Bog'liq Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жа он
1.3. Инновацион-инвестицион ривожлантиришнинг хорижий мамлакатлар тажрибаси ва ундан Ўзбекистонда фойдаланиш имкониятлари “Модернизация” тушунчаси турли илмий, сиёсий, публицистик адабиётларда “ислоҳотлар”, “янгиликларни жорий этиш”, “ривожланиш” каби тушунчалар билан бевосита боғлиқ ҳолда кенг қўлланилади. “Билимлар иқтисодиёти”, “инновацион иқтисодиёт”, “иқтисодиётнинг глобаллашуви” каби тушунчаларни эса иқтисодий модернизациянинг белгилари сифатида келтириш мумкин. Модернизация тўғрисидаги назариялар АҚШда пайдо бўлган (С.Хантингтон, Д. Эптер ва б.) ва саноати ривожланган жамиятни яратиш стратегияси сифатида талқин этилган (У Ростоу, У.Мур, Ш.Эйзенштадт, Дж.К.Гэлбрейт). ХХ аср охирига қадар модернизация мамлакатларнинг чекка худудларидан марказга қараб қувиб етувчи ривожланиш жараёни сифатидаги тараққиёт стратегияси маъносида тушунилган.
Ўтиш иқтисодиёти мамлакатларида бозор муносабатларини шакллантириш жараёнида модернизация назарияларидан деярли фойдаланилмаган ва кўпчилик ҳолларда “ислоҳотлар” ва “ўтиш иқтисодиёти” ривожланишни таъминлаб бера олмаслиги маълум бўлди ва “ўтиш иқтисодиёти” тушунчаси “модернизация”, “таркибий қайта қуриш”, “миллий рақобатбардошлик” тушунчалари билан ўрин алмашди. Бунда модернизация Ғарбга эргашиш маъносида эмас, балки “Миллий лойиҳа” сифатида қабул қилина бошланди.
Охирги вақтларда технологик укладларни алмаштиришнинг бошқариладиган модели (С.Глазьев), либерал-консерватив модернизация модели (м.Кротов), қувиб ўтадиган модернизация модели (Хэ Чуаньци), ортда қолдирадиган модернизация модели МДУ иқтисодчилари) каби моделлар ишлаб чиқилди. Жаҳонда йиғилиб қолган глобал иқтисодий номутаносибликларни бартараф этишнинг асоси сифатида жаҳон ва миллий иқтисодиётларни модернизация қилиш зарурияти янада кучайиб бормоқда.
Капитализмни модернизациялашнинг умумий назариялари (Дж. Стиглицнинг “янги капиталистик тартиб” назарияси, м.Тэтчернинг ўзгариб бораётган дунёнинг консерватив стратегиялари назарияси) ҳам пайдо бўлди. XXI асрдаги тадқиқотларга хос умумийлик глобал ва миллий иқтисодиётда янги иқтисодий тартибни ўрнатиш ғояси билан боғлиқдир. Шу билан бир вақтда айрим тадқиқотчилар (И.Валлерстайн) жаҳон иқтисодий тизими глобал инқирозга юз тутишини башорат қилишса, айримлари янги модернизация жараёнлари суст кетаётган бўлсада, Жаҳон иқтисодиётининг инқироздан кейинги рецессиядан чиқиши ва XXI асрда билимлар иқтисодиётининг шаклланишига олиб келади, деб ҳисоблашади". Таҳлиллар жаҳон амалиётида иқтисодиётни модернизациялашнинг табиий, инқилобий ва қувиб етадиган модернизация моделларини ажратиш имконини беради. Ушбу моделлар ўртасидаги асосий фарқ модернизация жараёнида давлатнинг тутадиган ўрнидан иборат. Табиий модернизациялаш режалари, ривожланиш вариантлари ва тизимининг ўзига хос хусусияти унинг умумий эгилувчанлигининг юқорилиги билан белгиланади. Қувиб етадиган модернизациялашда давлатнинг етакчи ўрин тутиши ягона тўғри ривожланиш йўналишини танлашда хатоликка йўл қўйиш эҳтимолини ва ҳаракатлантирувчи кучлар кескинлигини ошириб, тизимли рисклар ва иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишини эмас, балки катта ҳамкор талаб этилишини билдиради.
Модернизация жараёнини ҳаракатлантирувчи тармоқлар – бу аграр (ишчи кучидан фойдаланиш) ёки ресурс (зарур инвестициялар) тармоқлар асосида шакллантирилган оммавий ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат тармоқларидир. Биринчи ҳолатда Ғарбий Европа мамлакатлари ва АҚШ (XIX аср), Корея Республикаси, Хитой ва Малайзияни ( XX аср), иккинчи ҳолатда Форс кўрфази мамлакатлари – Бирлашган араб амирликлари (БАА) ва Катaрни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Россия эса модернизациялашнинг устувор тармоқлари сифатида самарали ва янги ёқилғи турлари, медицина технологиялари ва фармацевтика, ядро энергетикаси, информацион технологиялар, космос ва телекоммуникацияларни белгилаб олди:
Таҳлиллар кўрсатишича, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялашга қуйидаги хусусиятлар хос бўлиши зарур:
- тармоқлар оммавий ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиши лозим. Масалан, Корея Республикасида 1967 йилда мамлакатда 165000 та автомобиль мавжуд бўлгани ҳолда, 300000 та автомобиль ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилган.
- тармоқлар хом ашёга тўлиқ боғлиқ бўлмаслиги, яъни юқори қўшилган қиймат улушига эга бўлиши керак;
- янги технологияларни қўллаш ва уларга бўлган талабни қўллабқувватлаш зарур. Масалан, Японияда 1960-1970 йилларда технологиялар импорти уларнинг экспортидан 8 баравар кўп бўлган. Ушбу тармоқлар қисқа муддатда оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини берган;
- меҳнат сиғимкорлиги юқори бўлиши ва ушбу тармоқларни ривожлантиришдан манфаатдор ишчилар гуруҳи шакллантирилиши лозим;
- модернизация учун асос бўлган тармоқлар, биринчи навбатда, жаҳон бозорига ва ундан кейингина ички бозорга йўналтирилган бўлиши лозим. Жумладан, Корея Республикаси 2000 йилда умумий ҳажми 12,2 млн.тоннага тенг (жаҳоннинг 54%и) савдо кемаларини ишлаб чиқарган. 1990 йилларнинг охирида жаҳонда мобил алоқа воситалари(телефонлар) ишлаб чиқаришнинг 34%и Малайзия ҳиссасига тўғри келган. 2000 йилда компьютерлар ишлаб чиқариш ҳажмининг 39%и, телевизорларнинг 42% и, офис жиҳозлари ва ускуналарининг 50% дан ортиғи Хитойда ишлаб чиқарилган. Ушбу тармоқлар “миқёс таъсири” натижасидаги афзалликлар туфайли ҳеч қачон ички бозорга йўналтирилмаган".
Таҳлиллар ўтиш иқтисодиёти мамлакатлари, жумладан, МДҲ мамлакатлари иқтисодиётининг диверсификациялашмаганлиги, бир томонлама ихтисослашувга эга эканлигини кўрсатмоқда. Масалан, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон иқтисодиёти жаҳон бозорида хом ашё нархи ўзгаришига бевосита боғлиқ. Таҳлиллар кўрсатишича, Россия ялпи ички маҳсулотининг 40%га яқини хом ашё экспортидан ташкил топади. Озарбайжон иқтисодиётининг 65% и ва бюджетининг 75% и нефть ва нефть маҳсулотлари ҳисобидан шаклланади, экспортнинг 93% и нефть сектори ҳиссасига тўғри келади".
Шунга қарамасдан, МДҲ мамлакатларида модернизация сифатида устуворликларни белгилашда мунозаралар мавжуд. Ушбу тортишувлар модернизация стратегиясининг аклав, фронтал ёки индустриал йўналишга эга бўлиши лозимлиги атрофида содир бўлмоқда. Жумладан, Россия иқтисодчиси C.Глазьев: “Иқтисодий инқирозлар аксарият ҳолларда инвесторлар ўз маблағларини сарфлаш учун зарур соҳаларни топа олмасликлари туфайли содир бўлади. Ривожланган мамлакатларда инқирозга қарши чоралар учун сарфланаётган маблағлар илмий-тадқиқот ва тажрибаконструкторлик ишлари ИТТКИ) соҳасида мужассамлашган”, деб таъкидлайди.
Ж аҳон амалиёти кўрсатишича, саноат сиёсатининг амалга оширилиши мамлакатларнинг ўзига хос хусусиятлари, ўтказиш вақти ва ривожланиш даражасига боғлиқ бўлади. Агар ривожланаётган мамлакатларнинг саноат сиёсатини қарайдиган бўлсак, у ҳолда биз мазкур сиёсат давлатнинг ялпи фаолиятидан иборат комплекс чора-тадбирлар тизими эканлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, бунга унумдорликни ошириш, ишлаб чиқариш алоқалари ва янги иш ўринларини яратиш, янги таълим дастурлари ривожланишини рағбатлантириш, технологияларни мамлакатга олиб кириш орқали халқаро иқтисодий муносабатларни ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлаш ва ҳоказолар киради. Бугунги кунда қатор дунё давлатларининг саноат сиёсатини ўрганиш натижасида иқтисодчилар мазкур сиёсатнинг беш турини ажратадилар (1.3.1-жадвал).
Пассив ва негатив саноат сиёсати – самарали бизнесни қўллабқувватлаш учун иқтисодиётга давлатнинг минимал аралашуви билан тавсифланади. Шунингдек, у қулай макроиқтисодий воситаларни иқтисодиётда шакллантириш билан чегараланади. Бундан ташқари, ушбу мақсадга мувофиқ солиқ сиёсати амалга оширилади ҳамда барча технологик ва таълим стандартларига эришиш учун зарурий шароитлар яратилади, давлат томонидан мос инфратузилма шакллантирилади. Биринчи ёндашувда кўпроқ неоклассик дастаклардан фойдаланилади ва одатда пассив сиёсат сифатида баҳоланади ҳамда соғлом рақобат тамойилларини бузган фирмалар давлат томонидан жазоланадилар.
Пассив, позитив саноат сиёсати - дастлабки сиёсатга қўшимча равишда, “қулай иқтисодий воситаларни шакллантириш” билан тавсифланади. Шунингдек, ишлаб чиқаришга солиқ ҳамда молиявий имтиёзлар берилади ва ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилади. Бунда бошқарув марказлашганлик даражаси пасайтирилади ҳамда давлатнинг узоқ муддатли рақобатбардошлилик салоҳияти шакллантирилади.
Фаол ва негатив саноат сиёсати – анъанавий тармоқларни қайта ишлаш секторлари ва рақобатни қўллаб-қувватлаш билан тавсифланади. Бунда саноатга хавф туғдирувчи ташқи хатар ва таҳдидларни бартараф этишни давлат ўз зиммасига олади. Ушбу сиёсат негатив сиёсат сифатида баҳоланади. Чунки бунда миллий ишлаб чиқариш тўғридан-тўғри рағбатлантирилмайди ҳамда унинг рақобатбардошлиги оширилмайди. Шунингдек, мазкур сиёсатда хорижий рақобатчилар таъсири давлат томонидан чекланади.
Фаол ва позитив саноат сиёсати – “фаол-мувофиқлаштирувчи” ёндашув сифатида тавсифланади. Бунда ҳам давлат тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга ўзини жалб қилмайди ҳамда ишлаб чиқаришни ва хусусий мулкни назорат қилмайди. Бундай сиёсатда давлат барча иқтисодий, ижтимоий фаолиятларнинг мувофиқлаштирувчиси сифатида майдонга чиқиб, ишлаб чиқаришга қулай шароитларни таъминлаб беришни ўз зиммасига олади. Шунингдек, мазкур сиёсатда давлат ўзининг турли воситаларидан, жумладан, фонд орқали қўллаб-қувватлаш, кредит ресурслари, грантлар, ахборот ресурслари билан таъминлаш ва бошқалардан фойдаланади.
Фаол (ишлаб чиқаришга бевосита таъсир) саноат сиёсати – бу жуда фаол мувофиқлаштирувчи сиёсат сифатида тавсифланади. Бунда давлат ишлаб чиқаришни ўз мулки сифатида ҳимоя қилади ҳамда ишлаб чиқаришга кўпроқ янгилик киритиш пайида бўлиб, ўз – ўзидан тадбиркорга айланиб қолади. Шунингдек, давлат саноат корхоналари назоратини доимо ўз қўлида сақлаб туриб, ишлаб чиқаришга бевосита таъсир кўрсатади. Таъкидлаш лозимки, юқорида келтирилган барча саноат сиёсати турлари амалиётда абстракт тарзда учрамайди, балки улар қандайдир ҳолатда бир-бирлари билан уйғунлашган ҳолда мамлакатда амал қилади. Ҳозирда миллий иқтисодиёт доирасида саноат сиёсатининг уч моделини ажратадилар: экспортга йўналтирилган модель, импорт ўрнини босувчи модель ҳамда инновацион модель.
