Вегетатив марказлар тонуси
Вегетатив нерв системасининг кўпгина марказлари муттасил тонус ҳолатида бўлади, улардан иннервацияланадиган органлар қўзғатувчи ёки тормозловчи импульсларни шунга кўра узлуксиз олиб туради. Илгари кўздан кечирилган икки мисол билан тушунтирайлик. Итнинг иқкала сайёр нерви бўйнидан қирқиб қўйилса, юрак қисқаришлари тезлашади, чунки сайёр нервларнинг тонус ҳолатидаги ядролари юракка доимо кўрсатадиган тормозловчи таъсирини шу нервлар қирқиб қўйилгандан кейин кўрсатмайди. Қуённинг бир томондаги симпатик нерви бўйнидан қирқиб қўйилса, шу нерв қирқилган томондаги қулоқ томирлари кенгаяди, чунки томирлар вазоконстриктор тонусдан маҳрум бўлади . Қирқилган нервнинг периферик учига секундига 1—2 стимул билан ритмик таъсир этилса, юрак қисқаришларининг сайёр нервлар қирқиб қўйилгунча мавжуд бўлган ритми ёки қулоқ томирларининг симпатик нерв бутун вақтдаги торайиш даражаси тикланади.
В егетатив марказларга ички органларнинг рецепторларидан ва қисман экстерорецепторлардан афферент нерв импульслари келиб туриши, шунингдек қон ва ликвордаги химиявий моддаларнинг таъсир этиши туфайли вегетатив марказлар тонуси сақланади. Масалан, сайёр нерв ядросининг нерв ҳужайраларидан юракка импульслар келиб туради, биринчидан шу нерв ҳужайраларига артериялар деворининг барорецепторларидан келувчи нерв им-
259-расм. Лангли аксонрефлексини тушунтириб берадиган схема
(Дрезелдан). Сидирға чизиқ преганглионар толаларни, узуқ-узуқ
чизиқ постганглионар толалари кўрсатади.
1 — преганглионар толаларнинг қирқиладиган жойи; 2 _ ичактутқичнинг пастки тугуни; 3 — тола қирқиб қўйилгач таъсир этиш жойи; 4 — қовуқ.
Аксоннинг бир тармоғидан иккинчи тармоғига қўзғолиш ўтадиган жой стрелка билан кўрсатилган.
пульслари, иккинчидан, гуморал факторлар (адреналин, кальций) мазкур ҳужайралар тонусини сақлаб туради.
Вегетатив нерв системаси толаларининг хоссалари
Вегетатив нерв йўлларининг соматик нерв йўлларидан фарқ қиладиган морфрлогик хусусиятлари шуки, улар икки нейрондан тузилган, нерв йўли нерв тугунларида узилади, марказий нерв системасидан ғуж бўлиб чиқади, периферияда сегментар типда тақсимланмайди ва диаметри кичик бўлади. Преганглионар толалар В типга киради ; диаметри 2—3,5 ва баъзан 5 мк бўлиб, юпқа миелин пардаси бор. Постганглионар толалар С типга мансуб бўлиб, диаметри 2 мк дан ошмайди, кўпчилигининг миелин пардаси йўқ.
Вегетатив толалар, айниқса постганглионар толалар бирмунча кам қўзғалувчанлиги билан фарқ қилади, улар скелет мускулларини иннервация қиладиган мотор толаларга таъсир этиш учун керак бўлганидан кўпроқ кучланишли электр токи билан таъсир этишни талаб қилади.
Вегетатив толаларда нерв импульсларининг тарқалиш тезлиги ҳам камроқ; сут эмизувчилардаги преганглионар толаларда 3 дан 20 м/сек гача, постганглионар толаларда 1 дан 5 м/сек гача. Вегетатив толаларнинг умумий қонунияти характерли: ушбу тола қанча ингичка бўлса, реобазаси ва хронаксияси ўшанча ортиқ (яъни қўзғалувчанлиги камроқ), рефрактер даври узоқроқ ва импульсларни ўтказиш тезлиги камроқ.
Симпатик ва парасимпатик нерв толаларидаги ҳаракат потенциаллари узоқ давом этиши билан фарқ қилади (айрим чўққи потенциали 150 мсек гача давом этиши, яъни соматик нерв толаларидаги чўққи потенциалига нисбатан тахминан 100 баравар узоқроқ бўлиши мумкин). Симпатик толаларда ҳаракат потенциали вужудга келганда гиперполяризация узоқ (0,5 секундгача) давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |