён бўлаётганлигини эътиборга олиб иш кўриш ниҳоятда долзарб масаладир. Ушбу масалани чуқурроқ тушуниб олиш учун биосферанинг инсон ҳаёти учун зарур бўлган тикланадиган ва тикланмайдиган энг муҳим табиий ресурсларини кўриб чиқамиз. Аввало, биосферадаги табиий ресурслар дейилганда қазилма бойликлар, иқлим, сув, тупроқ, ўсимлик, ҳайвонлар, шунингдек космик ва атом ресурслари ва ҳоказоларни тушунмоқ зарур.