Экспортга йўналтирилган модель — ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, ўзининг маҳсулотини экспорт учун йўналтиришга қаратилган. Унинг асосий чора-тадбирлари экспорт тармоқларининг рақобатбардошлигини қўллабқувватлашга ва ривожлантиришга йўналтирилган. Бунда ишлаб чиқаришнинг устувор вазифаси рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш ва бу билан халқаро бозорларга чиқиш ҳисобланади. Шунингдек, ушбу моделда мамлакат саноатининг мақсади тўлалигича жаҳон бозорларидаги катта улушни эгаллашга қаратилади. Ҳукумат мазкур сиёсатни солиқ ва божхона имтиёзлари, экспортчи корхоналарни кредитлаш, паст валюта курслари билан қўллаб-қувватлаш ҳамда эксрпортга йўналтирилган тармоқларни қулай шароитлар билан таъминлаш орқали амалга оширади. Экспортга йўналтирилган саноат сиёсати моделини муваффақиятли амалга оширган давлатлар қаторига Япония, Жанубий Корея, Чили ҳамда “Осиё йўлбарслари” (Малайзия, Таиланд, Сингапур) каби мамлакатларни, шунингдек, кейинги вақтларда Хитойни ҳам киритиш мумкин.
Импорт ўрнини босувчи модель - миллий ишлаб чиқаришнинг ривожланиши асосида ички бозорни таъминлаш стратегиясини олға суради. Импорт ўрнини босувчи модель мамлакатда протекционизм сиёсати юритишни ҳамда қаттиқ миллий валюта курсини сақлаб туришни кўзда тутади.
Инновацион модель - мамлакатнинг иқтисодий ва ишлаб чиқариш жараёнларининг ривожланиши юқори технологияли ҳамда янги технологиялардан кенг фойдаланишга асосланади. Ушбу модель асосидаги саноат сиёсати доимо рақобатбардош ва сифатли товарларнинг кенгайишига кенг асос яратади, тадбиркорларнинг ижобий ташаббускорлигини оширади, ресурслардан самарали фойдаланиш юзага келиб, ишлаб чиқариш харажатлари камаяди"
Кейинги йилларда дунё давлатлари орасида рақобатнинг кескинлашуви, халқаро бозорларда инновация даражаси юқори бўлган маҳсулотларга талабнинг ортиши, хусусан, жаҳон бозорларида фан-техника сиғими юқори маҳсулотларга эҳтиёжнинг кучайиши дунё давлатларининг миллий экспорт таркибида юқори технологияли маҳсулотнинг улушини кўпайтиришга бўлган интилишларини, бу эса миллий саноат тармоқларини инновацион ривожлантириш заруриятини янада кучайтирди.
Иккинчи томондан, саноат маҳаллий истеъмол бозорларини сифатли товарлар билан тўлдириш, бозордаги зарурий мувозанатни таъминлаш миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, ҳозирда ниҳоятда муҳим бўлган бандлик ва аҳоли даромадларини ошириш каби муаммоларни самарали ечишнинг етакчи воситаси бўлиб қолди. Демак, юқорида назарда тутилган жараёнлар мамлакатларнинг саноатини инновацион тарзда ривожлантиришни талаб этмоқда. Бугунги кунда саноат сиёсатининг инновацион моделини муваффақиятли амалга ошираётган давлатлар қаторига Япония ва Жанубий Корея мамлакатларининг тажрибаларини мисол сифатида келтириш мумкин. Ушбу моделни қўллаган давлатлар, айниқса, экспортида юқори технологияли маҳсулотнинг улуши катталиги билан дунё давлатлари орасида алоҳида ажралиб туради. Жумладан, шундай давлатлар қаторига Сингапур (экспорт тузилишида юқори технологияли маҳсулотнинг улуши 58,6%), Малайзия (57%), Таиланд (30%), Хитой ва Венгрия (26%) каби мамлакатларни киритиш мумкин?
1.3.1-иловада ҳар бир саноат сиёсати моделининг афзал ва камчилик томонлари баён этилган. Республикамиз учун саноат сиёсатининг инновацион моделини ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Чунки мамлакатимиз экспорт ва саноат ишлаб чиқариш умумий ҳажмида юқори технологияли маҳсулотнинг улуши ҳамда умумий экспорт ҳажмида инновацион маҳсулотнинг улуши нисбатан паст кўрсаткичларни ташкил этади. Бугунги кунда саноат сиёсати моделларидан кенг тарқалган икки тури ҳам ажратиб кўрсатилади:
Ғарбий Европа модели – унда таркибий сиёсатга асосий урғу берилади. Бунда истиқболли тармоқларни ривожлантириш ва зарар келтирувчи тармоқларни тугатиш орқали мавжуд таркибнинг аста-секин яхшиланиши назарда тутилади. Ушбу модел Ғарбий Европанинг йирик мамлакатлари иқтисодиёти таркибининг юқори диверсификацияланиши билан тавсифланади.
