Трофик алоқа бир турнинг иккинчи тур билан озиқланишида намоён бўлади. Бунда ўлжа ўлик ёки тирик ҳолда емиш бўлиши мумкин. Масалан, буни ниначи учун ҳашаротларнинг емиш бўлиши, гўнг қўнғизнинг тўёқли ҳайвонлар тезаги билан озиқланиши, асаларининг асалшира билан озиқланиши каби мисолларда тушунтириш мумкин.
Топик алоқа бир тур томонидан иккинчи турнинг яшаш шароити ўзгартирилишида намоён бўлади. Дарахтлар танасида лишайникларнинг яшаши, ўрмондаги дарахтлар томонидан шу ерларда ўсувчи ўтлар ҳаётига кўрсатиладиган таъсирларда бу яққол намоён бўлади.
Форик алоқа бир турнинг тарқалишига иккинчи турнинг таъсир этишида кўринади. Кўпгина ҳайвонлар томонидан ўсимлик уруғ ва меваларининг тарқалиши бунга мисолдир. Шундай тарқалиш актив ёки пассив тарзда ўтиши мумкин. Бир турнинг ўзига ин қуриши учун бошқа турнинг қолдиқларидан фойдаланишида фабрик алоқа намоён бўлади. Масалан, қушлар ин қуриш учун дарахтларнинг барги, шохчаларини ташиб келади, ҳайвонларнинг жун ва патларидан фойдаланиб ин қуради.
Экологик ниша. Биогеоценоздаги барча тур популяциялари органик моддаларни ҳосил қилувчи, истеъмол қилувчи ва тўпловчилар сифатида фаоллик кўрсатади. Биогеоценозда турларнинг бундай фаоллик кўрсатиши экониша деб аталади. Ч. Элтоннинг таърифита кўра, экониша турнинг тирик организмлар орасида тутган ўрни, унинг озуқа ва душманларга бўлган муносабатидан иборат. Экониша ҳудудий маънода қаралмай, балки биоценозда организмларнинг функционал ҳолатини ифодалайди. Бирор тур (популяция) нинг у ёки бу эконишага мансуб эканлиги аввало ушбу организмнинг озиқланиш характери, озуқани топиши кабиларга боғлиқ. Масалан, ҳар қандай яшил ўсимлик биогеоценозда бир неча эконишаларнинг ҳосил бўлишида иштирок этади. Улар орасида илдиз, баргларнинг тўқималари билан озиқланувчи ёки гуллари, мевалари, илдиздан ажралиб чиқадиган моддалар билан озиқланувчи турлар бўлиши мумкин. Ҳар бир экониша турлар таркиби хилма-хил бўлган организмлар гуруҳини бирлаштиради. Масалан, илдиз билан озиқланувчиларга нематодлар, баъзи бир қўнғизларнинг личинкалари кирса, ўсимлик ширасини сўрувчи эконишага эса ўсимлик битлари ва қандалалар киради. Юқоридаги эконишалар ҳам ўз навбатида майда бирликларга бўлиниб кетиши мумкин.
Даштлардаги биоценозларда кўпчилик ҳайвонлар ўт ўсимликлар билан озиқланади. Булар туёқлилар (отлар, қўйлар, антилопалар, сайғоқлар), кемирувчилар, суғурлар, юмронқозиқлар ва кўпчилик сичқонсимонлардир. Уларнинг ҳаммаси ўтхўр ҳайвонлар бўлсада, доимо ўт ўсимликлар қопламининг турли қисмларини истеъмол қилади. Масалан, тўёқлилар бўйи баланд тўйимли ўтларни танлаб олади, шу ернинг ўзида яшовчи суғурлар туёқлилар истеъмол қилмаган ўтлар билан озиқланади. Юмронқозиқ каби бир оз кичикроқ ҳайвонлар эса ўтўсимликлар қоплами анча эзилган ва туёқлилар, суғурлардан қолган ўтларни йиғади. Шундай қилиб, жамоадаги ушбу уч гуруҳдаги ўтхўр ҳайвонлар ўртасида ўт ўсимликлар биомассасидан фойдаланиш тартиби ва чегараси келишиб олинган десак бўлади. Бу ерда бир экониша иккинчисини тўлдиради, натижада биомассадан тўлиқ фойдаланиш кузатилади. Табиатда баъзан турларнинг бир эконишадан иккинчисига кўчиб ўтиши кузатилади. Бу ҳодиса биогеоценоздаги шароитнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлиб, мосланиш характерига эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |