Нерв толаси структура элементларининг физиологик роли Нерв импульсининг келиб чиқиш ва ўтиш процессларида ўқ цилиндрнинг ташқи мембранаси асосий роль ўйнаши ҳозир исбот этилган, деса бўлади. Миелин пардаси иккиёқлама функцияни: электр изолятор функцияси ва трофик функцияни ўтайди. Миелин пардасининг ажратувчи хоссалари шунга боғлиқки, липоидлардан тузилган модда — миелин ионларнинг ўтишига тўсқинлик қилади ва шу сабабли электр токига жуда катта қаршилик кўрсатади. Миелин пардаси борлигидан миелинли нерв толаларидаги қўзғолиш ўқ цилиндр мембранасининг бошидан охиригача эмас, балки фақат чекланган қисмларида, яъни Ранвье бўғилмаларида вужудга келади. Бу, нерв импульсининг тарқалиш механизмида муҳим аҳамиятга эгадир.
Миелин пардасининг трофик функцияси, яъни ўқ цилиндрнинг моддалар алмашинув процессларида қатнашуви ҳозирча етарли ўрганилгани йўқ. Миелин пардаси ацетилхолин типидаги физиологик жиҳатдан актив моддаларнинг тузилишида қатнашади, деган фикр бор.
Шванн пардасининг роли, афтидан, яна шундаки, у моддалар алмашинувини ва ўқ цилиндрнинг ўсишини идора этиш процессларида қатнашади. Нерв толасидаги нейрофибриллаларнинг роли ҳали тўла равшан эмас, лекин тирик аксоплазмада нейрофибриллаларнинг борлиги яқинда поляризацион микроскоп билан ўтказилган тадқиқотларда исбот этилган. Нейрофибриллалар нерв толасинивг ўсиш процессларида қатнашади ва, эҳтимол, нерв ҳужайрасининг танасида синтезланувчи қандайдир актив моддаларни нерв ҳужайрасининг периферик ўсиқларига ташиб боради, деб фараз қилишади.
Нерв қирқиб қўйилгандан кейин нерв толаларининг айниши (дегенерацияси) Нерв толалари нерв ҳужайрасининг танасидан ташқари яшай олмайди. Шу сабабли нерв қирқиб қўйилса, нерв ҳужайралари танасидан ажралиб қолган толалар нобуд бўлади. Иссиққонли ҳайвонлар нерви қирқиб қўйилгандан 2—3 кун кейиноқ унинг периферик ўсиғи нерв импульсларини ўтказиш қобилиятидан маҳрум бўлади. Шундан кейин нерв толаларининг дегенерацияси бошланади, шу билан бирга миелин пардаси липоид деневерацияга учрайди. Бу процесс шундан иборатқи, миелинли парда миелиндан маҳрум бўлади, миелин эса томчилар шаклида тўпланади, уваланган толалар ва уларнинг миелини шимилиб кетиб, нерв толаларининг ўрнида илгари Шванн пардасидан ҳосил бўлган тортмалар қолади. Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини биринчи бўлиб А. Валлер баён этган ва унинг номи билан Валлер дегенерацияси деб аталган.
Нерв регенерацияси жуда секин боради. Дегенерацияланган нерв толаларининг ўрнига қолган Шванн ҳужайралари нервнинг қирқилган жойи яқинидан нервнинг марказий бўлагига томон ўса бошлайди. Марказий бўлак аксонларининг қирқиб қўйилган учлари эса ўсиш колбалари деган йўғон қисмларни ҳосил қилади, булар нервнинг дегенерацияланган периферик бўлагига томон ўсади. Марказий бўлак толаларининг йўғон тортган учларидан бир талай (10 дан 100 тагача) шохчалар чиқади, бу шохчаларнинг ҳам йўғон тортган учлари периферик бўлак томонга ўсади. Шу шохчалардан бир қисми қирқиб қўйилган нервнинг эски ўзанига тушади ва тегишли периферик тўқима ёки органга етиб олгунча бир кечаю-кундузда 0,5—4,5 мм тезлик билан ўсаверади, ўша тўқима ёки органда нерв толаларидан нерв охирлари ҳосил бўлади.
Орган ёки тўқиманинг нормал иннервацияси шу вақтдан бошлаб тикланади.
Турли органлар нерви қирқиб қўйилганда функцияси турли муддатлардан кейин тикланади. Мускулларда функцияларнинг тикланганлигидан дарак берувчи дастлабки белгилар 5—6 ҳафтадан кейин юзага чиқиши мумкин; функциялар батамом тиклангунча узоқроқ вақт, баъзан йиллар ўтади.