Шарқий Осиё модели – юқори технологияли тармоқларни қўллабқувватлашга йўналтирилган. Саноат сиёсатининг ушбу модели асосида иқтисодий ўсишнинг, биринчи навбатда, фан-техника ютуқлари ва юқори технологияларни ўзлаштиришга инновацияларга) боғлиқлиги ётади.
Саноат сиёсатини амалга ошириш механизмида қуйидаги воситалардан фойдаланилади:
- тўғридан-тўғри давлат инвестициялари;
- субсидиялар;
- солиқ ва бошқа молиявий дастаклар.
Жаҳон амалиётидан маълумки, миллий саноат тармоқларини ривожлантиришнинг муҳим иқтисодий сиёсатларидан бири - бу мамлакатда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришдир (1.3.2-илова).
Импорт ўрнини босиш сиёсатининг асосий вазифаси – импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини қўллаб-қувватловчи ва экспортга йўналтирувчи миллий модел ва рағбатлантириш тизимини шакллантиришдир. Маҳаллий хом ашёлардан импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишга имкон туғдиради: корхона ва ташкилотларнинг молиявий ҳолатини яхшилайди, давлат бюджети даромадларининг ошишига олиб келади, аҳоли даромадлари, иш билан таъминланганлик даражасини оширади.
Импорт ўрнини босувчи ривожланиш моделининг ижобий томонлари — маҳсулот нархининг хорижий валютага боғлиқмаслиги, импорт маҳсулотларини ички бозорда ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашёларга божхона тарифларининг йўқлиги, маҳсулотнинг тўғридан-тўғри истеъмолчиларга етиб бориши маҳсулотни қалбакилаштиришнинг олдини олиш кабилар билан изоҳланади".
Импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш давлат Дастурининг мақсади – бозор талабини рақобатбардош, сифатли маҳсулотлар билан қондириш асносида давлатнинг импортга боғлиқлигини камайтириш, импорт қилинувчи хом ашёлар ва энергетик ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборат. Импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш давлат дастурининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ички бозор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хом ашё ва энергетик ресурсларнинг тезкор нарх ошишидан ҳимоялаш;
- импортни мақбуллаштириш ва ресурслардан самарали фойдаланишни мониторинг қилиш;
- импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ва саноат тармоғини мавжуд ҳамда янги ишлаб чиқариш омиллари ёрдамида ривожлантириш.
Маълумки, маҳаллий хом ашё ресурслари негизида импорт ўрнини босувчи ва ички бозор талабини зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи қисмлар билан таъминловчи юқори технологияли, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизимини яратиш, валюта маблағларини иқтисод қилиш ва улардан рационал фойдаланиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш мамлакат саноат сиёсатининг асосий мақсади ҳисобланади. Импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш давлат дастури учта йўналиш бўйича олиб борилади:
Биринчи йўналиш – ички бозорда етарлича ишлаб чиқарилмайдиган импорт маҳсулотларини ўз ичига олади. Бу босқичда мавжуд бўлган ишлаб чиқаришни модернизация қилиш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ошириш.
Иккинчи йўналиш – ички бозорда ишлаб чиқарилмайдиган, аммо ўзлаштириш имконияти мавжуд бўлган маҳсулотларни ўз ичига олади. Шунинг учун бу босқичда янги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган.
Учинчи йўналиш – ички бозорда ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан афзал бўлмаган маҳсулотларни ўз ичига олади. Бу босқичда бундай маҳсулотларнинг истеъмол даражасини камайтириш вазифаси қўйилган.
Пул-кредит сиёсати доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий харажатларини камайтириш мақсадида имтиёзли кредитлар тизими жорий қилинади ва бу корхоналар замонавий, инновацион ишлаб чиқариш ускуналари учун ажратилган кредитлардан имтиёзли фойдаланади. Импорт ўрнини босиш давлат дастурининг асосий вазифа ва йўналишларини импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш лойиҳалари орқали амалга ошириш мумкин. Бу борада маҳаллийлаштириш дастурлари алоҳида аҳамият касб этади.
