Игнабаргли ёғоч жинслар
Қурилишда ишлатиладиган ёғоч ашёларининг асосий қисми игнабаргли жинслардир.
Қарағай қандай тупроқли ерда ўсганлигига қараб икки хил бўлади: биринчиси қум тупроқли ерда ўсган дарахтнинг ёғочли қисми майда қатламли бўлиб, жуда зич, пишиқ ва сарғиш-қизил рангда, қаттиқ бўлади, иккинчиси пасттекисликда ўсадиган ёғочли қисми сарғиш, оқ ёки қизғиш, йирик ҳужайрали, бўш ва енгил бўлади. Қалин дарахтзорда ўсган қарағайнинг танаси тўғри ва кам шохли бўлади. Қарағай ёғочида смола кўп бўлганлиги сабабли, у тез чиримайди ва нам таъсирига чидамли бўлади.
Ўзбекистонда қарағай жуда кам. Қозоғистоннинг жанубида ўсадиган қарағай бошқа қарағайга нисбатан сифациздир. Унинг танаси эгри, ёғочи бўш ва тез чирийди. Қарағай ёғочи қурилишнинг деярли ҳамма жойларида, жумладан, кўприк қуришда, шпаллар ва турли ёрдамчи конструксиялар тайёрлашда, қолиплар ясашда ишлатилади. Қарағай 350—500 йил яшайди.
Aрча — ёғочлиги тўла пишган, сарғиш-оқ ёки қизғиш-оқ (ботқоқликларда ўсадиган тури) дарахт. У Ўрта Осиёнинг тоғ бағрларида ўсади. Aрча танаси тўғри, силиндрсимон, аммо кўп шохли бўлади. Уни ёриш осон, қарағайга қараганда кам смолали, шунинг учун, нам таъсирида тез чирийди. Қуруқ жойда ишлатиладиган арча ёғочи жуда узоқ вақт чиримай сақланади. Гоҳ намланиб, гоҳ қуриб турадиган жойда ишлатилган арча ёғочи 5-6 йилдан кейин бутунлай чириб ишдан чиқади. Aрча 350 йил яшайди. 80—150 йиллик арчалари қурилиш учун энг яхши ашёдир.
Тилоғоч — катта мағзли, қўнғир-қизғиш рангли, ёғоч қатламининг юпқалиги ва ўзагининг ранги билан тубдан ажралиб туради. Тилоғоч ёғочи кўп қатламли, пишиқ, оғир ва қаттиқ, нам ёки сув таъсирига чидамли ашё ҳисобланади (2.9-расм).
Унда смола кўп бўлганидан зараркунандалар таъсиридан шикастланмайди. Тилоғоч гидротехник ва ер ости иншоотларини қуришда кенг ишлатиладиган ашёдир. Тилоғоч дарахтлар ичида энг тез ўсувчи, танаси тўғри, кам шохли жинс. Сувда кўп вақт сақланган тилоғоч ёғочи янада пишиқланади. Тилоғоч ёғочининг кўриниши тангентал кесими бўйича бирмунча чиройли бўлса ҳам мебел саноатида кам ишлатилади. Бунга сабаб, унинг қаттиқлиги ҳамда таркибида смола кўплигидир. У Россия Европа қисмининг Шимоли-Шарқида ўсади.
Кедр — катта мағзли жинс. Кедр ёғочи сарғиш-оқ, ўзаги эса сариқ-қизғиш рангларда бўлиши мумкин, йиллик қатлами юпқа, ўзи юмшоқ, аммо, етарли даражада пишиқдир. Кедр танаси тўғри ва узун. У 600—700 йил яшайди. Aсосан Россияда, Европада нам ерларда ўсади. Сифатига кўра, кедр ёғочи қарағайга яқин туради. Қурилишда хода ва тилинган тахта ҳолида ва дурадгорликда ҳам кўп ишлатилади.
Пихта — мағзсиз ва кам смолали жинс. Унинг ёғочи қора қарағайнинг ёғочи сингари ғовак, енгил ва осон синувчан, сифати эса қора қарағайникидан пастроқ бўлади. Пихта кам смолали бўлганлигидан бошқа игнабаргли дарахтларга қараганда тезроқ чирийди. У Кавказда, Россиянинг Шимоли-шарқида, Ўрта Осиёда ўсади. Пихта хода ва тилинган тахта ҳолида ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |