Эриган темирни пуркаш усули билан ишга яроқсиз темир қисми ва бўлаклар юзасидаги қатлам қалинлигини ошириб таъмирлаш мумкин. Темир юзасига туйилган дала шпати, кварс, тупроқ ва бурадан ташкил топган аралашмани эритиб босим остида пуркалади. Натижада, темирни занглашдан сақлайдиган эмал бўёқ қатлами ҳосил бўлади. Ушбу усул билан ванна, раковина ва бошқа сантехника буюмлари металл ҳарорати 750—800°C га тенг бўлган махсус ўчоқларда эмал билан қопланади. Худди шу усул билан темир юзасига юпқа ойнани эритиб ёпиштириш мумкин. Жуда зарарли суюқликлар учун темир қувурларнинг ички ва ташқи юзаларини шиша билан қоплаб уларни занглашга чидамлилиги оширилади. Темир буюмларни парда ҳосил қилувчи лак-бўёқ ашёлар билан занглашдан сақлаш усули қурилишда кўп ишлатилади.
Бундай ашёларга синтетик лаклар (ПВХ), эпоксид смоласи, нитроемал, хлоркаучук эмали, нефт ва тошкўмир лаки, ўсимлик ёғидан тайёрланган бўёқларни киритиш мумкин. Бўёқ пардасининг чидамлилигини ва мустаҳкамлигини оширишда пигмент моддалар, алуминий уни, қўрғошин сурики ва бошқалар ишлатилади. Шунингдек, пўлат буюмларни занглашдан сақлашда битум-асбест ва цемент-казеин бўтқаси ўрама гидроизоляция ашёлари ҳам кўп ишлатилади. Пўлат юзасига полимер ашёлар эритиб пуркаш, синтетик пардалар ёпиштириш, винилпласт ёки полиизобутилен суркаш, ҳамда сопол ва базалтни эритиб олинган плиткалар, резина эбонит каби занглашга чидамли ашёлар билан қоплаш амалиётда кўп ишлатилади. Пўлат буюм ёки конструкцияга таъсир этувчи муҳитни нейтрал ҳолатга келтиришда оҳак, ишқор, фосфат, коллоид сулфат сингари моддалар ишлатилади. Aмалиётда, айрим темир буюмларни безаш учун ишлатиладиган ашёлар, уларни занглашдан сақлайди. Бундай қатламларга кристаллит, болғаланган эмал, совуқ ёки иссиқ эмаллар, алуминий анодларини мисол қилиш мумкин.
Ўзбекистонда темир ишлаб чиқариш. Ўзбекистонда темир ишлаб чиқариш иккиламчи темир ва пўлат парчаларини қайта эритиб қурилиш учун зарур маҳсулотлар тайёрлашга асосланган. Қурилиш учун пўлат арматуралар қувурлар учун бурчаклар, подшипниклар ва бошқа темир ашёлари, асосан Бекобод шаҳридаги ишлаб чиқариш акциядорлар уюшмаси Ўзбекистон металлургия комбинатида ишлаб чиқарилади. Комбинат 2001-йилда 50 миллиард сўмлик темир маҳсулотлари ишлаб чиқарди. Эндиликда ҳорижий мамлакатлардан 30 млн AҚШ долларига сотиб олинадиган арматурани ҳамда 38 млн долларлик пўлат подшипниклар комбинатнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. Шу йилдан бошлаб жами 70 млн AҚШ долларига тенг темир маҳсулотлари чет элларда эмас, ўзимизда ишлаб чиқариладиган бўлди.
Чўян ванналар, оқова сув қувурлари, эмалланган ошхона чаноғи ва ювиш идишлари «Сантехқуйма» AУ да ишлаб чиқарилмоқда.
Уюшмага қарашли корхоналарда йилига: узунлиги 1500 ва 1700 мм ли эмалланган чўян ванналардан 250 минг дона; диаметри 50, 100 ва 150 мм ли эҳтиёт қисмлари билан ишлаб чиқариладиган оқова сув қувурларидан 37000 тонна; эмалланган пўлат буюмлар эса (идишлар) 600 минг дона миқдорида ишлаб чиқарилмоқда.
«Сантехқуйма» AУ саноат ва йирик қурилиш иншоотлари учун зарур бўлган чўян сантехника буюмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Хомашё сифатида ишлатиладиган чўян қуймаси, қуйма кокс, совуқ усулда ишланган пўлат листлари, кукун ва шиша эмаллар Россиядан келтирилади. Чўян парчалари эса республикамизда тайёрланади.
Яқин кунларда Ўзбекистон металлургия комбинати билан ҳамкорликда шиша эмал кукуни ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши кутилмоқда. Шунга қарамай «Сантехқуйма» AУ бозор рақобати талабларига жавоб бермай қолди. Бунга мутахассис кадрларнинг етишмаслиги, Россиядан келтирилаётган хомашёларнинг қимматга тушаётгани, бозор талабларининг чуқур ўрганилмаётганлиги каби бир қанча муаммолар сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра давлат буджетидан 2 йил муддатга берилган санация ёрдамида корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини яхшилаш лозим.
Синов саволлари
1. Бетон, темир-бетон нима? Илк бор қачон ишлатилган?
2. Aрматура нима ва унинг темир-бетондаги роли.
3. Олдин тайёрланган темир-бетон буюмларни изоҳланг.
4. Пардозбоп бетон тайёрлаш усулларини биласизми?
5. Қурилишда ишлатиладиган темир хиллари.
6. Пардозбоп темирнинг хоссалари.
7. Чўян нима. Ишлаб чиқариш технологияси. Таркибий қисми.
8. Чўяннинг хоссалари.
9. Пўлатнинг хоссалари.
10. Рангли пардозбоп металлар.
11. Aлуминий ва мис қотишмалари.
12. Магний ва унинг қотишмалари.
13. Қўрғошин ва қалай.
14. Пардозбоп ноёб металлар ва қотишмалар.
15. Темир унидан ишланган буюмлар.
16. Темирнинг занглаши ва ундан сақланиш усуллари.
Do'stlaringiz bilan baham: |