Маҳаллийлаштириш дастурлари: ўзининг мажмуавийлиги ва кенг қамровлилиги билан тавсифланиб, унда қисқа ва ўрта муддатли даврларда саноатни барқарор ривожлантиришнинг прогноз параметрлари, саноат тузилмасини такомиллаштириш масалалари, тармоқлараро кооперацион алоқаларни яхшилаш ва маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, иқтисодиёт рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш, экспортни диверсификация қилиш, унинг таркибида қўшилган қиймати юқори бўлган тайёр маҳсулотлар улушини ошириш ҳамда экспорт фаолиятига янги иштирокчиларни жалб қилиш ва янги бозорларга кириб бориш масалаларига эътибор қаратилади.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда саноат ишлаб чиқариш корхоналарини танлаш бош масала ҳисобланади ва уни танлашга бир қатор омиллар ўз таъсирини кўрсатади (1.3.3-илова). Импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари қуйидаги мезонларга мос келиши керак:
- импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун маҳаллий хом ашё ресурслари ва етарли ишлаб чиқариш қуввати мавжудлиги:
- маҳсулотга ички ва ташқи бозорда талаб ҳамда худди шундай маҳсулотнинг импорти мавжудлиги:
- импорт ўрнини босувчи маҳсулотнинг нархи импорт қилинаётган ўхшаш маҳсулот нархидан юқори бўлмаслиги (транспорт харажатлари, солиқ ва божхона тўловларини ҳисобга олган ҳолда);
- лойиҳа амалга оширилганда, қўшимча янги иш ўринларини яратишлиги.
Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш - бу меркантилистик қарашлар асосида ички бозорни ташқи бозор маҳсулотларининг кириб келишидан ҳимоялаш ва мумкин қадар ўз маҳсулотларини сотишга қаратилган бўлиб, импорт ўрнини босиш механизмларидан бири ҳисобланади. Лотин Америкасининг кўпгина мамлакатлари иқтисодиётининг асосий хом ашёларни экспорт қилиш билан боғлиқ бўлганлиги тайёр маҳсулот экспорт қилувчи ривожланган мамлакатлардан қолиб кетганидан далолат беради. Бундай ҳолатни тўғрилаш учун Лотин Америкасининг кўпгина давлатларида хом ашё экспортидан тайёр маҳсулотлар экспортига ўтиш учун импорт ўрнини босиш сиёсати чора-тадбирлари кўрилади.
Импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичида енгил ва озиқ-овқат саноатлари ўзлаштирилди ҳамда салмоқли натижаларга эришилди. Иккинчи босқич 50-60 йилларга тўғри келади ва бу давр оғир саноат маҳсулотларини ўзлаштиришни ўз ичига олади. Бу босқичда ишлаб чиқарувчилар сезиларли муаммоларга дуч келишди. Уларнинг асосийларидан бири ички бозорда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ўзига ўхшаш чет эл маҳсулотларига қараганда рақобатбардош эмаслигидадир. Биринчи босқичда бу давлатлар сезиларли иқтисодий ўсишга, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишдан саноатлаштиришга ўтишга, саноат маҳсулотларининг яимдаги улушини оширишга эришишди. Иккинчи тарафдан оғир саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун қурилган заводлар катта харажатларни талаб қилар эди. Рақобатбардош бўлмаган маҳсулотлар бу харажатларни қоплай олмаганлиги учун муттасил инқирозга олиб келди. Лотин Америкаси давлатларида олиб борилган импорт ўрнини босиш сиёсати кутилган натижаларни бермади.
Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари - Жанубий Корея, Тайван, Сингапур давлатларида импорт ўрнини босиш сиёсати қисқа муддат олиб борилди. Бу давлатларда ҳам Лотин Америкаси давлатлари сингари биринчи босқичда енгил ва озиқ-овқат саноатлари ўзлаштирилди. Кейинги босқичда ички бозор ва оғир саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга боғланиб қолмай, экспорт ва жаҳон бозорига катта аҳамият бердилар. Жанубий Шарқий Осиё мамлакатлари импорт ўрнини босиш сиёсати аста-секин экспортга мослашган сиёсатга ўта бошлади: янги маҳсулот турлари ўзлаштирилиши билан ташқи бозорга йўналтирила бошланди. Бу давлатлар олиб борган сиёсатни етарлича муваффақиятли дейиш мумкин, чунки улар иқтисодиёти қолоқ мамлакатлардан етакчи мамлакатлар сафига қўшилди.
МДҲ мамлакатларида модернизация жараёнларини амалга оширишда устувор йўналишларни белгилаб олиш зарур. Модернизация миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ривожлантиришда асосий восита ҳисобланади. Биринчидан, давлат ва бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш учун муҳит яратиш зарур. Иккинчидан, давлат ихтиёридаги жуда улкан моддий ва молиявий ресурсларни самарали бошқаришни йўлга қўйиш зарур. Илмий тадқиқотлар учун давлат томонидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш керак. Учинчидан, техник тўсиқлар орқали тартибга солиш. МДҲ мамлакатларида ҳозирги вақтга қадар асосан Собиқ Иттифоқдан мерос қолган стандартлар ва техник регламентлардан фойдаланилмоқда. Модернизация соҳасидаги кўплаб муаммоларни ҳал этиш учун халқаро стандартларга ўтиш зарур.
