Қондаги карбонат кислота бирикмаларининг диссоциация эгри чизиқлари. Юқорида айтганимиздек, қон нордонлашганда ундан ажратиб олиш мумкин бўлган карбонат ангидриднинг 85% дан ортиқроғи бикарбонатларнинг (эритроцитларда калий бикарбонатнинг ва плазмада натрий бикарбонатнинг) парчаланишидан ҳосил бўлади.
Карбонат ангидрид қонга бирикиши ва ундан ажралиб кетиши СО2 нинг парциал таранглигига боғлиқ. Қондаги карбонат ангидрид бирикмаларининг диссоциация эгри чизиқларини оксигемоглобиннинг диссоциация эгри чизиқларига ўхшатиб тузиш мумкин. Бунинг учун ордината ўқига — қонга бириккан карбонат ангидриднинг ҳажм проценти, абсцисса ўқига эса — карбонат ангидриднинг парциал таранглиги қўйилади. 58-расмдаги пастки эгри чизиқ гемоглобини кислород билан бутунлай тўйинган артериал қонга С02 бирикишини, юқоридаги эгри чизиқ эса карбонат ангидриднинг веноз қонга бирикишини кўрсатади..
Бу эгри чизиқлар орасидаги фарқ оксигемоглобин билан бойиган артериал қоннинг веноз қонга нисбатан карбонат ангидридни камроқ бириктира олишига боғлиқ. Оксигемоглобин карбонат кислотага нисбатан кучлироқ кислота бўлгани учун бикарбонатларнинг асосларини тортиб олади ва карбонат кислотанинг ажралиб чиқишига шу йўл билан ёрдам беради. Тўқималарда оксигемоглобин гемоглобинга айланиб, ўзига бириккан асосларни беради ва карбонат ангидриднинг қонга бирикишини кўпайтиради.
58-расмнинг пастки эгри чизиғидаги А нуқтаси карбонат ангидриднинг 40 мм симаб уст. га тенг бўлган таранглигига, яъни ҳақиқатда артериал қонда мавжуд бўлган таранглигига мос келади. Бундай тарангликда артериал қонга 52 ҳажм% С02 бирикади. Юқоридаги эгри чизиқнинг V нуқтаси карбонат ангидриднинг 46 мм симоб уст. га тенг бўлган таранглигига, яъни унинг ҳақиқатда веноз конда мавжуд бўлган таранглигига мос келади. Эгри чизиқдан кўриниб турибдики, бундай тарангликда веноз қон 58 ҳажм% карбонат ангидридни бириктиради. Юқоридаги ва пастки эгри чизиқларни бирлаштирувчи AV чизиғи артериал қон веноз қонга айланаётганда ва, аксинча, веноз қон артериал қонга айланаётганда унинг карбонат ангидрид бириктириш хоссасининг ўзгаришларига мос келади.
Веноз қондаги гемоглобин оксигемоглобинга айланганлиги учун ўпка капиллярларида бу қон 6 ҳажм% С02 ни ажратади. Упкада гемоглобин оксигемоглобинга айланмаса, эгри чизиқдан кўриниб турганидек, веноз қон альвеолалардаги карбонат ангидриднинг 40 мм симоб уст. та тенг бўлган парциал босимида 54 ҳажм% С02 ни бириктирар, демак, у 6 ҳажм% С02 ўрнига фақат4 ҳажм% С02 ни берар эди. Худди шунингдек, катта доира капилляр- ларида артериал қон ўзидаги кислородни бермаганда, яъни гемоглобин кислород билан тўйинганича қолаверганда бундай артериал қон гавда тўқималарининг капиллярларидаги карбонат аигидриднинг парциал босимида 58 ҳажм% С02 ўрнига фақат 55 ҳажм% С02 ни бириктира олар эди.
Шундай қилиб, ўпкада гемоглобиннинг оксигемоглобинга ва гавда тўқималарида оксигемоглобиннинг гемоглобинга айланиши тўқималарда қонга ютиладиган ва ўпкада қондан ажралиб чиқадиган 6 ҳаж1% С02 дан тахминан 3—4 ҳажм% С02 ютилишига ва ажралиб чиқишига ёрдам беради. Упкада ажралиб чиқадиган карбонат ангидриднинг қарийб 25—30 процентини карбогемоглобин ташиб беради.
Айтилганлариинг ҳаммасидан англашиладики, қоннинг кислород ташиш механизмида ҳам, карбонат ангидрид ташиш механизмида ҳам гемоглобин ва карбоангидраза тутувчи эритроцитлар муҳим роль ўйнайди.