Ривожланган мамлакатларда инновацияларни молиялаштириш ҳам давлат, ҳам хусусий манбалардан олиб борилади. Масалан, АҚШ да инновацион фаолият ва илмий ишланмаларни молиялаштириш механизми битимлар ва грантлар орқали, аммо қатъий давлат назорати остида амалга оширилади. Битим ва грантлар тизими АҚШ да инновацияларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади ва бу тизимни етарли даражада эгилувчан қилади. Бу корхоналарга инновациялар ва илмий-техник фаолият соҳасида устувор йўналишларни белгилайди. Шунингдек, федерал ҳукумат ҳиссасига барча молиявий ресурсларнинг 13.3% и, штатлар ҳукуматларига 30,3%, маҳаллий ҳокимият органларига 2,7, хусусий секторга 4,9, талабаларга 33,1% и тўғри келади. Яна олий мактаб бюджетига 15% маблағларни олий ўқув юртларининг ўзлари ўз фондлари ва даромадлари ҳисобига киритадилар. Ўзбекистонда ИТТКИ ни молиялаштиришда давлатнинг роли катта (1.3.2-жадвал).
Б угун модернизация инновацион иқтисодиётга асосланган жамиятни шакллантириш мақсадида технологик, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий укладли комплекс ўзгартириш сифатида кўриб чиқилмоқда. Ушбу ўзгаришлар ўтиш иқтисодиёти мамлакатлари иқтисодиётини модернизациялаш стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Иқтисодиётни модернизациялаш стратегияси қуйидаги муҳим элементлардан ташкил топади:
1. Ғарб технологияларини ўзлаштириш. Ривожланаётган мамлакатлар ривожланган мамлакатларга нисбатан ягона афзалликка – улар яратган институтлар, технологиялар ва хўжалик юритиш усулларини ўзлаштириш имкониятига эгадирлар. Ғарб мамлакатлари иқтисодий инқирозининг салбий натижаларини навбатдаги технологик янгиликлар ёрдамидагина енгиб ўтишлари мумкин. Ривожланаётган мамлакатлар учун эса ривожланган мамлакатлар томонидан яратилган самарали янги технологияларни иқтисодиётга кенг миқёсда жорий этиш имконияти пайдо бўлди.
2. Янги технологияларни ўзлаштириш бўйича мамлакат имкониятларининг ортиши. Янги технологияларни ўзлаштириш сиёсатининг муваффақияти янги ташқи ахборотларнинг аҳамиятини тушуна олиш, ўзлаштириш ва ундан бизнес мақсадида фойдаланиш қобилияти билан белгиланади. Ушбу қобилият етиб олувчи ривожланиш ва кейинчалик инновацион ривожланишга ўтишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур масалани ҳал этиш қуйидаги дастаклар ёрдамида амалга оширилади:
- янги технология ҳамда асбоб-ускуналар импортини тартибга солиш, лицензиялар сотиб олиш ва тариф сиёсати;
- тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини, қўшма корхоналарни шакллантириш ва жараённи тартибга солиш;
- аутсорсингни рағбатлантириш;
- жаҳон бозоридаги рақобат натижасида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг янги усулларини ўзлаштириш; -
хорижлик мутахассислар билан ўзаро алоқаларни жадаллаштириш: хорижда ўқитиш ва малака ошириш, хорижлик ўқитувчиларни таклиф этиш, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
- “ақл оқими” нинг четга чиқиб кетишини тўхтатиш, ғарбда таълим олган ёки тажрибали кадрларни мамлакатга қайтариш;
- патентлар сотиб олиш, юқори технологиялар, трансферт марказларини молиялаштиришни бевосита давлат томонидан қўллаб-қувватлаш сиёсати,
- йирик фирмаларда илмий-тадқиқот бўлимларини ривожлантиришни рағбатлантириш.
Иқтисодий ривожланишнинг инновацион йўли, фонд бозорининг самарали фаолияти ва кичик корхоналарнинг юқори фаоллигини тақозо этади.
3. Баланслашган “очиқлик сиёсати". Миллий иқтисодиёт учун жаҳон бозорига жалб этилганлик муҳим аҳамият касб этади. “Очиқликнинг” рационал даражаси ва тавсифини танлаш миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаб бериши мумкин.
4. Ички бозорга йўналтирилганлик. Ушбу сиёсат иқтисодиётнинг ёпиқлигини англатмайди, ғарб билан алоқаларни ривожлантирмасдан ва ташқи савдони рағбатлантирмасдан илғор технологияларни самарали ўзлаштириш мумкин эмас.
5. Олтин-валюта заҳираларининг ўрнини қайта кўриб чиқиш. Таҳлиллар кўрсатишича, барқарор иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичлари шароитида катта миқдордаги олтин-валюта заҳиралари ҳам мамлакатдан капитал чиқиб кетишининг олдини ола олмайди. Ғарб банкларига фоизлар заҳирада сақланаётган қимматбаҳо қоғозларнинг даромадлилигидан юқорироқ ставкаларда тўланган. Ушбу муаммонинг асосини валютага талабни юзага келтирувчи самарали модернизация лойиҳаларининг етарли эмаслиги ташкил этади.
6. Банк тизимининг самарадорлигини ошириш. Инновацияларга асосланган иқтисодиётда фонд бозорининг асосий функцияларидан бири – бу рискларни хеджирлаш(ҳимоялаш, суғурталаш) ҳисобланади. Бунинг учун кредитлашнинг ривожланган банк тизими зарур бўлади. “Бугунги кунда банк тизимидаги асосий муаммо – улар капиталининг асосий қисми, яъни 83 фоизи давлатга тегишли эканлигидир. Янги молиявий инструментларни жорий этиш ва облигациялар чиқариш орқали банк хизматлари кўламини янада кенгайтириш, илғор ахборот технологиялари асосида банк тизимини ривожлантириш зарур.
7. Солиқ сиёсати чоралари. Жаҳон бозорларида хом ашё нархининг пасайиши шароитида аҳолининг жамғаришга бўлган эҳтиёжи ортиб боради. Жамғармаларни кўпайтириш учун истеъмолни чеклашга қаратилган оммавий компания ва иқтисодий чоралар зарур. Уларга жисмоний шахсларнинг даромади ва мол-мулкига прогрессив солиқ жорий этиш, қимматбаҳо буюмларни сотишдан ундириладиган солиқларни, хориждан олиб келишда эса импорт тарифларини ошириш каби чораларни киритиш мумкин.
8. Ипотекани ривожлантириш. Ипотекани кредитлаш аҳолининг жамғариш жараёни ва иқтисодий ўсиш суръатларига сезиларли таъсир кўрсатади.
9. Фирмаларни эмас, балки лойиҳаларни яратиш ва қўллаб-қувватлаш: иқтисодий ўсишни интерактив бошқариш тизими. Иқтисодий назария иқтисодиётга давлат аралашувининг тўғри эканлигини тасдиқловчи қатор асосларга эга. Ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, жамият фаровонлигини молиялаштириш, жамиятдаги қарама-қаршиликларнинг мавжудлиги ва уларни ҳал этиш, бозор муносабатларини шакллантиришдаги муваффақиятсизликларни бартараф этишга йўналтирилган иқтисодий сиёсат, шулар жумласидандир. Иқтисодиётни модернизациялашда мувозанатлашган қарорлар қабул қилиш зарур. Демак, ўтиш иқтисодиёти мамлакатларида модернизациялаш жараёнида шаклланадиган мақсад ва унга эришиш шартлари мавжуд бўлиши лозим (1.3.3-жадвал).
Модернизацияга эришишнинг мақсадли ва дастакли кўрсаткичларини ўзаро таққослаш қуйидаги хулосаларга олиб келади. Энг аввало, модернизацияни амалга ошириш сиёсати қатор босқичлардан иборат бўлиши зарур. Биринчи босқичда институционал ислоҳотлар амалга оширилади. Ушбу босқичда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг тартиб-қоидалари келишилади ва ўзгаради. Иккинчи босқичда иқтисодий сиёсатнинг иқтисодий жараёнларга таъсир этишининг таъсирчан дастаклари танланади ва жорий этилади.
У шбу дастаклар институционал қайта куришлар асосини ташкил этади ва миллий иқтисодиётнинг халқаро рақобат, жаҳон инқирози каби ташқи омиллар таъсирига мослашишига хизмат қилади. Учинчи босқичда эса ижтимоий сиёсат амалга оширилади. Ушбу босқичда жамиятнинг алоҳида гуруҳлари манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни модернизация жараёнларига қўшиш учун шарт-шароитлар шакллантирилади.
Утиш иқтисодиёти мамлакатларида модернизация жараёнларини амалга оширишда ушбу мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ҳолати ва иқтисодий тизимининг ривожланиш хусусиятларини эътиборга олиш зарур.